Энди 12 давлат фуқаролари учун АҚШга саёҳат қилиш тақиқланади. Бу чора Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддатида бошланган баҳсли “мусулмонларни тақиқлаш” сиёсати давоми сифатида баҳоланмоқда.
Янги қарорга кўра, Афғонистон, Мьянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман фуқароларининг АҚШга кириши қатъий тақиқланади. Шу билан бирга Бурунди, Куба, Лаос, Сьерра-Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла фуқароларига нисбатан ҳам қўшимча чекловлар жорий этилмоқда. Трамп шу ҳақдаги баёнотида: “Мен давлат ва халқ миллий хавфсизлиги ва манфаати ҳимояси учун ҳаракат қилишим керак”, – деб таъкидлаган.
Мазкур рўйхат 20 январь куни, Трамп инаугурациядан сўнг чиқарилган фармон асосида шакллантирилди. Ўша ҳужжат билан Давлат Котиби, Миллий хавфсизлик департаменти раҳбари ва Миллий разведка директори зиммасига айрим давлатлардан мамлакатга кириш хавфсизликка таҳдид солиш-солмаслигини таҳлил қилиш вазифаси юкланган.
Трамп 2017 йил январда чиқарган шунга ўхшаш фармонда ҳам мусулмон аҳолиси кўп Ироқ, Сурия, Эрон, Судан, Ливия, Сомали ва Яман фуқароларининг АҚШга кириши тақиқланган эди. Жиддий норозиликка сабаб бўлган, масалан аэропортларда намойишларга олиб келган ўша қарорнинг қайта кўриб чиқилган шаклини Олий суд 2018 йил маъқуллаган. Кейинги чекловлар Эрон, Сомали, Яман, Сурия, Ливия, Шимолий Корея фуқаролари ва Венесуэла давлат хизматчилари ҳамда уларнинг оила аъзоларини қамраб олган.
Трамп тарафдорлари мазкур сиёсатни хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳимоя қилиб, диний ёки миллий тарафкашликка асосланмаганини таъкидлаб келмоқда. Танқидчилар эса қарор инсон ҳуқуқига зид, деб ҳисоблайди.
К.Бекжонов, ЎзА
- Қўшилди: 11.06.2025
- Кўришлар: 465
- Чоп этиш