МАЪНАВИЙ ВА МАЪРИФИЙ СОВҒА

Мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомий бундан олти аср муқаддам таъкидлаганидек, “Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда”. Ҳақиқатдан ҳам, китоб – инсоннинг энг ишончли, садоқатли ва оқил дўсти, тафаккур махзанини бойитувчи ганж, даҳолар билан суҳбатлашиш имконини берувчи маънавий кўприк.

Кишиларни мутолаага ундаш, уларга китоб совға қилиш – ҳам хайрли, ҳам савобли амал. Ташкил этилганига салкам 27 йил тўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамиятнинг ҳуқуқий маданияти ва маънавий савиясини юксалтириш мақсадида илмий-оммабоп, маърифий ҳамда ҳуқуқий китоблар нашр этиб, беғараз тарқатиш билан мунтазам шуғулланиб келади.

Илмий, ҳуқуқий ва бадиий китоблар, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ муассислигидаги “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали янги сонларининг тўпламидан иборат навбатдаги маънавий-маърифий совға пойтахтимиздаги “Чинобод” санаторийси кутубхонасига тақдим этилди.

Совға қилинган китоблар мавзу жиҳатидан ранг-баранг. Улар орасида академик Акмал Саидов қаламига мансуб асарлар салмоқли ўрин эгаллайди. “Ҳазрат Занги ота”, “Иммануил Кантнинг фалсафий-ҳуқуқий мероси ва замонавий юриспруденция”, “Данте – юрист”, “Одам савдоси ва унга қарши курашиш: меҳнат миграциясидаги шахслар учун қисқача амалий қўлланма”, “Международное социал-демократическое движение: история и современность” каби китоблар шулар жумласидандир.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилидаги нашрлари, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил ҳамда талқин этилган китоблар совға қилингани ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Кутубхонамизга туҳфа этилган ушбу китоблардан аксариятини китоб дўконларидан топа олмаймиз, – дейди “Чинобод” санаторийси Маънавият ва маърифат кенгашининг масъул котиби Абдуваҳоб Тожиев. – Чунки бу китоблар, айниқса, инсон ҳуқуқларига оид нашрлар фақатгина Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда нашрга тайёрланади ва беғараз тарқатилади. Шунингдек, академик Акмал Саидовга ўз китобларидан совға қилганлари учун алоҳида миннатдорлик билдираман. Ушбу китоблардан ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг янги сонларидан санаторийда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда, давра суҳбатларида кенг фойдаланамиз. Сиҳатгоҳ ходимлари ва меҳмонларига уларни мутолаа қилишни тавсия этамиз.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги муносабати билан бу каби муҳим ҳуқуқий-сиёсий ва маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимиз бўйлаб изчил давом этмоқда.

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech