Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Электр энергияси учун янги тариф жорий этилади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 1 майдан 200 kWhʼдан 500 kWhʼгача электр энергиясига 1000 сўмдан эмас, 800 сўмдан тўланади.
Қарор билан 201 kWh’дан 1000 kWh’гача бўлган дифференциаллашган тариф бўйича истеъмол миқдори орасига янги миқдор киритилмоқда. Яъни 2025 йил 1 майдан эътиборан аҳоли истеъмолчилари 201 kWh’дан 500 kWh’гача бўлган янги миқдор оралиғида ҳар бир kWh учун 800 сўмдан тўлайди (шу пайтгача 201 kWh’дан 1000 kWh’гача бўлган қисми учун 900 сўмдан ҳақ тўланган).
Бундан ташқари, қарор билан электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланмоқда.
Қайд этиш лозим, нархлар ҳар йили оширилиши ҳақидаги банд ҳукуматнинг ўтган йилги бошқа бир қарорига мувофиқ эмас. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 15 июндаги 337-сон қарори билан, 2026 йилдан 2035 йилгача бўлган даврда электр энергияси ва табиий газ учун тасдиқланган янги тарифлар киритилган тақдирда, бу тарифлар камида уч йил амал қилиши кўзда тутилганди.
Концертларда фонограммадан фойдаланиш чекланади
Бу ҳақда «Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарорида қайд этилган.
Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 майдан:
– давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади;
– концерт-томоша тадбирлари рекламаларида тегишлича «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали концерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим;
– Маданият вазирлиги томонидан ижодкорларни «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» давлат мукофотларига тавсия этишда, биринчи навбатда, уларнинг жонли ижро эта олиш қобилияти инобатга олинади.
Шунингдек, ҳужжатда ҳар чоракда республиканинг барча ҳудудларида «Жонли ижро ҳафталиги» ўтказилиши ҳам назарда тутилган.
Электромобиллар учун утилизация йиғими ошади
2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими оширилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида қайд этилган.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 майдан эътиборан, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун БҲМнинг 120 баравари (45 млн сўм) миқдорида утилизация йиғими ундирилади. Бу – амалдаги йиғим миқдори (30 БҲМ, 11 млн 250 минг сўм)дан 4 баробарга кўп.
Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган электромобиллар учун эса утилизация йиғими миқдори БҲМнинг 210 баравари (78,75 млн сўм) деб белгиланади. Бу – амалдаги йиғим миқдори (90 БҲМ, 33 млн 750 минг сўм)дан 2,3 баробарга кўп.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарорда белгиланган утилизация йиғимларини йиғиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади.
Қарорда ёзилишича, ҳужжат “мамлакатда яшил технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, электромобилларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган батареяларини атроф-муҳитга кескин зарар етказмаган ҳолда утилизация қилишни таъминлаш ҳамда соҳада маҳаллийлаштириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида” қабул қилинган.
Ушбу қарор 2025 йил 1 майдан эътиборан кучга киради.
“Тоза қўллар” дастури амалга оширилади
Президентнинг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида “Тоза қўллар” дастури амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, аҳоли, айниқса ёш авлод вакиллари томонидан санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида 2025 йил 1 майдан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи “Тоза қўллар” дастури амалга оширилади:
а) барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида:
- қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш;
- санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш, янги қурилаётган муассасаларда уларни бинонинг ички қисмида жойлаштириш;
- йил давомида биринчи навбатда қўл ювиш ва антисептик воситаларни харид қилишни назарда тутиш;
б) барча турдаги жамоат санитария-гигиена хоналари, умумий овқатланиш ташкилотларини санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш мажбуриятини киритиш.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биринчи даражали маблағ тақсимловчиларнинг асосланган ҳисоб-китобларига асосан 2025 йил давомида бюджет ташкилотларида мазкур банддаги тадбирлар учун зарур бўлган ҳолларда қўшимча маблағлар ажратади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ушбу бандда назарда тутилган муассасаларда санитария-гигиена ҳолатини сақлаш учун воситалар ажратиш бўйича нормативларни қайта кўриб чиқади ва уларнинг амалда бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатади.
Фармонда 2025 йил 1 майдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида қуйидаги йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳам тақиқланмоқда:
– асбест, цемент ишлаб чиқариш, шлам ва шлаклар;
– тери-кўнчилик, паррандачилик фабрикалари;
– самарадорлиги юқори бўлган чанг-газ тозалаш иншоотлари билан жиҳозланмаган ҳар қандай турдаги кўмир ёқиш;
– қора ва рангли металлургия заводлари, таркибида заҳарли аралашмалар бўлган ойна, заҳарли кимёвий моддалар билан ишлаш;
– хавфлилик даражасининг I ва II синфига мансуб чиқиндиларни қайта ишлаш ва ёқиш корхоналари;
Кам таъминланган оилаларга компенсация берилади
Кам таъминланган оилаларга электр ва газ тўловларида давлат компенсацияси жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг 2025 йил 2 апрелдаги тегишли қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ҳамда Камбағал оилалар реестрига киритилган, шунингдек, Реестрларга киритилмаган, бироқ моддий аҳволи бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмайдиган оилаларга:
- электр энергияси истеъмоли бўйича – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;
- табиий газ истеъмоли бўйича – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилади.
2025/2026 йилги иситиш мавсумида эса аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўшимча моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Реестрларга киритилган, шунингдек, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ ёрдамга муҳтож оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
Бунда «маҳалла еттилиги» томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда, боқувчисини йўқотган оилалар, аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар, ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар, узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар инобатга олинади.
Қўшимча равишда шакллантириладиган рўйхатдаги оилалар сони Реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.
Божсиз товар олиб кириш нормалари ўзгаради
2025 йил 1 майдан жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилади. Ҳукумат қарори билан самолёт ва поездда келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжи учун нотижорат мақсадларда республикага олиб кириладиган товарларнинг божсиз олиб кириш нормаларини пасайтирилмоқда.
Қарорга асосан божсиз товар олиб кириш нормалари 2025 йил 1 майдан эътиборан қуйидагича белгиланади:
- ҳаво транспортида – 1000 доллар (ҳозирда 2000 доллар);
- темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар (ҳозирда 1000 доллар);
- автомобил (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали – 300 доллар (ўзгаришсиз);
- халқаро курьерлик жўнатмалари орқали – бир ойда 200 доллар (ҳозирда бир чоракда 1000 доллар);
- халқаро почта жўнатмалари орқали – 100 доллар (ўзгаришсиз).
Белгиланишича, темирйўл ва дарё транспортида ҳамда автомобил ўтказиш пунктлари орқали нотижорат мақсадларда товарларни олиб кираётган шахс хорижий давлатда 2 кундан кам муддат бўлганда, ҳаво транспортида эса 3 кундан кам муддат бўлганда, божсиз олиб кириш нормалари қўлланмайди. Бунда ушбу товарларга божсиз олиб кириш нормасидан ортиқ деб қаралади ва товарларнинг тўлиқ қийматидан ягона божхона тўлови ундирилади.
Жисмоний шахслар томонидан қиймати 5000 АҚШ доллари эквивалентигача бўлган товарлар божхона декларациясини тақдим этмаган ҳолда республикадан олиб чиқилиши мумкин, экспорт божхона божи жорий этилган товарлар бундан мустасно.
Ҳужжат билан, шунингдек, импорт жараёнини расмийлаштиришда божхона қиймати ва миқдори алоҳида назоратга олинадиган товарлар рўйхати тасдиқланди. Рўйхатга 70 хил турдаги товарлар киритилган. Маиший техникалар, озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар ва пойабзалларнинг бир қатор турлари, тозалаш ва ювиш воситалари, ўйинчоқлар, шиналар, металл буюмлар шулар жумласидан.
Маҳсулотлар ва хизматларда «Ҳалол» белгиси пайдо бўлади
2025 йил 1 майдан Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат берилади. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида келтириб ўтилган.
Ҳужжат билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмитасининг маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш соҳасини тартибга солиш тўғрисидаги қуйидаги таклифларига розилик берилган:
- Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органларини ташкил этиш;
- Маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштиришда ҳамда уларга нисбатан талабларни белгилашда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) томонидан қабул қилинган ва расмий халқаро миқёсда эътироф этилган стандартларга устуворлик ҳуқуқини бериш;
- 2025 йил 1 майдан мазкур қарор ҳамда Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти стандартлари талаблари асосида сертификатлаштирилган маҳсулот ва хизматларни «Ҳалол» белгиси билан тамғалашга рухсат этиш.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Дин ишлари бўйича қўмита билан олти ой муддатда «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштириш органини халқаро тан олинган ташкилотларни жалб қилган ҳолда аккредитациядан ўтказиши белгиланган. Шунингдек, «Ҳалол» белгиси шакли ҳамда ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳа ишлаб чиқилиб, тасдиқланади.
Бошқа ўзгаришлар
2025 йил 1 майдан бошлаб:
- устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган банкларга ва улар ҳузуридаги инвестиция компанияларига аукционда сотилмасдан қарздорликларни сўндириш эвазига банк балансига олинган мол-мулкларни бозор қийматида тўғридан-тўғри сотишга, шу жумладан, кредит, бўлиб-бўлиб тўлаш, лизинг шартномалари ёки қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа битимлар орқали сотишга рухсат этилади;
- чегара божхона постларида “Fast-track” навбатсиз ўтиш хизмати йўлга қўйилади;
- тадбиркор ва қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциялари ўртасида шартнома тузилган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг қурилиш объектларида қисқа муддатли давлат қурилиш назорати тадбирлари шартнома шартлари доирасида амалга оширилади ва «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилмайди;
- минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими синов тариқасида ишга туширилади;
- республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг (ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундан мустасно) инсон ресурсларини бошқариш бўйича фаолияти давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи томонидан баҳолаб борилади;
- Фуқаролар йиғини раислари профессионал медиаторликка бепул ўқитилади. Профессионал медиаторликка ўқитилган фуқаролар йиғини раислари отанинг (онанинг) вояга етмаган фарзандлари учун ота-оналик ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ низолар бўйича медиаторлик фаолиятини бепул амалга оширади;
- ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди;
- хотин-қизларга «яшил лойиҳалар» ва IT соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишига, шунингдек, камида 5 нафар хотин-қизнинг тадбиркорлигини йўлга қўйишга кўмаклашган 1 минг нафар «устоз» тадбиркорларга 50 млн сўмгача грант ажратиш йўлга қўйилади;
- «Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш» автоматлаштирилган дастури натижаларига асосан солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш) ҳолатлари бўйича ўтказиладиган солиқ текширувларига текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш талаби татбиқ этилмайди;
- қурилишни бошлашдан фойдаланишга рухсатнома беришга қадар бўлган жараёнлар тўлиқ онлайн режимида «Шаффоф қурилиш» тизимида амалга оширилади;
- табиий ва сунъий сув ҳавзаларида фақат тезликни автоматик пасайтириш ускунаси билан жиҳозланган (ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соатдан ошмайдиган моторли қайиқлар бундан мустасно), GPS ускунаси ўрнатилган ҳамда миллий GPS мониторинг ва навигация тизимига уланган моторли ва электромоторли сув транспорти воситаларидан фойдаланишга рухсат этилади. Сув транспорти воситаларининг рухсат этилган ҳаракатланиш максимал тезлиги 40 км/соат, кемалар тўхташ жойлари ҳамда аҳоли турар жойлари чегараларида 20 км/соат, шунингдек, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойлари чегараларида 5 км/соат этиб белгиланади;
- 2031 йил 1 январгача креатив парк резидентларига солиқ имтиёзлари жорий этилади.
- Қўшилди: 30.04.2025
- Кўришлар: 63
- Чоп этиш