Халқаро ижтимоий адолат куни

Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни (World day of Social Justice) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2009 йил 20 февралда эълон қилинган ва ҳар йилнинг айнан шу санасида кўп давлатларда нишонланади. Ушбу халқаро санада инсоният қашшоқликни тугатиш, одамларни тўлиқ бандлик ва муносиб меҳнат билан таъминлаш, жамиятдаги турли ижтимоий гуруҳлар, хусусан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни таъминлаш, шунингдек, барча учун ижтимоий фаровонлик ва ижтимоий адолатни қарор топтиришга эътибор қаратиши керак. Чунки ижтимоий адолат мамлакатлар ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам тинч ва фаровон яшашнинг асосий тамойилидир.

1995 йилда Даниянинг Копенгаген шаҳрида Ижтимоий ривожланиш бўйича Бутунжаҳон саммити бўлиб ўтди. Cаммит якунида Копенгаген декларацияси ва Ҳаракат дастури қабул қилинди. Саммитда қашшоқликни юмшатиш, тўлиқ бандлик йўлида ҳаракат қилиш ҳамда барқарор, хавфсиз ва адолатли жамиятлар яратишни ҳамкорлик дастурларининг марказига қўйишга келишиб олинди. Бутунжаҳон ижтимоий адолат кунининг пайдо бўлиш айнан ушбу саммитга бориб тақалади.

Нью-Йоркда БМТга аъзо давлатлар Ижтимоий ривожланиш комиссиясининг 2005 йилги сессиясида Копенгаген декларацияси ва Ҳаракат дастурини кўриб чиқдилар. Икки йил ўтиб, 2007 йил 26 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси 62-сессияда 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни сифатида нишонланишини эълон қилди. 2009 йил 20 февралдан бошлаб бу байрам ҳар йили ва кенг миқёсда нишонланадиган кун сифатида белгиланди.

Мамлакатимизда ушбу сананинг аҳамияти давлат ва ёшлар, ижтимоий шериклар, фуқаролик жамияти, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан қашшоқлик, гендер тенгсизлик, ишсизлик инсон ҳуқуқларига ҳурматсизлик ва ижтимоий бефарқлик каби долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартиришдир. Ижтимоий давлат деганда, ижтимоий соҳага устуворлик қаратиладиган, фуқароларнинг тенглиги, уларнинг турли табақаларга ажралишига йўл қўймайдиган, умумфаровонлик таъминланган жамият тушунилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда «Ижтимоий» сўзи 42 марта, «Адолат» сўзи 7 марта, «Ижтимоий адолат» сўзи 3 марта қўлланган. Конституциямизнинг Муқаддимасида Ўзбекистон ижтимоий адолат тамойилларига содиқлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат эканлиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Бош қомусимизнинг 14-моддасида «Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади» дейилган. Ушбу нормаларда эътибор қаратилган ижтимоий давлат ва ижтимоий адолат тушунчалари бугунги кунда жамиятимизнинг ҳаётида бевосита ўз аксини топмоқда. Хусусан, юртимизда ижтимоий адолатни илгари суриш, ижтимоий ҳимояга муҳтож турли гуруҳлар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш, меҳнаткашлар ҳуқуқини таъминлаш ва ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича ислоҳотлар халқаро стандартлар билан ҳамоҳанг тарзда амалга   оширилмоқда.

Шунингдек, «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг кучга кириши «Ижтимоий давлат» қуриш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилди.

Кучли ижтимоий давлатларда ижтимоий адолат тамойилининг негизида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини, хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни камситмаслик ва уларга жамиятнинг бошқа қатламлари билан тенг имкониятлар яратиш ғояси ётади. Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясини ратификация қилди. Шу тариқа мамлакатимизда ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан 2023 йил июль ойида ушбу Конвенция қоидаларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг дастлабки миллий ҳисоботи БМТнинг тегишли қўмитасига юборилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда эълон қилинган ижтимоий давлат тамойилларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқларини ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида 2023 йил 1 июнда қабул қилинган «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳозирда 6 та вазирликда (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими, Иқтисодиёт ва молия, Ички ишлар, Олий таълим, фан ва инновациялар) тарқоқ бўлган ижтимоий хизматларни босқичма-босқич бирлаштиради.

Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиб, уни изчил амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг улуши бутун меҳнат жамоасининг салмоқли қисмини ташкил қилмоқда. 

Агентлик сайтида эълон қилинган маълумотга қараганда,  2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Агентликнинг республика ташкилотлари, ҳудудий бўлинмалари ва тиббий-ижтимоий муассасаларида фаолият юритаётган ногиронлиги бўлган ходимлар сони – 294 нафарни ташкил этади. Шулардан 108 нафари аёллардир. Ҳудудлардаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларида 219 нафар ногиронлиги бўлган ходим фаолият олиб бормоқда. Шулардан 66 нафари аёл.

«Ижтимоий давлат» қуришнинг энг асосий шарти жамиятдаги турли гуруҳлар ўртасида ижтимоий адолатни таъминлаш, инсоннинг қайси ижтимоий гуруҳга мансублигидан қатъи назар, адолатли меҳнат шароити ва фаровон турмуш тарзини кафолатлаш эканлигини ҳисобга олсак, ҳали олдимизда амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўп. Бинобарин, яқинда жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган «Ўзбекистон-2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида 30 дан ортиқ банддаги вазифалар айнан ижтимоий соҳага йўналтирилганлиги ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

 

Нодирбек СУЛТОНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг Халқаро шартномаларни имплементация

қилиш бўлими етакчи мутахассиси

«ЖАМИЯТ» газетасининг 2024 йил 22 февраль кунги 8 (879)-сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech