ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ВА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ВАТАНПАРВАРЛИК

Бугунги кунда бутун инсоният мураккаб ва оғир, қалтис ва таҳликали, ноаниқ ва омонат бир муҳитда яшамоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Жаҳонда нималар бўлаётганини сиёсатдан узоқ одам ҳам биляпти”.

Чиндан ҳам, дунёда юзага келаётган муаммолар кўп, аммо уларнинг ечимлари йўқ. Халқаро майдонда мувозанат бузилди. Халқаро ҳуқуққа риоя этилмаяпти, аксинча, бу борада “янгича”, яъни номақбул тартиб-таомилларни қўллашгача борилмоқда.

Сайёрамиз миқёсидаги беқарорлик шу даражага етдики, ҳатто бир-бирини яқин-яқинларгача дўсту ҳамкор ҳисоблаб келган давлатлар ўртасидаги ишончга ҳам путур етмоқда. Давлатимиз раҳбари ташвиш билан қайд этганларидек, эртага дунёдаги бу нотинчлик кўлами қаергача кенгайишини, афсуски, ҳеч ким билмайди.

Ушбу очиқ ва аччиқ мулоҳазалардан барчамиз сабоқ чиқаришимиз, аниқ хулосаларга келишимиз шарт. Бугун ер юзида содир бўлаётган турли нотинчликлар, биринчидан, ана шу воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва лоқайд бўлмасдан, халқаро майдонда огоҳ, ҳушёр ва сергак тарзда фаолият олиб боришимизни тақозо этса, иккинчидан, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиёти, Ватанимиз тинчлиги ва ободлиги, халқимиз бахти ва фаровонлигини таъминлашга, бу йўлда жамиятимизни бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва бунёдкорликка чорлайди. Энг муҳими — бу ҳар биримизни конституциявий ватанпарвар бўлишга ундайди.

 

Конституциявий ватанпарварлик нима?

Бу саволга мамлакатимизда бўлиб ўтган конституциявий ислоҳотлар мисолида жавоб бериш мумкин.

Конституциявий ватанпарварлик — бу ташаббускорлик, дахлдорлик, масъулият, Конституция ва қонунларга итоаткорлик, конституциявий маданият ва конституциявий эътиқод, садоқат ва жасорат.

Конституциявий ватанпарварлик, бир томондан, халқимизни том маънода жипслаштирадиган муҳим омил, иккинчи томондан, мамлакатимизда фуқаро ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг ўзига хос ҳуқуқий гаровидир. Қолаверса, бутун дунё тобора глобаллашиб бораётган ҳозирги таҳликали шароитда конституциявий ватанпарварлик миллий ўзлигимизни англашни кучайтириш, Ватанимиз, халқимиз, миллатимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшадиган салмоқли улушини янада ошириш имкониятини беради.

Маълумки, ҳуқуқий давлатчилик сари интилган ҳар қандай демократик жамиятда Конституция устувор аҳамият касб этади. Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида башар аҳли кашф этган энг муҳим ҳуқуқий қадриятлардан биридир.

Конституция ўз-ўзича, яъни алоҳида, жамиятдан ажралган ҳолда мавжуд бўлиши мумкин эмас. Демакки, Конституцияни догма, яъни қотиб қолган нормалар йиғиндиси деб бўлмайди. Бешинчи  Франция Республикасининг асосчиси генерал Шарль Андре де Голль таъбири билан айтганда, “Конституция бемалол ўзгартирилиши мумкин. Уни мўмиёдек қотириб қўйиш керак эмас”.

Конституция — доимо ҳаракатдаги муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат. Яъни, у ҳаёт жўшқинлиги ва ўзгаришларини ўзида яққол акс этиради. Ҳозирги кунда конституциявий ватанпарварликни шакллантириш – устувор вазифа.

Шу маънода, бир томондан, Ҳаракатлар стратегияси Янги Ўзбекистоннинг конституциявий қиёфасига асос бўлиб хизмат қилган бўлса, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш вазифасини кун тартибига қўйди.

 

Зарурият, ташаббус, дахлдорлик ва масъулият

2021 йилги Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф — конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди.

Энг муҳими, ушбу ташаббус айнан сайловчилар, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлар фаоллари — мамлакат аҳолисининг турли қатламлари вакиллари томонидан илгари сурилди. Бу эса Президентимизнинг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги демократик ислоҳотлар сиёсати кенг қўллаб-қувватланаётганидан,  сайловчилар ислоҳотлар тарафдори эканлигидан, уларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдорлигидан далолатдир. Қолаверса, бу ташаббус 2021 йилда эркин ва демократик, очиқ ва ошкора, соғлом рақобат ва сиёсий кураш муҳитида бўлиб ўтган Президент сайлови том маънода мамлакатимиз ўзи танланган демократик барқарор тараққиёт йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини исботлаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашларининг 2022 йил 20 май куни бўлиб ўтган қўшма мажлисида мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишга оид чораларни кўриш масалалари муҳокама қилинди. Сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини чуқур ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Президенти конституциявий ислоҳотлар заруриятига алоҳида урғу берди.

Шу муносабат билан мутахассислар олдига конституциявий ривожланишда миллий, хорижий ва халқаро тажрибани ўрганиш вазифаси қўйилди. Депутат ва сенаторлардан ушбу масалага эътибор билан ёндашиб, уни ўрганиш ва аниқ таклифларни ишлаб чиқиш сўралди.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида Конституцияни янгилашдек ғоят муҳим, стратегик вазифани ҳал этишда биз етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама маслаҳатлашган ҳолда, юртимиз ва жаҳондаги илғор конституциявий тажрибаларни чуқур ўрганиб, аниқ қарор қабул қилишимиз зарурлигига эътиборни қаратди. Президентимиз сайловчиларнинг амри ва хоҳиш-истакларига, тез суръатга эга демократик ўзгаришлар эҳтиёжларига асосланган конституциявий ислоҳотларнинг 9 та устувор йўналишини белгилаб берди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатлами конституциявий ислоҳотларнинг асосий ташаббускори бўлиб майдонга чиққан бўлса, юртбошимиз конституциявий ислоҳотларнинг бош ғоявий илҳомлантирувчисига айланди. Яъни, халқимиз ва Президентимиз конституциявий ислоҳотлар ташаббуси билан чиқиб, чинакам конституциявий ватанпарварлик намунасини кўрсатди.

Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди.

Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидаги алоҳида бир фасл  айнан “Конституциявий ислоҳотлар — Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги объектив зарурат”, деб номланган. Унда сайловолди учрашувлари пайтида халқ билан мулоқот жараёнида ўртага ташланган муҳим таклиф ва ташаббуслар, бугунги тараққиётимиз ва истиқбол режаларига оид хулосалар ўз аксини топган.  Конституциявий ислоҳотларнинг зарурати асослаб берилган, айни ислоҳотларни амалга оширишнинг туб сабаблари ва мақсадлари бирма-бир санаб ўтилган. Китобда қайд этилганидек, “Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топаётган, адолатли ва халқпарвар давлат барпо этишда муҳим аҳамият касб этадиган вазифаларни амалга ошириш учун, аввало, янги конституциявий макон ҳамда янада мустаҳкам қонунчилик базаси керак бўлиши табиийдир”.

Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 1 май куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси референдуми якуний натижаларига бағишланган мажлиси ва шу мавзудаги брифингда  қайд этилганидек, референдумда сайловчилар ягона электрон рўйхатига 19 миллион 722 минг 809 нафар овоз берувчи фуқаролар киритилган. Референдумга қўйилган масала бўйича “ҳа” деб жавоб берганлар сони 15 миллион 34 минг 608 нафарни ташкил этган.

Бошқача айтганда, конституциявий ислоҳотларни натижадорлик билан якунлаш борасида Ўзбекистон халқи ва Президенти ўзларининг Ватанимиз тақдирига бирдек дахлдорлигини — руҳи бедорлиги ва қалби уйғоқлигини намоён этди. Бу ҳам конституциявий ватанпарварликнинг ўзига хос ёрқин намунасидир.

Қонунни қабул қилиш — ишнинг ярми, унинг ижросини ташкил этиш ва таъминлаш қолган ярмидир, дейдилар. Бу нақл Конституцияга ҳам тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқи номидан “ваколатли вакиллари тимсолида”, яъни парламент аъзолари — Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли равишда, 2023 йил 30 апрель куни мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳририни “ягона Ўзбекистон халқи” бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда унинг мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги, тўғридан-тўғри амал қилиши, бутун мамлакат ҳудудида ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.

 

Ўзбекистон Президенти — Янги Ўзбекистон Конституциясининг кафили

Референдумдан бир ҳафта ўтиб, 2023 йил 8 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Ушбу тарихий ҳужжат янги таҳрирдаги Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.

Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”.

Бундан ташқари, Президентимиз 2024 йил 2 февралда “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Унга мувофиқ, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тасдиқланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделини тўлиқ амалга оширишга киришилди.

 Сўнгги йилларда Миллат Сардори ташаббуси билан Янги Ўзбекистоннинг учта стратегик дастури ишлаб чиқилди. Булар — 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясидир. Биринчиси тўла бажарилган ва қолган иккитаси ҳаётга теран татбиқ этилаётган ушбу дастуриламал стратегиялар янги таҳрирдаги Конституциямизда эълон қилинган ҳуқуқ ва эркинликлар, ваколат ва кафолатларни том маънода рўёбга чиқаришга қаратилган.

Буларнинг барчаси, Ўзбекистон Президентининг ўз конституциявий вазифа ва ваколатларига ниҳоятда улкан масъулият билан ёндашаётганини тасдиқлайди. Бу ҳам, албатта, юксак конституциявий ватанпарварлик тимсолидир.

 

Конституциявий маданиятни шакллантириш — давр талаби

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ҳар қандай қонун аввало уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик касб этади. Конституциянинг нормаларини ҳам айнан ана шу онгли итоаткорлик ҳаракатга келтиради.

Бу, авваламбор, мансабдор шахсларнинг ҳам, фуқароларнинг ҳам Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юксак ҳуқуқий маданият бўлмас экан, Конституциянинг бой салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш мумкин эмас. Аммо, Конституцияни билишнинг ўзи билан ҳам кифояланиб бўлмайди. Шу боис жамиятда конституциявий маданиятни шакллантириш устувор аҳамият касб этади.

Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий таъкидлаганидек, билим яхши хулқ-атвор билан безатилган бўлиши лозим. Демак, ҳуқуқий билим ва конституциявий хулқ-атворни ўзаро мужассам этган ҳолда, Конституция нормалари ҳар бир шахс ва бутун жамият ҳаётига чуқур татбиқ этилиши даркор.

Бинобарин, Конституция — давлат ҳокимияти олий органлари тизимини, уларни ташкил этиш тартиби ва ваколатларини белгилаб берадиган ҳамда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлайдиган  шунчаки бир низом эмас. Конституция — алоҳида ҳуқуқий мақомга эга олий даражадаги ҳужжат, жамият ва давлат ўртасидаги ўзига хос ноёб жамоатчилик шартномасидир. Чунки фуқаролар айнан шу Асосий қонун негизида тегишли давлат органларига ҳокимиятни бошқариш ваколатини ишониб топширадилар.

Конституция ажралмас ижтимоий қадриятларни, очиқ, адолатли, демократик жамият учун таянч бўлиб хизмат қиладиган ғояларни, шунингдек, давлатни тараққий эттиришнинг устувор мақсадларини ўзида ифода этади. Конституциявий маданиятни ривожлантириш негизи бўлган ана шу конституциявий воситалар, яъни конституциявий қоидаларни атрофлича ўрганиш ҳамда теран тафаккур қилиш орқали инсон ўзлигини қайта кашф этади.

Бу ўринда ИНСОНнинг Конституцияда кафолатланган ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ва мажбуриятларининг том маънодаги эгаси сифатида намоён бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Зеро, конституциявий ватанпарварлик худди шу асосда шаклланади ва айни ҳуқуқий фазилат инсон камолотининг ёрқин кўрсткичларидандир.

 

Конституциявий эътиқод — ватанпарварлик асоси

Конституциявий ватанпарварлик тушунчасининг туб мазмун-моҳияти шуки, бунда фуқаролар ўз Ватани ва халқини, унинг тарихи, маданияти, азалий қадриятлари ва ҳуқуқий анъаналарини фақат севиш ҳамда ҳурмат қилиш билангина чекланиб қолмайди, балки зиммасидаги конституциявий мажбуриятларни ҳалоллик ва улкан масъулият билан адо этиш орқали Конституцияда қайд этилган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилади.

Бевосита амалдаги ҳуқуқий ҳужжат сифатида Конституциянинг ҳар бир қоидаси, сўзи ҳамма учун амалий ҳаракатлар дастури бўлиши зарур. Конституцияни ҳаётга татбиқ этиш нафақат давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг вазифаси, балки ҳар бир фуқаро ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний бурчидир. Конституция талабларини бажариш, уларга сўзсиз ва қатъий риоя қилиш ҳар бир инсоннинг эътиқодига айланмоғи лозим.

Конституциявий ватанпарварлик билан ҳуқуқий маданият тарғиботи узвий боғлиқликда, шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий маърифати, тарбияси ва таълимини кучайтириш йўли билан олиб борилиши айни муддаодир. Бу жараёнда оилалар, мактаб, маҳалла, жамият ва давлатнинг саъй-ҳаракатларини фақат конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни ўрганиш доираси билан чеклаб қўймасдан, аксинча, конституциявий бурч ва мажбуриятлар, Конституция ва қонунлар ижроси бўйича юридик жавобгарлик ва масъулиятга оид билимларни, юксак ахлоқ-одобни тарбиялашга қаратилган маънавий қадриятларни ўзлаштиришга ҳам йўналтириш тақозо этилади.

Асосий қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг аҳолига атрофлича шарҳлаб ва тушунтириб бориш давр талабидир.

 

Конституциявий ватанпарварлик — садоқат ва жасорат

Аксрият ҳолларда ушбу икки муҳим тушунча ўта тор доирада талқин қилинади. Яъни, “садоқат” сўзи маиший мазмунда қанчалик кўп қўлланилса, “жасорат” сўзининг ҳарбийларга хос атама сифатида қабул қилиниши ҳолатлари шунчалик кўп учрайди.

Бу, ўз навбатида, садоқат фақат оилавий муносабатларда бўлиши, жасорат эса ҳарбийлар томонидангина кўрсатилиши кифоя, деган тор тушунчани келтириб чиқаради. Бундай ёндашув мутлақо нотўғри, янада ёмони, зиёнкордир. Аслида, агар “садоқат” сўзининг маъноси ва тарихига назар солинса, Алишер Навоий ҳазратлари ўз асарларида уни рост гапирувчи, тўғри айтувчи, вафодор каби турли маъноларда қўллагани кўринади. Бу тушунчанинг ҳозирги замонга хос мазмуни “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да дўстлик, бирдамлик, самимийлик сўзлари билан изоҳланган. “Жасорат” сўзи – мардлик, қўрқмаслик, шижоат, қаҳрамонлик, ботирлик, довюраклик маъноларини беради.

Мухтасар айтганда, “садоқат” ва “жасорат” тушунчаларининг маъно қамровлари ниҳоятда кенг ва салмоқли. Бу фикрни янги таҳрирдаги Конституциямиз матни билан узвий боғлиқликда ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, Асосий қонун Муқаддимасида “инсон  ҳуқуқ  ва  эркинликларига,  миллий  ва  умуминсоний  қадриятларга,  давлат суверенитети принципларига содиқлигимизни тантанали равишда эълон қилиб”, деган жумла бор. Яъни “содиқлигимизни” сўзи ишлатилган ушбу иборада халқимиз мазкур Конституцияни қабул қилишда миллий ва умуминсоний қадриятларга бирдек садоқат билан таянганлигига оид устувор қадриятга аҳамият қаратилган.

Шундай экан, янги таҳрирдаги Конституция нормаларини ҳаётимизга теран татбиқ этиш учун ҳар биримиздан, албатта бемисл садоқат ва жасорат кўрсатиш талаб этилади. Улуғ аллома аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг “Ҳар доим қўлинг – ишда, қалбинг – Оллоҳда бўлсин!”, деган пурҳикмат насиҳати замирида ҳам, аслида, айнан садоқат ва жасоратга, бугунги давр тили билан айтганда, конституциявий ватанпарварликка даъват ўз ифодасини топган.

Хулоса ўрнида муҳтарам Президентимизнинг яқинда кенг жамоатчилик билан мулоқотида айтган — конституциявий ватанпарварликнинг юксак намунаси бўлган мана бу оташин ва ҳаққоний сўзларини келтираман:

“Мен умримни шу халққа тикканман!

Худо менга соғлиқ бериб, умр берса, бизда камбағаллик ва ишсизлик бўлмайди. Нимага десангиз, бунга мен етти йил умримни тикдим.

Тизим яратдим, қонун яратдим, дунёни очиб бердим.

Халқим яхши яшасин, ниятлари амалга ошсин, болалари бахтли бўлсин, неваралари соғлом туғилсин, мактаби ишласин, йўллари равон бўлсин деб ишга келдим”.

 

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 30 апрель кунги 83 (8706)-сони

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech