Ўзбекистон делегацияси сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро конференцияда иштирок этмоқда

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида "Сунъий интеллект ва инсон ҳуқуқлари: имкониятлар, хавф-хатарлар ва ёрқин келажак тасаввури" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Унда дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатидан келган делегациялар, жумладан Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Халқаро анжуман ишида, жумладан, ҳукуматлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, халқаро ташкилотлар, академик тузилмалар, хусусий сектор вакиллари, шунингдек, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳаси экспертлари қатнашмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматининг хабар беришича, анжуман давомида Ўзбекистон делегацияси раҳбари – марказ директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси аъзоси Акмал Саидов сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш соҳасидаги миллий тажриба ҳақида тўхталди. У инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва ахлоқий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда cунъий интеллект технологияларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, А.Саидов Ўзбекистонда 2030 йилгача сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича Миллий стратегия тасдиқлангани, унда техник устувор вазифалар билан бир қаторда рақамли трансформациянинг ижтимоий ва ахлоқий жиҳатларига ҳам эътибор қаратилганини қайд этди. Янги иш ўринлари яратишга, таълим тизимини қўллаб-қувватлашга ва аҳолининг рақамли саводхонлигини оширишга ёрдам берадиган сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқиш ушбу Стратегиянинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатда IT-компетенциялар ва рақамли кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган миллий дастурлар фаол амалга оширилмоқда. Шунингдек, сунъий интеллект тўғрисидаги қонун биринчи ўқишда қабул қилинган, бу эса Янги Ўзбекистонда жадал технологик ривожланиш шароитида ҳуқуқий базани шакллантиришга интилиш кучли эканидан далолат беради.

Ўзбекистон делегациясининг айни Форумдаги иштироки, бир томондан, мамлакатнинг глобал инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги фаол иштирокини англатади. Иккинчи томондан, бу иштирок давлатимизнинг халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги, очиқлик тамойилларини илгари суриш ва инклюзив рақамли экотизимни яратишга қаратилган изчил ташқи сиёсат стратегиясини ҳам акс эттиради. Ўзбекистон томони сунъий интеллектни ахлоқий тартибга солиш, давлат институтларини рақамли трансформация қилиш ва жадал рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги миллий тажриба ва ишланмаларни тақдим этиш ниятида.

Конференция доирасида кенг кўламли мавзуларни муҳокама қилиш режалаштирилган. Жумладан, рақамли маконда шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш; сунъий интеллектнинг демократик жараёнларга таъсири, фикр билдириш эркинлиги ва ахборотдан фойдаланиш имконияти; мудофаа ва разведка технологиялари контекстида рақамли хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилади.

Конференция бугун сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича тавсияларни ўз ичига олган Якуний ҳужжатни қабул қилиш билан якунланади.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech