Янги Ўзбекистон даврида олиб ташланган тўсиқлар
Бобо-момоларимиз оғир, азобли ўтмишидан сўзлаб, яшаётган кунларга шукрона келтиришни кўп бора уқтирардики, уларнинг ҳаётий ҳикояларини эшитиб, турмуши нақадар қийин кечганини ич-ичимиздан ҳис қилардик.
Наҳотки, шундай замонлардан омон қолган бўлса, деган ўй-хаёллар билан одамзоднинг кучли ирода ва сабрга эга эканлигига амин бўлганмиз.
Ҳолбуки, келажак авлодлар бизнинг сабримизга қойил қолса арзигулик оғир кунларни яқин ўтмишда бошдан ўтказиб юборибмиз, десак ҳам муболаға бўлмайди.
Ҳали кўпчилик унутишга улгурмаган яқин ўтмишни ёдга оламиз.
Прописка
Бошқа ҳеч қайси давлатда кузатилмайдиган “прописка” тизими ташқаридан оддий кўрингани билан халқ бошига кўп қийинчиликларни олиб келди.
“Прописка” сабаб одамлар ўзларининг шахсий хонадонида бегона бўлиб, эшик қўнғироғи жирингласа очишга қўрқиб яшади. Қўрққанда ҳам ўғри ёки жиноятчилардан эмас, қонун ҳимоячиларидан қўрқиб яшади.
17 йил давомида ҳукмрон бўлган шу “прописка” тизими сабаб қанчадан-қанча ақлли бошлар давлат ишига ҳам кира олмасдан муҳожирликни танлади. Нафақат давлат ҳаттоки, хусусий ташкилотлар ҳам шу тақиқ сабаб билимли ёшларни ишга қабул қилиш имкониятдан мосуво бўлган.
Одамларнинг пойтахт Тошкентга интилишининг сабаби эса вилоятларда шароит ва иш йўқлиги эди. Яшаш учун ҳаёт бор деб қаралган пойтахтда эса “прописка” муаммоси қарши оларди. Ўша замонларда Тошкентда доимий рўйхатга ўтишдан кўра, ўзга давлат фуқаролигини олиш осонроқ бўлган. Имконини қилганлар шундай ҳам қилди.
Конвертация
Бугун ҳар қандай банк кассаларидан хоҳлаганча хорижий валюта харид қиляпмиз. Бу биз учун катта имконият десак, ёшлар ишонмаслиги турган гап. Вақтида конвертация деган балони ҳам кўрдик. Фақат саноқлигина амалдорга беҳисоб бойлик келтирадиган бу тизим ҳам оддий халқ имкониятини чеклаб қўйган эди. Ўзбекистонда тадбиркорларни ҳимоя қилиш “шиори” остида ўйлаб топилган “конвертация”га ҳам Янги Ўзбекистон даврида бутунлай барҳам берилди. Ўз вақтида уч тоифадаги нархлари банк ва қора бозор томонидан алоҳида белгиланадиган долларни бугун амалдор ҳам оддий халқ ҳам бир хил нархда, хоҳлаганча сотиб олмоқда.
Нақд пул
Ҳали ҳамон ёдимиздан чиқмаган, ишлаб маош олишдан кейинги энг катта муаммо – ойлик-маошни, пенсионерлар эса карталарига тушган нафақа пулини қандай қилиб нақд қилиш эди. Савдо асосан нақд пулга қилинар, нақд пул эса анқонинг уруғи эди.
Одамлар ўзларининг ҳалол маошини 20-30 фоизигача миқдоридан воз кечиш эвазига нақдлаштириб оларди ва шунга шукр қилиб, мушкулларини осон қилганларни дуо ҳам қиларди.
Бу ечими йўқ, жуда мушкул иш бўлса керак, деб ўйлардик. Аммо, кейинчалик ислоҳотлар шамоли бу жуда ҳам муаммо қиладиган иш эмаслигини кўрсатди. Тизим ўзгариши, рақамлаштириш нафсни – инсон омилини четга суриб қўйди. Нақд пулга эҳтиёж қолмади. Одамлар қимматли вақтларини ишлаб топган пулларини қоғоз пулга айлантиришдек бемаъни ташвишдан қутулди. АҚШ ёки Европада амал қилаётган, кўпчилик ҳавас қиладиган тизим биз учун ҳам оддий ҳолга айланди.
Бойларга ов
Тарихларда ўқиганимиз, ўтган асрнинг 37-йилларидаги қатағонларни ёдга солувчи қама-қамалар яқин ўтмишимизда ҳам такрорланди десак, хато бўлмайди. Янги Ўзбекистон давригача тадбиркорлик қилиш, бой бўлиш ёзилмаган қоидаларга асосан жиноят ҳисобланган. Озгина даромад орттирсангиз бас, топган бойлигингизнинг бир тийинигача ҳисоб беришингизга тўғри келарди. Тадбиркорлик қилиб бой бўлиш учун ҳукумат тепасидаги амалдор ёки амалдордан “танка” бўлиши шарт бўлган замонларда ҳам яшаб кўрдик. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда “столба”ни ҳам олиб бориб қамаш авжига чиққан даврларни ҳам бошдан кечирди бу халқ.
У тизимни кўрмаган ёшлар бу гапларга эҳтимол ишонмас, эҳтимол... Сабоқ, ибрат, осуда дамларнинг қадрига етиш учун кечаги аччиқ хотиралар унут бўлмаслиги учун “яшаши” керак, аммо болаларимиз, ортимиздан келаётган авлод қайтиб бу кунларни кўрмасин...
Пешона тери билан топган бойлигини ўзгалар билишидан ҳадиксирашлар бугун чин маънода ортда қолди. Бугун эса ҳар кимнинг изланиб, елиб-югуриб топгани ўзиники, ўзига буюрмоқда. Тадбиркорлар сони ортиб, бойлар кундан-кун бойимоқда. Бу эса давлатнинг бойиши билан бирга бу юртда фаровонлик ҳукмронлигидан далолат.
Чегаралар
Ёдимиздан кўтарилгани йўқ. Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон ва жон қўшнилар билан тил топа олмай алоқаларни деярли узган, юртимиз дарвозалари тамбаланган эди. Атрофимиздаги қон-қариндош қўшнилардан сунъий равишда душман ясаб айро яшаш эса 2017 йилгача давом этди.
Ўзаро қиз бериб, келин олган халқлар орасига қизил чизиқлар тортилиши асносида бир қориндан тушган ака-ука, опа-сингиллар ҳам йиллар мобайнида қўшни давлатларда бир бирининг дийдорига зор бўлиб яшаб келди.
Янги Ўзбекистон давридагина чегаралар очилиб, душман-душман ўйинларга ҳам барҳам берилди. Натижада эса қўшнилар билан борди-келдилар кўпайиб, ички ва ташқи туризм жонланди. Очиқлик ва бағрикенгликка асосланган ислоҳот бугун фақат ва фақат иқтисодий ривожланишга, мамлакат тараққиёти, юртимиз имижини юксалишига хизмат қилаётганини кўриб, ҳис қилиб турибмиз...
Ички чегаралар
Биз қўшни давлатлараро чегаралар ҳақида гапирдик. Ҳолбуки, бизда ички чегаралар ҳам мавжуд эди. Вилоятдан вилоятга ўтишда ҳам ҳужжат кўрсатиб, шахсимизни танитиб ўтганмиз. У кунларни кўрмаганлар учун ҳаттоки туманлар орасига ҳам постлар ўрнатилганлигини айтсангиз, лофчи ёки ёлғончига айланишингиз аниқ. Аммо шундай тартиб-тамойиллар ҳақиқатдан мавжуд бўлган.
Айниқса, водий томонларга боришга зарурат туғилса, бўлди, тиззангизда қалтироқ пайдо бўлиб, таваккал қилиб кетардингиз. Ўтиб, қайтишдаги текширувлар, шубҳали қарашлар, керакли-кераксиз саволлар... Назорат постларидан ўтганда елкангиздан тоғдек юкнинг ағдарилиши-ю, ўзингизни ўзга, бегона бир давлат ҳудудига кираётгандек ҳис қилишингизни тасаввур қилаверинг.
Янги Ўзбекистон сиёсати бюджетдан салмоқли пул ажратиладиган бу каби ортиқча чиқимларга барҳам бериш билан бирга одамларнинг асаб бузилиши ва сарсон бўлишига ҳам чек қўйди.
Олдинги сиёсатда қачонлардир шу каби қусурлар йўқ бўлишини хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз. Аммо, яратганга шукр, бугун бу тақиқ ва чекловлар тугатилган.
Сўз эркинлиги
Виждон амрига кўра, журналист сифатида тан олиб айтишимиз керакки, сўз эркинлиги даврида яшаяпмиз. Журналист бўлиб, ҳаттоки ўзимизнинг муаммомизни ҳам айтишга журъат тополмай яшаган вақтлар ҳам бўлди. Ҳақиқий цензурани биз кўрдик. У кунларни кўрмаган ёшлар бугунги сўз эркинлигининг қадрини билмаслиги тайин. Журналист фақат ўша давр тизимини олқишлаб, мақташ учун маош оларди. Танқид ҳақида ҳаттоки, ўйлаш ҳам мумкин эмасди. Бугун эса журналистика билан бирга блогосфера вакиллари ҳам эмин-эркин фаолият юритмоқда. Янги Ўзбекистонда журналистлар тайёрлаш учун алоҳида университет ҳам очилгани бу алоҳида мавзу...
Биз кўрган яқингинадаги ўтмишда эса журналист фақат сукут сақлаши, кўрганидан кўз юмиб яшаши шарт эди. Ижодкорларнинг хорижга чиқиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мабодо бир журналист четга чиқадиган бўлса, икки нафар Режим хизмати бирга бориб келган. Сабаби, ўша вақтдаги тизим ижодкорларнинг чет элда қолиб кетишидан хавфсирарди. Бугун хорижга чиқаётган журналистларда ўша жойларда қолиш имконияти бўлса ҳам Ватанга қайтишга ошиқади. Бу – ОАВ ходимлари ҳам Янги Ўзбекистонда яхши яшаётганидан далолат беради.
Хулоса
Янги Ўзбекистоннинг илк даврларида зудлик билан амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг баъзиларига мухтасар тўхталдик холос. Аслида эса бу қисқа давр ичида кўп ишлар ва хўп янгиликлар қилинди. Янгилик қилишдан ҳукумат ҳам чўчимаяпти. Олдин ўзгариш ва ислоҳот қилиш хатарли ҳисобланган бўлса, бугун эса акси. Олдингидай ислоҳотларга хавотир билан қараш ҳам ўзгарди.
Айтадиганларимиз интиҳосидаги хулосамиз шуки, одамлар эртасидан ҳам хавотир олмасдан, бугун яхши яшамоқда. Сўзимиз ибтидосида айтганимиз, оғир кунларни кўрган бобо-момоларимиз бекорга яхши кунларга шукр қилинглар, демас экан. Аслида, виждонан айтганда, мудом камчиликларни гапирадиган биз журналистлар ҳам бор ютуқларни ҳам айтмасак, кўрнамаклик бўлмасмикан?
Шукр қилиш улуғ неъмат. Борини мардларча тан олиб яшаш ҳам инсонийлик, ҳам фуқаролик бурчимиз.
Шерали Отабоев,
ЎзА
- Қўшилди: 25.07.2025
- Кўришлар: 596
- Чоп этиш