4 июнь – Халқаро тажовуз қурбонлари бўлган бегуноҳ болалар куни
Ҳар йили 4 июнь куни дунё бўйлаб Халқаро тажовуз қурбонлари бўлган бегуноҳ болалар куни (International Day of Innocent Children Victims of Aggression) нишонланади. Бу сана 1982 йилда БМТ Бош Aссамблеяси томонидан жорий етилган бўлиб, унинг мақсади қуролли можаролар, зўравонлик, одам савдоси ва бошқа турдаги тажовузлар қурбонига айланган болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир. Ушбу куннинг белгиланишига Исроил-Фаластин можароси чоғида кўплаб бегуноҳ болаларнинг ҳалок бўлиши асос бўлган. Шундан бери бу сана дунёнинг турли бурчакларида қуролли можаро, терроризм, одам савдоси, мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация ва бошқа инсон ҳуқуқларига зид ҳолатлардан азият чекаётган болаларнинг тақдирига эътибор қаратадиган муҳим кун сифатида нишонланиб келинмоқда.
Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, уруш, зўравонлик ёки бошқа экстремал ҳолатлар таъсирида улғайган болалар кўп ҳолларда руҳий-психологик травмаларга учрайди. Улар орасида травмадан кейинги стресс синдроми (Post-Traumatic Stress Disorder), депрессия, хавотир бузилишлари ва ижтимоий изоляция ҳолатлари кенг тарқалган. Шунингдек, бундай тажовузлар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини, соғлом ривожланишини ва келажакдаги ижтимоий фаоллигини жиддий даражада чеклайди. БМТ ҳисоботларига кўра, ҳар йили минглаб болалар турли қуролли можаролар ва зўравонлик ҳаракатларидан жабр кўрмоқда. Бу эса глобал миқёсда болаларни ҳимоя қилишга доир аниқ механизмлар зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистонда ушбу куннинг ўрни ва аҳамияти
Ўзбекистон Республикаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида халқаро меъёрларга амал қилган ҳолда, қатор муҳим ҳужжатлар ва дастурларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Хусусан, мамлакатимиз Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги минтақасида биринчилардан бўлиб “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни 1992 йил 9 декабрь куни ратификация қилган бўлиб, шундан бери болаларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ҳимоясини таъминлаш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. 2008 йилда Ўзбекистон парламенти томонидан “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Ушбу қонуннинг 1-моддасида бола тушунчасига таъриф берилган. Яъни, унга кўра, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бўлган шахс бола ҳисобланади. Бола ҳуқуқлари – болага нисбатан инсон ҳуқуқлари тоифаси, ирқи, жинси, тили, дини, туғилган жойи, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши, мулкийлиги, ижтимоий мавқеидан қатъий назар, ҳар бир бола эга бўлиши керак бўлган ҳуқуқ ва эркинликдир, халқаро ҳуқуқда 18 ёшга етмаганларнинг барчаси бола деб тан олинади.
Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро ҳужжатларни ва шу асосда қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлашда босқичма-босқич, тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон болалар манфаатларига қаратилган давлат сиёсатини амалга оширар экан, “ҳеч бир бола эътибордан четда қолмайди” тамойилига амал қилмоқда.
«Инсон қадри учун» ғояси ҳамда “ҳеч кимни орқада қолдирмаслик” тамойилига мувофиқ ўтказилган конституциявий ислоҳотлар доирасида мамлакатимиз Асосий қонунига боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги илғор нормалар киритилди, миллий қонунчилик бола ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга тўла-тўкис мувофиқлаштирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлатнинг мажбуриятлари кенгайтирилди.
Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлашга доир 40 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, улар асосида болаларнинг маънавий, интеллектуал, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашишнинг ҳуқуқий механизми яратилди. Қабул қилинаётган қонунлар “Боланинг энг яхши манфаатлари” принципини ҳаётга жорий қилишга қаратилмоқда.
2020 йил 22 июнда тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясининг қатор бандлари бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилди. Унда болалар ҳимоясига бағишланган устувор йўналишлар ва болалар манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқий мақоми ва фаолиятини такомиллаштириш белгиланди.
Шу ўринда таъкидлашимиз жоизки, болалар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш ва кафолатлаш янги Конституцияда мустаҳкамланиши, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг яққол исботидир. Жумладан, Бош қомусимизнинг 44-моддасига асосан болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан таълим олишга тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланди.
Шунингдек, илк бор Конституциянинг 50-моддасида таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланиши алоҳида мустаҳкамланди. Энг муҳими. янги Конституцияга Оила, болалар, Ёшлар деб номланган янги боб киритилиб, унда болаларнинг мақоми янада кучайтирилди.
Хусусан, Бош қомусимизнинг 77-модасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунга қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Мазкур моддада давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминланиши ҳам белгилаб қўйилган.
2023 йил 12 апрелда қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиб, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари татбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилди.
Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек, болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича муҳим қадамлар ташланди. Хусусан, жорий йилнинг 14 ноябрь куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Қонун билан болаларга нисбатан зўравонлик шаклларига берилган таърифлар сони учтадан (жисмоний, жинсий, психологик) олтитагача (ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация, буллинг) кенгайтирилмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Сенатининг Парламент сайловидан кейинги илк йиғилишида Давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратган масалалардан бири – ёш авлод ҳимояси бўлди. Президентимиз жамиятда болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари кузатилаётганини таъкидлаб, бундай миллий қадриятларимизга зид иллатларга қарши муросасиз кураш олиб бориш зарурлигини қатъий белгилаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу масалани шахсан ўз назоратига олиши – Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг яққол ифодасидир."
Ўзбекистон Ҳукумати олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати доирасида 2019-2021 йилларда Сурия, Ироқ ва Афғонистон мамлакатлари ҳудудидан Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш бўйича бешта махсус операция амалга оширилди. «Меҳр» деб номланган ана шу операциялар натижасида Ўзбекистонга «қайноқ нуқта»лардан жами 531 нафар фуқаро олиб келинди, шулардан 379 нафарини – болалар ташкил этди.
Болаларни уруш ва зўравонликдан ҳимояланганлигини таъминлашда Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорлик сиёсатининг асосий тамойилларидан бири бўлиб, бу борадаги ёндашув болаларни соғлом ва хавфсиз муҳитда вояга етказишга хизмат қилмоқда.
Оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари ва нодавлат ташкилотлар ушбу сана муносабати билан болаларга қарши тажовузни қораловчи маърифий ва тарбиявий тадбирларни ташкил этади. Бу эса жамиятда болага нисбатан меҳр, ғамхўрлик ва масъулиятни оширишга хизмат қилади. 4 июнь санаси – бу нафақат бегуноҳ болалар бошидан кечираётган фожиаларни ёдга олиш куни, балки ҳар бир жамият, ҳар бир давлат ва ҳар бир инсоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги масъулиятини англаш кунидир. Бугунги кунда жамиятимизда мавжуд ҳар бир бола – бу келажакнинг пойдевори. Уларнинг тинч, хавфсиз ва бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш ва уларга шароит яратиш нафақат инсонийлик бурчимиз, балки барқарор ривожланиш кафолатидир.
Ҳамидулла Мўминов
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
«Ishonch» газетасининг 2025 йил 12 июнь кунги 73 (5137)-сони
- Қўшилди: 12.06.2025
- Кўришлар: 263
- Чоп этиш