Гутерриш: Сўнги икки йил Ғазода Иккинчи жаҳон урушидан кейинги барча можароларга қараганда кўпроқ журналист ҳалок бўлган
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунё ҳамжамиятини Фаластин халқига ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини бериш орқали мустақиллик йўлида бирдамлик кўрсатишга чақирди.
Ҳар йили 29 ноябрда Фаластин халқи билан халқаро бирдамлик куни нишонланади. БМТ веб-сайтида мазкур сана муносабати билан эълон қилинган баёнотда Гутерриш жорий хотира куни “икки йиллик даҳшатли азоб-уқубатдан сўнг” келишини таъкидлади.
Афсуски, ҳозир ғазоликлар ўн минглаб марҳум қариндошлари, дўстлари учун қайғурмоқда. Вафот этганларнинг учдан бир қисми болалар. Минтақа очлик, касаллик ва жиддий жароҳат азоби билан курашмоқда. Мактаб, шифохона ва уйлар харобага айланган.
Бош котиб ҳалок бўлганлар орасида юзлаб инсонпарварлик ходимлари борлиги, уларнинг аксарияти БМТ мутахассислари эканини таъкидлаб, сўнгги икки йил Ғазода Иккинчи жаҳон урушидан кейинги барча можароларга қараганда кўпроқ журналист ҳалок бўлганини ҳам қўшимча қилди.
– Ушбу фожиа халқаро ҳамжамият ўнлаб йил давомида шакллантирган меъёр ва қонунларни синовдан ўтказди, – дейди Бош котиб. – Жуда кўп бегуноҳ аҳоли ҳалок бўлиши, одамлар қайта-қайта кўчирилиши, инсонпарварлик ёрдамига тўсқинлик қилинишини ҳеч қандай шароитда қабул қилиб бўлмайди. Ғазога “ҳаётни қутқарувчи гуманитар ёрдам” кенг кўламли кириши қўллаб-қувватланиши зарур. Сўнгги ўт очишни тўхтатиш қарори “умид чироғини ёқди” ва барча томонларни халқаро ҳуқуққа асосланган ечим устида яхши ният билан ишлаш, қабул қилинган қоидаларга қатъий риоя қилишга чақирди. Икки давлат қарорини амалга ошириш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайман. Фаластин ҳудуди ноқонуний босиб олинишини тугатиш, 1967 йилги чегаралар асосида тинчликка эришишни таъминлаш зарур. Фаластин халқининг қадр-қиммати, адолати ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақираман.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 2025 йил 10 октябрда ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилгандан сўнг Ғазога қарши икки йиллик ҳужумни тўхтатди. Можаро давомида 69 000 дан зиёд фаластинлик ҳалок бўлган, 170 000 дан кўп инсон яраланган. БМТ ҳисоб-китобига кўра, минтақани тиклаш учун тахминан 70 миллиард доллар керак. Ғарбий Соҳилда худди шу даврда 1076 фаластинлик ҳалок бўлиб, 10700 дан ортиғи яраланган, 20 500 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.
Гўзал Сатторова, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский