Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий ҳимоя кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”га кўра, лойиҳада:
- ижтимоий таъминотга тааллуқли барча нормаларни ягона ҳужжатда тизимга солиш;
- фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини тизимга солиш;
- ижтимоий таъминот принциплари ва тушунчаларини мустаҳкамлаш;
- ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш;
- аҳолининг ижтимоий фаровонлиги индексини жорий қилиш масалаларини мустаҳкамлаш назарда тутилади.
Бунда, халқаро стандартлар ва хорижий тажрибани ўрганиш асосида тегишли таклифлар ишлаб чиқилади.
Ижтимоий ҳимояга доир амалдаги қонунчилик мақбуллаштирилади ҳамда тўғридан тўғри амал қилувчи Ижтимоий ҳимоя кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.
Умумлаштирилган натижалар асосида Ўзбекистон Республикасининг Ижтимоий ҳимоя кодекси лойиҳаси белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда унинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мўлжалланган.
Бунда, бизнес ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси қабул қилинади.
Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича доимий мониторинг ўрнатилади. Мониторинг натижалари юзасидан умумлаштирилган маълумот Олий Мажлис палаталари, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасига тақдим этилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.04.2025
- Кўришлар: 112
- Чоп этиш