Каха Имнадзе: Термиз мулоқоти глобал беқарорлик шароитида минтақавий ҳамкорлик учун муҳим майдонга айланмоқда

Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган геосиёсий шароитда минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик мустаҳкам тинчлик, барқарор тараққиёт ва умумий фаровонликка эришишда ҳал қилувчи омилдир. Айниқса, Марказий ва Жанубий Осиё каби улкан салоҳиятга эга маконларнинг яқин ҳамкорлик йўлидан бориши, нафақат ушбу ҳудудлар ички тараққиёти, балки кенгроқ миқёсдаги минтақавий барқарорликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Шундай долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусидаги Термиз мулоқоти биринчи йиғилиши Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қадам, дейиш мумкин.

Ушбу муҳим халқаро анжуман муносабати билан ЎзА мухбири Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази (UNRCCA) раҳбари Каха Имнадзе билан суҳбат уюштирди.

– Жаноб, Имнадзе, сизнингча икки макро минтақа алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган Термиз мулоқотининг долзарблиги нимада?

– Мазкур халқаро йиғин минтақавий масалалар, иқлим ўзгариши оқибатлари ва молиявий бозорларнинг беқарорлиги билан ифодаланган глобал беқарорлик шароитида Марказий ва Жанубий Осиё – катта ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга минтақалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича қўшма ечимларни ишлаб чиқиш платформаси бўлиб хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

– Кўпчилик экспертлар фикрича, глобал инқироз шароитида минтақалар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, ҳамкорлик ва ишонч мамлакатлар хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлашнинг асосий таянчига айланиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан Марказий ва Жанубий Осиё шериклигини мустаҳкамлаш бугун қай даражада муҳим?

– Глобал инқироз ва дунёвий ўзаро боғлиқлик кучайиб бораётганини ҳисобга олиб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий омили ҳисобланади.

Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар умумий стратегик қарорлар ишлаб чиқишга ҳисса қўшади, мамлакатларга инфратузилмани ривожлантириш, энергетика ва савдо алоқалари соҳаларида тажриба алмашиш, маданий ва сиёсий мулоқотлар учун платформа яратиш имконини беради.

Қолаверса, яқин ҳамкорлик нафақат иқтисодий ўсиш, балки мамлакатлар ўртасида ишончни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.

– Маълумки, бугунги кунда Марказий Осиё юқори даражадаги бирлашиш, минтақавий масалаларга яхши қўшничилик руҳида ўзаро манфаатли ечим топишга тайёр ўзаро ишонч маконига айланмоқда. Шу нуқтаи назардан минтақамиздаги ижобий тенденциялар Жанубий Осиё давлатлари билан алоқаларни ривожлантиришга қай даражада ҳисса қўшади?

– Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишончни ошириш борасида сезиларли ютуқларга эришди. Бунинг ёрқин мисоли – Давлат раҳбарларининг ҳар йили ўтказиладиган Маслаҳат учрашувларида кенг кўламли масалалар муҳокама қилиниб, умумий позициялар ишлаб чиқилмоқда.

Янада мувофиқлаштирилган бундай ёндашув, шубҳасиз, бошқа минтақалар, жумладан Жанубий Осиё билан муносабатларни ривожлантиришда ижобий омил ҳисобланади.

– 2021 йил июль ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтди. 2022 йил БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш” махсус резолюцияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат икки минтақа ўртасида яқин ҳамкорлик қилиш учун концептуал асос яратди. Айтингчи, минтақалараро алоқаларни кенгайтиришнинг истиқболи ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ролини қандай кўрасиз?

– Қайд этиш керак, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2021 йил Тошкентда ташкил этилган Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро ҳамкорлиги бўйича конференция ва БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюцияси каби ташаббуслар асосида минтақалараро алоқаларни кенгайтириш истиқболи жуда ижобий кўринади. Шу нуқтаи назардан БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази Ўзбекистон ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Марказимиз ўша конференцияда фаол иштирок этди. Келажакда минтақада ишончни оширишга ҳисса қўшадиган Термиз мулоқоти ва бошқа ташаббусларга ҳам ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.

– Ҳудудлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилларидан бири иқтисодий ҳамкорликдир. Ўз навбатида, Марказий ва Жанубий Осиё жадал ривожланаётган бозор сифатида кўрилади.

2024 йил Марказий Осиёда минтақавий ЯИМ 519 миллиард долларни, Жанубий Осиёда 4,9 триллион долларни ташкил этади. Шу билан бирга, икки минтақада халқлар манфаатига хизмат қилувчи, ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд. Шу маънода ўзаро иқтисодий ҳамкорлик истиқболини қандай баҳолайсиз? Сизнингча, жараённи сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун қандай амалий қадамлар ташлаш керак?

– Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик минтақавий бозорларнинг жадал ўсиши ва фойдаланилмаган улкан иқтисодий ресурслар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда салмоқли салоҳиятга эга. Ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун қуйидаги қадамларни қўйиш зарур бўлади:

• Транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, бу савдо айланмасини яхшилаш имконини беради.

• Транзакция харажатини камайтириш учун савдо ва божхона тартибини уйғунлаштириш.

• Қўшма инфратузилма ва энергетика лойиҳаларига фаол сармоя жалб қилиш, рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш.

• Ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш ва солиқ тартибини соддалаштириш.

– Савдо-иқтисодий муносабатлар кенгайиши бевосита транспорт ва энергетика ўзаро боғлиқлигини ривожлантиришга боғлиқ. Бу борада минтақа давлатлари CASA-1000, TAPI, Трансафғон йўлаги каби икки минтақа ҳамкорлигини мустаҳкамловчи минтақалараро лойиҳаларни илгари сурмоқда. Сизнингча, бу лойиҳалар Марказий ва Жанубий Осиё учун қандай сиёсий ва иқтисодий имкониятлар яратади?

– CASA-1000 электр узатиш линияси, TAPI ва Трансафғон йўлаги каби лойиҳалар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида сиёсий ва иқтисодий интеграция учун кенг имкониятлар очиб, ортиқча электр энергиясини алмаштириш ва анъанавий энергия манбаларига боғлиқликни камайтириш орқали энергия хавфсизлигини оширишга ёрдам беради. Транспорт инфратузилмасини яхшилаш товар етказиб бериш вақтини қисқартиради, савдони рағбатлантиради, логистика харажатини камайтиради.

Шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини ривожлантиришга инвестиция жалб қилиш минтақалар иқтисодий ривожига, жаҳон бозорида рақобатбардошлик ошишига олиб келади.

– Марказий ва Жанубий Осиё ҳамкорлигини ривожлантиришда Афғонистоннинг ўрни, имконияти қандай?

– Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган ўзига хос геосиёсий мавқега эга бўлиб, мавжуд муаммоларга қарамай, минтақалараро алоқаларни ривожлантиришда транзит ва стратегик йўлак ролини бажара олади. 

Агар мамлакатда вазият барқарорлашса, инфратузилма яхшиланади, хавфсиз транспорт йўналишлари очилади, Афғонистонни жаҳон савдо ва энергетика тармоқларига интеграциялаш имконини беради. 

Бу ўз навбатида, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаб, мамлакатларни умумий ҳамкорлик тизимининг муҳим бўғинига айлантиради.

– Марказий ва Жанубий Осиё чорраҳасида жойлашган Термиз шаҳри қадимдан цивилизациялараро мулоқот маркази бўлиб келган. Бу заминда Буюк Ипак йўлининг савдо артериялари ўзаро боғланган. Бугун Термиз модернизация даврини бошидан кечирмоқда ва икки минтақани боғловчи кўприк вазифасини қайта тиклаб, сиёсий ва дипломатик фаолият марказига айланмоқда. Нима деб ўйлайсиз, Термизнинг бой тарихий-маданий мероси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кенгайтиришда ҳаракатлантирувчи омил бўла оладими?

– Термиз Буюк Ипак йўлидаги тарихий марказ сифатида ҳудудлараро интеграциянинг кучли механизмига айлана оладиган бой меросга эга. Шаҳарнинг маданий ва тарихий аҳамияти Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги мулоқот учун ижобий имиж яратишга хизмат қилмоқда.

Ўтган йил охирида Ҳаким Ат-Термизий мақбараси, “Файзатепа” мажмуаси ва Термиз археология музейига ташриф буюриб, илиқ таассуротлар олганим, ҳудуднинг тарихий аҳамиятини шахсан ҳис қилганимни алоҳида таъкидламоқчиман.

Ўткир Алимов суҳбатлашди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech