Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида битирувчи курсантларга диплом ва лейтенант ҳарбий унвонини топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Ботир Қудратхўжаев сўзга чиқиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат қилиш ҳар бир йигит учун шарафли касб экани, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, инсонлар ҳаётини турли табиий офатлардан, техноген авариялардан қутқариш, асраш энг катта савобли амаллардан бирилигини қайд этди. Битирувчиларга диплом ва лейтенант ҳарбий унвони генераллар, академик ва бошқа масъуллар томонидан тантанали равишда топширилди.

Сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этди.


— Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз, — дейди битирувчи лейтенант Шуҳрат Йўлдошев. – Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлиғини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак. Биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз.

— Бугун фарзандим Суҳроб офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, — деди Санжар Худойбердиев. — Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилганим учун бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган ва шу руҳда вояга етган. Ишонаманки, фарзандларим жонажон Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга бор куч ва шижоатларини сафарбар этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА
- Қўшилди: 16.06.2025
- Кўришлар: 418
- Чоп этиш