Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»нинг 2025 йил биринчи ярмидаги ижроси ҳолати юзасидан

МАЪЛУМОТ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларнинг 2025 биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши юзасидан мониторинг натижаларига кўра қуйидагилар маълум қилинади:

1. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 78 бандидан 69 банди (88 %) тўлиқ бажарилди, 2 банд (3 %) назоратдан ечилди, 7 бандни (9 %) амалга ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

2. 2025 йил 1 ярим йилликда  Миллий стратегия доирасида 9 та қонун, 11 та Президент фармон ва қарорлари ҳамда 9 та Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

3. Йўл харитаси”нинг 4-банди ижросини таъминлаш доирасида 2025 йил ўтган даврида давлат органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик ва қийноққа қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Жумладан:

Миллий марказ, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги томонидан 2025 йил 8 февраль куни тасдиқланган режа асосида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”  мавзусидаги ўқув курсларини ўтказиш белгиланди. Режага мувофиқ 2025 йилда Жиззах (24–25 февраль), Сирдарё (26–27 февраль), Навоий (22–23 май) ҳамда Тошкент  (3-4 июль) вилоятларида миллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба”  мавзусида онлайн ва офлайн форматда ўқув курслари ташкил этилди. Ушбу ўқув курсларида ҳар бир ҳудуддан судьялар, ички ишлар, прокуратура тизимидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларининг жами 274 нафар ходим иштирок этди.

- 2025 йил 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида гибрид форматда уй-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида суд амалиётини такомиллаштириш, шу жумладан мажбурий кўчириш билан боғлиқ жиҳатларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Олий суд билан ҳамкорликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси кўмагида ташкил этилган тадбирда 50 нафардан ортиқ судья, жумладан, Олий суд, туман ва вилоят судлари вакиллари иштирок этди.

- 2025 йил 21-22 апрель кунлари Термиз шаҳри ва 24-25 апрель кунлари Фарғона шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва EХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координаторининг “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг барқарор ривожланишига кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тиббиёт ходимлари ва Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази суд-тиббий экспертлари учун “Истанбул протоколига мувофиқ қийноқлар ва шафқатсиз муомалаларни суд-тиббий ҳужжатлаштириш”мавзусида икки кунлик тренинг ўтказилди.

- 2025 йилнинг 29 апрелидан – 2 майигача Тошкент шаҳрида “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёт ва ҳисобот” мавзусида тўрт кунлик ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият юритаётган давлат органлари ва идоралари мутахассислари учун ўқув курси ташкил этилди.

Ўқув машғулотларида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга оширишда бевосита иштирок этаётган вазирлик ва идоралар вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мутахассисларидан иборат 27 нафар тингловчи иштирок этди.

4. “Йўл харитаси”нинг 6-бандини амалга ошириш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим, ахборот тарқатиш, ҳуқуқий маданиятни оширишда ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази — «Инсон ҳуқуқлари уйи» муҳим платформа вазифасини бажармоқда.

Хусусан, “Инсон ҳуқуқлари уйи”да ҳозирги кунга қадар жами 25 та турли мавзулардаги тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирлардан  5 таси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан янги чоп этилган адабиётларнинг тақдимоти,  5 таси китоблар тақдим этиш маросими, 4 таси инсон ҳуқуқларига оид ўқув машғулоти, 5 таси турли мавзуларга оид маҳорат дарси,  учрашув, давра суҳбати ва маънавий-маърифий тадбирлардир.

2025 йил биринчи ярмида “Инсон ҳуқуқлари уйи” томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётларни 4 та ахборот-кутубхона марказига,  2 та олий таълим муассасасига  ҳамда турли идора ва ташкилотларга жами 380 номдаги 1414 нусха инсон ҳуқуқларига оид адабиёт беғараз тақдим этилди.

Шунингдек, Миллий марказ томонидан 8 та конференция материаллари тўплами ва халқаро ҳужжатлар тўпламлари чоп этилди.

5. Йўл харитаси”нинг 24-банди ижросини таъминлаш доирасида  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жами 3 та тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирларнинг барчаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Ушбу тадбирлар 2 та давра суҳбати ва 1 та халқаро жамоатчилик маслаҳатлашуви шаклида ўтказилди.

Тадбирларда 150 дан ортиқ Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари вакиллари, БМТ тизимига кирувчи турли дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар, халқаро нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ваколатхоналари, шунингдек, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган хорижий экспертлар иштирок этди.

6. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати, шу жумладан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳужжатлар бажарилишини мониторинг қилишда жамоатчилик назорати ролини ошириш мақсадида давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари қарорларининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий мониторинг амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:

· 2025 йил 12-13 май кунлари “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қоидаларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режаси” белгиланган вазифага мувофиқ Бухоро вилоятидаги ҳудудларда ер участкаларини компенсация эвазига жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартибига риоя қилиш ҳамда аҳолининг етарли уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи масалалари бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан ташкил этилди.

Тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун ижроси ва фуқароларга тўлаб берилган компенсацияларга оид тегишли ҳужжатлар ўрганилди. Шунингдек, фуқароларни мажбурий кўчиришдан ҳимоялаш ва уларнинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш ҳолатини ўрганиш мақсадида ҳудудларда мониторинг ишлари олиб борилди.

· 2025 йил 23 май куни Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция қоидаларининг бажарилиши юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Оила ва хотиг қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги “Ўзбекистон” ва “Бунёдкор” маҳаллаларида аҳоли ўртасида оилада маиший зўравонлик ҳолатлари бўйича хабардорлик даражасини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ўтказилди.

Ушбу сўровнома ўтказилишидан мақсад Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларининг амалга оширилишидаги муаммоларни аниқлаш, уларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларни ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги даражасини ўрганишдир. Сўровномада қарийб 30 га яқин респондент иштирок этиб, турли масалаларга бағишланган 17 та саволдан иборат анкеталарни тўлдирди. Шунингдек, фуқароларнинг айни масалага ёндашуви таҳлил этилди ҳамда бу борадаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди.

7. Йўл харитаси”нинг 71-бандини амалга ошириш доирасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар ва уларнинг тузилмалари билан икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, улар билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва битимлар тузиш ишлари давом эттирилди.

2025 йил 21-22 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 51-сессияси бўлди. Сессия “Ислом ҳамкорлик ташкилоти дунё  ўзгариши шароитида” шиори остида ўтказилди.

Тадбирда ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ИҲТ раҳбарияти ва тузилмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот марказлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. Саммит давомида ИҲТ кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди, Истанбул декларацияси қабул қилинди.

Сессиянинг асосий натижаларидан бири 2025-2028 йилларга мўлжалланган муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг тўққиз нафар янги аъзоси сайлови ўтказилганидир. Овоз бериш натижаларига кўра, Ўзбекистон вакили уч йил муддатга ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясига аъзо этиб сайланди.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech