Қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича тўрт кунлик тренинг бошланди

30 апрель куни Тошкент вилоятида “Нельсон Мандела қоидалари” халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш” мавзусида мутахассисларни тайёрлаш бўйича тўрт кунлик ўқув курсининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўқув курси 2023-2024 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида ўтказилмоқда. Тренингдан мақсад – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги жазони ижро этиш муассасалари вакилларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништиришдан иборат.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида таъкидлаганидек, “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир”. Тренинг давлатимиз раҳбарининг ана шу қатъий талабларини амалда татбиқ этиш учун ўтказилмоқда.

Тренинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Андреа Хубер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти подполковниги Бурхонхўжа Акромов сўзга чиқди.

А.Саидов Янги Ўзбекистонда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг олдини олиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Бугунги кунда шафқатсиз муомала ва қийноқларнинг тақиқланиши инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларда ҳам, дунё давлатларининг миллий қонунчилигида ҳам эътироф этилган. Хусусан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, ҳеч  ким  қийноққа  солиниши,  зўравонликка,  бошқа  шафқатсиз,  ғайриинсоний  ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.

Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш учун зарур қонунчилик ва институционал, таълим ва мониторинг асослари яратилган. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини назорат қилиш тизими шакллантирилган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмлари, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ва изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ҳақда фикр юритганда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Нельсон Мандела қоидалари ЕХҲТ билан ҳамкорликда ўзбек тилига таржима қилингани ва чоп этилганини қайд этиш лозим. Қолаверса, ҳар йили Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти ходимлари ва бошқа масъуллар учун «Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари» мавзусида амалий машғулотлар ўтказиб  келинмоқда.

Тренинг доирасида Нельсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига эътибор қаратилади. Тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантириш масаласи алоҳида диққат марказида бўлади.

Ўз навбатида, ЕХҲТ ДИИҲБ Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Андреа Хубер бугунги кунда маҳкумларнинг жамиятга қайта интеграциялашувини қўллаб-қувватлаш айни жараёнда амалий ва мақсадли фаолият билан шуғулланадиган шахсларнинг масъулияти, билими ва кўникмасига боғлиқлигини таъкидлади. Шу маънода, Нельсон Мандела қоидалари маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантиришда энг яхши қўлланмалардан бири ҳисобланади.

Антти Карттунен ўз нутқи аввалида бугунги тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўзаро ҳамкорликда ўтказиб келаётган тадбирларнинг давоми эканига эътиборни қаратди. А.Карттунен бу борадаги яқин ҳамкорлик учун чуқур миннатдорчилик билдирар экан, Ўзбекистонда қийноққа қарши қурашиш, маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти подполковниги Б.Акромовнинг маърузалари тингланди. Маърузачилар, жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил июнь ойидаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ва уни бажариш бўйича “Йўл харитаси”да ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгиланганини қайд этдилар.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси томонидан тренингга жалб қилинган инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлар Азамат Шамбилов ва Аннет Варман тадбир иштирокчиларига бу борадаги илғор тажриба ва кўникмалар бўйича фойдали ҳамда қизиқарли маълумотларни тақдим этдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech