БМТ ҳисоботига кўра, Ғарбий ва Марказий Африкада 36 миллиондан ортиқ киши озиқ-овқат танқислигини бошдан кечиряпти.
Ижтимоий тенгсизлик ва қашшоқлик ҳали ҳам долзарб глобал муаммолар бўлиб қолмоқда. БМТнинг Россиядаги Ахборот маркази директори Владимир Кузнетсовнинг сўзларига кўра, Африка мамлакатларда ҳар олти сонияда очликдан бир бола вафот этмоқда.
«Қашшоқлик, озиқ-овқат хавфсизлиги. Африкада ҳануз ҳар олти сонияда очликдан бир бола вафот этади — бу даҳшат», — дейди Кузнетсов.
У, шунингдек, сунъий интеллект ривожланаётган бир пайтда Ер аҳолисининг 50 фоизи интернетга кира олмаслигига эътибор қаратди.
9 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эълон қилган ҳисоботда қайд этилишича, Ғарбий ва Марказий Африкада 36 миллиондан ортиқ киши озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда. Ҳосил яхши бўлмаган йилда 52 миллиондан ортиқ одам очлик хавфи остида қолиши мумкин.
2024 йил октябр ойи маълумотларига кўра, дунёда 733 миллион киши очликдан азият чекмоқда, уларнинг аксарияти Африка минтақасида яшайди. Дунёнинг 36 та давлатида тўйиб овқатланмаслик билан боғлиқ ҳолат «жиддий», олтитасида эса «ўта жиддий» дея таърифланган. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб беришга қуролли можаролар, хусусан, Судандаги фуқаролик уруши, глобал иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари таъсир кўрсатяпти.
Kun.uz
- Қўшилди: 15.05.2025
- Кўришлар: 1089
- Чоп этиш