Россия иқтисодиёт университетининг Тошкентдаги филиали ташкил топганига 30 йил тўлди

29 апрель куни Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида шу муносабат билан тантанали тадбир ўтказилди.

Мазкур олий ўқув юрти Ўзбекистонда очилган илк хорижий университет бўлиб, бугунги кунда мамлакатимиздаги етакчи таълим ва илм-маърифат марказларидан бири ҳисобланади. Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали 30 йил ичида рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш учун мустаҳкам платформага айланди.

Ушбу олий таълим масканида  ўтган даврда минглаб юқори малакали мутахассислар етишиб чиқди. Улар иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишламоқда ва  тадбиркорлик ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Юбилей доирасидаги энг муҳим воқеалардан бири – бу ерда  сунъий интеллект соҳасидаги илғор муҳандислик мактаби очилди. Шунингдек, 29–30 апрель кунлари “Иқтисодиётда сунъий интеллект: банк-молия соҳаси таҳлили” мавзусида давра суҳбати, ИКТ соҳасида ёш мутахассислар учун рақамли кўникмаларни шакллантириш бўйича маҳорат дарси ўтказилади.

Бундан ташқари, “Рақамли иқтисодиётнинг глобал экотизимлари: таълимдаги янги трендлар ва замонавий чақириқлар” мавзусида илмий конференция бўлиб ўтади. Ушбу анжуманлар «Рақамли муҳит» лойиҳаси доирасидаги таълим аудиториялари ва марказлар тақдимотига уланиб кетади.

Филиал олимларининг илмий ютуқлари ва яқинда чоп этилган китоблар кўргазмаси, “Биржа-эксперт” ва “Иқтисодиёт ва муҳандислик” илмий-оммабоп журналларининг махсус сонлари тақдимоти ташкил этилади. Мазкур даврий нашрларда етакчи олимлар, тизим раҳбарлари, иш берувчилар ва машҳур битирувчиларнинг мақолалари чоп этилган.

Раҳбарлик лавозимларида муваффақиятли фаолият юритаётган битирувчилар билан учрашувлар, шахмат мусобақалари, ёшлар ташаббуслари доирасида турли интерактив тадбирлар ўтказилади. Соҳа экспертларининг маърузалари тингланади.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Константин Могилевский, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали директори, академик Қаландар Абдураҳмонов сўзга чиқди. 

Тадбирда, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, академик Акмал Саидов иштирок этди.

Маълумки, академик А.Саидов кўп йиллардан буён Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали талабалари билан мунтазам учрашиб келади. Таниқли олим ушбу олий таълим маскани олимлари билан ҳамкорликда тайёрланган бир қатор илмий нашрларнинг ҳаммуаллифи ҳам ҳисобланади. Академик А.Саидов 2023 йилда ушбу нуфузли олий ўқув юртининг "Фахрий профессори" унвони билан тақдирланган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech