Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 113-сессияси доирасида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни муносабати билан махсус конференция ўтказилди.
Тадбирда Халқаро меҳнат конференциясида иштирок этаётган 187 давлат орасида қисқа вақт мобайнида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берган давлат сифатида Ўзбекистон тажрибаси намойиш қилинди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кучли сиёсий иродаси ҳамда шахсий ташаббуси билан ушбу иллатга қарши кўрилаётган қатъий амалий чоралар ўзининг ижобий натижасини бераётгани таъкидланди.

Конференцияда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия раиси Танзила Норбоева “Болалар меҳнатига барҳам беришда Ўзбекистон тажрибаси” мавзусида маъруза қилди.
Мамлакатимизнинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга нисбатан кескин позицияси ҳамда халқаро ҳужжатлар, шу жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий конвенциялари ва 29-сонли Конвенцияга Баённома ратификация қилингани соҳага оид ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлганини таъкидлади.
Янги таҳрирдаги Конституция ва Меҳнат кодекси эса болалар меҳнатига тамоман чек қўйишга қаратилгани, ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш эса инсон қадрини юксалтиришга қаратилган давлат сиёсатининг марказидан жой олгани қайд этилди.
Конференция ишида мамлакатимизда Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияларини ратификация қилиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, институционал асосларни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Халқаро иш берувчилар Конфедерацияси, ЮНИСЕФ ҳамда Филиппин, Марокаш, Чили, Германия, Бразилия ҳукумати вакиллари маъруза билан иштирок этди.
Экспертлар бугунги кунда Ўзбекистон тажрибаси болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши кураш олиб бораётган давлатлар учун модель бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 12.06.2025
- Кўришлар: 223
- Чоп этиш