28-АПРЕЛЬ БУТУНЖАҲОН МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ КУНИ !

Халқаро Меҳнат  Ташкилотининг  ташаббуси билан 2003 йилдан бошлаб 28 апрель “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” деб эълон қилиниб, ушбу кунда дунёнинг 120 дан ортиқ давлатларида дунё ҳамжамиятининг иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларга чалинишнинг олдини олиш ҳамда меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни янада кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилиниб, турли мавзуларда тадбирлар ўтказиб келинади.

Ўзбекистонда  ҳам  ходимлар (ҳар бир шахс) хавфсиз ва қулай, адолатли меҳнат шароитларида ишлашларининг ҳуқуқий асоси сифатида Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 42-моддасида мустаҳкамланиб қўйилган. Ушбу конституциявий кафолатни амалда рўёбга чиқарилишига қаратилган аниқ чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида,  «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда, бошқа бир қатор қонунлар ва қонун ости меъёрий ҳужжатларида белгиланган. Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитида меҳнат қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг энг асосий меҳнат ҳуқуқларидан бўлиб ҳисобланади. Меҳнат муҳофазасига оид талаблар ва стандартлар Меҳнат кодекси, «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талаблари асосида ишлаб чиқариладиган корхона ва ташкилотларнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, жамоа шартномалари, тармоқ ёки минтақавий жамоа келишувлари, корхоналарнинг бошқа ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида, муайян соҳа, касб, иш жойларига оид бўлган меҳнат муҳофазаси стандартларида белгилаб қўйилади.

Мулкчилик шакли ва хўжалик юритиш усулидан қатъи назар барча корхона, муассаса, ташкилотлар ўз ходимлари учун соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиши, хавфсизлик техникаси чораларини кўриши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизматларини ташкил этиши, бошқа ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириши шарт.

Меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя этилиши махсус давлат органлари ва жамоатчилик томонидан назорат қилиб борилади. Қонунларга, шу жумладан, меҳнат муҳофазасига оид қонунларга риоя этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар умумий назорат олиб боради.

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ривожланган давлатларининг  аксарияти инсон меҳнат фаолияти ва унинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратади. Жумладан; Германия, Италия, Франция, АҚШ, Япония каби давлатларда инсоннинг саломатлиги унинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ эканлигини инобатга олиниб, нафақат ходимлар балки инсонларни  соғлигини муҳофаза қилиш учун суғурта компанияларининг роли ҳам муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда халқаро ҳамжамият томонидан меҳнатни муҳофаза қилишда муҳим бўлган бир қатор халқаро ҳужжат ва конвенциялар қабул қилинган бўлиб, унда кўрсатилган талаблар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Меҳнат ва машғулотлар соҳасидаги камситишлар тўғрисидаги 111- сонли Женева конвенцияда  меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган жараёнларда ходимларни қўллаб-қувватлаш ва камситишларга йўл қўймаслик бўйича алоҳида моддалар келтирилган. Шунингдек, 1957 йилда мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-сонли конвенция қабул қилинган бўлиб, Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси зўраки ёки мажбурий меҳнатни тугатиш ва унинг ҳар қандай шаклларини ишлатмаслик ҳамда қуйидаги ҳаракатлар сифатида қўлламаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади:

а) амалдаги сиёсий, ижтимоий ёки иқтисодий тизимга зид сиёсий қарашлар, ёки мафкуравий эътиқодларнинг мавжудлиги ёки ифодаланиши учун сиёсий таъсир, ёки тарбия воситаси ёки жазо чораси сифатида;

б) иқтисодий тараққиёт эҳтиёжлари учун иш кучини сафарбар этиш ва ундан фойдаланиш усули сифатида;

в) меҳнат интизомини сақлаш чораси сифатида;

г) иш ташлаш ҳаракатларида қатнашганлик учун жазолаш чораси сифатида;

д) ирқий, ижтимоий, миллий мансублик ёки диний эътиқод белгилари бўйича камситиш чоралари сифатида.

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

 Жумладан; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 10 май куни 349-сон “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинган.

Мазкур қарорга кўра Ўзбекистон Республикаси конституцияси ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланганлигини инобатга олиб, мажбурий меҳнатни тақиқловчи бир қатор вазифалар давлат бошқарув органлари раҳбарларига қуйидагилар  белгилаб берилди:

  • фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва бунга чек қўйиш;
  • фуқароларни, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси, бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, талабалар ва таълим муассасалари ўқувчиларини мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланилиши;
  • автомобиль йўллари, ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчалар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш тақиқланди.
  • фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтириш, бу борадаги текширувлар самарадорлигини ошириш ва мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланганда эса айбдор шахсларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси зиммасига топширилди.

Ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, бирон-бир шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги нормалари амалга оширилишини назорат қилиш чораларини кучайтириш ишлари  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигигига юклатилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда:

  • давлат органлари, шу жумладан, маҳаллий давлат органларининг, айниқса, қишлоқ хўжалиги ишлари қизғин даврда ходимларнинг ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига риоя этилиши бўйича фаолияти юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш;
  • ўтказилган мониторинг якунлари бўйича фуқаролик жамияти институтларини жалб этган ҳолда, хусусан, ҳудудларда оммавий эшитувлар ташкил этилишини таъминлаш, бунда мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг ҳар бир ҳолати, келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида муҳокама қилиниши белгиланди.

 Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига:

  • жамоа шартномаси ва меҳнат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, хусусан, мажбурий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олиш борасида ташкилотлардаги касаба уюшмалари бошланғич бўғинларининг жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланган тақдирда улар тўғрисида прокуратура органларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмаларига зудлик билан маълум қилиш;
  • бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликда ушбу соҳадаги жамоатчилик назоратини фаоллаштириш.
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда:
  • фуқароларни мажбурий жамоат ишларига ноқонуний жалб қилиш ёки ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ваколатларини кенгайтириш, шу жумладан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назоратни кучайтиришга доир ваколатларини кенгайтириш белгилаб берилди.

Хулоса сифатида айтадиган бўлсак, меҳнат муҳофазаси долзарб аҳамиятга эга бўлган тадбирлардан бири ҳисобланади. Унинг долзарблиги инсон ҳаёти ва фаолияти билан бевосита боғлиқ эканлиги бизларга маълум. Шундай экан инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилиятининг сақланишига  қаратилган тадбирлар меҳнат муҳофазасининг асосий вазифаларидандир. Шу каби вазифаларни бажариш қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган бўлиб, ҳар бир корхона ва ташкилотлар томонидан меҳнат жараёнида қўлланиладиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техник, санитаргигиена, даволаш-профилактика чора-тадбилари амалга оширилиб борилади. Меҳнатни муҳофаза қилишда ва унга қаратилган тадбирларда фаоллигимизни ўрнатилган тартиб қоидаларга амал қилишимиз билан кўрсатишимиз лозим бўлади.

 

Ҳамидулло Мўминов,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази “Инсон ҳуқуқлари уйи” масъул ходими

"Ishonch" газетасининг 2024 йил 27 апрелдаги 52 - сони

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech