Икки жондош – ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ҳақида гап кетганда беихтиёр буюк шоир, мутафаккир Абдураҳмон Жомий ва Ҳазрат Алишер Навоий ўртасидаги самимий ҳамкорлик, устоз-шогирдлик, яқинлик ёдга олинади.
Дарҳақиқат, икки беназир зот ўртасидаги ҳамкорлик, руҳий якдиллик дўстликнинг чин маънодаги тантанаси ўлароқ асрлар оша ибрат бўлиб келади.
Ўзбек китобхонлари Ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг деярли барча асарлари билан яқиндан таниш. Унинг кўплаб ғазаллари, достонлари ўзбек тилига ўгирилган ва ўқувчилари меҳрини қозониб келади.
Яқинда Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг” – етти достондан иборат китоби, шунингдек, “Фотиҳат уш-шабоб”, “Воситат ул-иқд”, Хотимат ул-ҳаёт” девонларидан 16 та қасида, таркибанд, беш юз олти ғазал, рубоий, қитъа ва маснавийлари таниқли шоир Олимжон Бўриев таржимасида нашрдан чиқди.
Маълумки, Олимжон Бўриев узоқ йиллардан буён Абдураҳмон Жомий асарлари таржимаси билан шуғулланиб келади. Бу ҳақда мумтоз адабиётимиз билимдони, атоқли навоийшунос Азиз Қаюмов: “Абдураҳмон Жомийнинг “Ҳафт авранг”га кирган достонлари Олимжон Бўриев томонидан ўзбек тилига жуда сифатли – аслиятга мувофиқ соф ва тўғри ўгирилган. Олимжон Бўриевнинг бу таржималари нашр этилиб оммага тақдим этилиши Жомий ва Навоий тимсолида тожик ва ўзбек халқлари дўсту биродарлиги рамзи бўлгай. Бу халқларимиз ўртасидаги биродарлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга” деб ёзган эди.
Шоир ва таржимон Олимжон Бўриевнинг икки жилдлик ушбу китоби Абдураҳмон Жомий асарлари ихлосмандлари учун яна бир туҳфадир.
ЎзА
- Қўшилди: 14.05.2025
- Кўришлар: 659
- Чоп этиш