Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари мавзусидаги диссертация муҳокамаси бўлди

8 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи илмий кенгашнинг мажлиси ўтказилди. У мустақил тадқиқотчи Адҳам Шадмановнинг “Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларининг инсон қадри ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолияти” мавзусидаги диссертацияcи ҳимоясига бағишланди.

Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мажлислар залида офлайн, шунингдек, ZOOM платформаси орқали онлайн тарзда ташкил этилди. Муҳокамаларда мамлакат миқёсидаги машҳур олимлар ва етакчи илмий ходимлар, таниқли ҳуқуқшунослар ҳамда фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди.

Диссертациянинг асосий мазмуни Янги Ўзбекистон шароитида фуқаролик жамиятининг ривожланиши ва инсон ҳуқуқларининг муҳофазаси билан боғлиқ масалаларни ўзида қамраган. Илмий иш натижалари юртимизда ва халқаро майдонда фуқаролик жамиятининг тараққиёти ва инсон ҳуқуқлари муҳофазаси соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.

Мажлисда фуқаролик жамиятининг ривожланиши, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ва ҳимояси, шунингдек, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш истиқболлари ҳақида ҳам сўз борди. Муҳокамалар якунида А.Шадмановнинг диссертацияси ҳимоя қилинди ва илмий изланишлари ижобий баҳоланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқот ишларини фаоллаштириш ва бу соҳада изланиш олиб бораётган тадқиқотчиларга доимий кўмак кўрсатишга тайёрлиги қайд этилди. Ушбу илмий муҳокама юқори савияда ташкил этилишида кўрсатган ёрдами ва фаол иштироки учун барча мутахассисларга миннатдорчилик билдирилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech