Иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлаш масаласига иш берувчилар нега “кўз юмиб” келган?
“Иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади” мазмунидаги хабарлар кўпайди. Бу норма қонунчиликка энди кирдими ёки илгари ҳам мавжуд эдими?
Аслида Меҳнат кодексида иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган. Аммо, бу механизм амалда деярли ишламаётган эди.
Хўш, қонунчиликка бундай ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш, ходимлар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш учун қандай ўзгартиришлар киритилди?
Ушбу савол билан Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаевга мурожаат қилдик.
– Меҳнат кодексининг 157-моддасида иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши белгиланган.
Яъни, ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш механизми аввал ҳам мавжуд эди. Унга кўра, ишчининг розилиги билан уни иш вақти тугаганидан сўнг ишда қолдириш мумкин. Яъни ҳар қандай ҳолатда ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб этиш ходимнинг розилиги билан амалга оширилиши керак.
Иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлигини эса йилига 120 соатдан ошириш мумкин эмас эди. Яъни, агар иш берувчи ҳар куни ходимни иш вақтидан ташқари 2 соат ишга жалб қилса, 120 соатлик чегирма 2,5 ойда тугайди. Кейинчалик ушбу ходимга мазкур тартибни қўллаш мумкин бўлмасди.
Кўриниб турибдики, ушбу нормалар бир-бирига мувофиқ келмайди. Шунинг учун ҳам шу пайтгача ушбу механизм тўлақонли ишламаган, яъни иш берувчилар бундан “кўз юмиш”ни афзал кўрган.
Масалан, 2024 йилда иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш бўйича 627 қонун бузилиши ҳолати аниқланган. Аслида эса ушбу қонун бузилиши бундан бир неча маротаба кўп бўлиши ҳам мумкин.
Ривожланган давлатлар тажрибасига кўра, (Италия, Финляндия, Франция) иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлиги 220 - 720 соат этиб белгиланган. Швеция, Бельгия ва Испания давлатлари тажрибасида эса ишнинг давомийлиги умуман чекланмаган.
Германия, Швеция, Бельгия, Испания ва Нидерландия каби мамлакатларда иш вақтидан ташқари иш учун ходимга тўланадиган ҳақ миқдори 1,25 дан 1,5 бараваргача этиб белгиланган.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 1-сонли конвенциясида иш вақтидан ташқари ишнинг муддати чекланган бўлиши лозим. Бундай ишнинг ҳар бир соати учун камида 1,25 баравар миқдорда ҳақ тўланиши кераклиги белгиланган.
Шуларни ҳисобга олиб, ушбу соҳадаги миллий қонунчилик такомиллаштирилди.
2025 йил 12 ноябрда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Меҳнат кодексида белгиланган иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлигини йилига 120 соатдан ошириш мумкин эмаслиги чеклови бекор қилинди.
Аниқроқ айтганда, Меҳнат кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, Меҳнат кодексида белгиланган иш вақтидан ташқари ишнинг давомийлигини йилига 120 соатдан ошириш мумкин эмаслиги чеклови бекор қилинди.
Иш вақтидан ташқари иш учун ҳақ тўлашда: бир кундаги биринчи икки соати учун камида бир ярим ҳисса миқдорида; икки соатдан ортиқ қисми учун камида икки ҳисса миқдорида; меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда эса – ҳар бир соати учун камида икки ҳисса миқдорида қўшимча ҳақ тўлаш белгиланди.
Бу ходимлар томонидан қўшимча даромад олишга имкон яратиш билан бирга, уларни норасмий равишда иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш ҳолатларини камайтиришга йўл очади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА
Ўзбекча
English
Русский