18 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффар Мамасиддиқов имзоладилар.
Ушбу Меморандум давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжлари учун юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, олий таълимдан кейинги таълим шаклида юридик фанлар тармоғи бўйича илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш соҳасини янада ривожлантириш йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Томонлар юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш йўналишларида, шунингдек, ўзаро ҳамкорликда ташкил этиладиган турли тадбирларда инсон ҳуқуқлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор беради.
Ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросимида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ вакиллари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, курсантлари, ҳарбий хизматчилар, малака ошириш курси тингловчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.04.2025
- Кўришлар: 435
- Чоп этиш