Ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдори 34 миллионгача этиб белгиланади

Солиқ кодекси ва “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Қонунчилик палатасининг мажлисида мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг қайд этишича, ижтимоий аҳамиятга молик фаолиятни оммалаштириш мақсадида ҳомийлик ташкилотлари томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га ёки “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар аъзоларига тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайрияларининг солиқ солинмайдиган миқдорини 34 млн. сўмгача этиб белгилаш назарда тутилмоқда. Амалда бу миқдор 15 млн. сўмни ташкил этган. Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини рўйхатдан ўтказиш учун ундириладиган давлат божининг белгиланган ставкасини 2 бараварга камайтириш белгиланмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг турмуш даражаси яхшиланишига, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишига ҳамда асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech