Жорий йилнинг 29 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида "Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси" мавзусида ҳуқуқий коллоквиум бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькованинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, Татьяна Москалькова раҳбарлигидаги Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили делегацияси аъзоларини ва бошқа иштирокчиларни самимий қутлади. Ушбу ҳуқуқий коллоквиум жорий йилда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги ва БМТ ташкил этилганининг 80 йиллиги, шунингдек, EХҲТнинг Хельсинки битими 50 йиллиги нишонланаётган муҳим даврда ўтказилаётгани билан ғоят аҳамиятли эканини таъкидлади. Шунингдек, 30 июль санаси бутун дунёда – Халқаро дўстлик куни ҳисобланса, мамлакатимизда Халқлар дўстлиги куни сифатида кенг нишонланади.
Иккинчи жаҳон урушида жуда катта йўқотишлар эвазига ғалаба қозонилди ва инсоният тарихидаги энг қонли бу уруш дунёнинг барча бурчакларида бутун инсониятга тасвирлаш қийин бўлган қайғу-алам келтирди, деди А.Саидов. Урушнинг оғир йилларида халқларимиз бир-бирига ёрдам қўлини чўзди, ғам-ташвиш ва қувончларни баҳам кўрди, инсониятнинг адолатли ишига улкан ҳисса қўшди.
Бугунги куннинг муаммолари – иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, тариф урушлари, ноқонуний миграция, ижтимоий тенгсизлик каби масалалар кучларни бирлаштириш зарурлигини тақозо этмоқда. Фақат биргаликда ҳаракат қилсаккина бу таҳдидларга самарали қарши тура оламиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори қайд этганидек, халқаро вазият тобора мураккаблашиб, беқарорлик даражаси ошиб бораётган ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимининг мажбурий унсурларига айланган. Бунда ушбу институтларнинг ҳақиқий кучи ва самарадорлиги уларнинг ҳуқуқий мақомига бевосита боғлиқ эканлиги сир эмас.
Бугунги кунда дунёнинг 150 та давлатида қарийб 200 та инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт ташкил этилган. Шунингдек, 140 та мамлакатда 1 мингдан ортиқ омбудсман институтлари фаолият юритмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, барча мамлакатлар учун ягона миллий институт модели мавжуд эмас. Ҳар бир мамлакат бошқа давлатлар тажрибасидан фойдаланиши мумкин, бинобарин, бундай институтлар миллий ҳамда маҳаллий маданий ва ҳуқуқий анъаналарни инобатга олган ҳолда ташкил этилади.
Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини яратди. Бу тизимга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тажрибаси халқаро ҳамжамият ва илмий доиралар томонидан ижобий баҳоланиб, турли мамлакатларда ўрганиш учун қизиқиш уйғотмоқда. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг 56-моддасида белгиланганидек, "Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ва инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтиришга кўмаклашади. Давлат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини ташкил этиш учун зарур шарт-шароитлар яратади".
Шундан сўнг асосий маъруза учун сўз навбати Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москальковага берилди.
Татьяна Москалькова Миллий марказ раҳбариятига ҳуқуқий коллоквиумда маъруза билан иштирок этиш имконияти яратилгани учун миннатдорчилик билдирар экан, инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик институти Россия Федерациясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг ёш ва жадал ривожланаётган демократик институтларидан бири эканлигига эътиборни қаратди.
Маълумот учун: Профессор, Россия Федерациясининг хизмат кўрсатган юристи Т.Москалькова 2016 йилда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозимига сайланган. У РСФСР Олий Кенгаши Президиумининг афв этиш бўлими ходимидан – то милиция генерал-майори ва парламент депутати даражасигача бўлган йўлни босиб ўтган.
Бугунги кунда Татьяна Николаевна Россия Федерациясининг амалдаги икки босқичли давлат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш меъморларидан бири ҳисобланади. Унинг ташаббуси билан минтақавий омбудсманларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини таъминлайдиган қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, у омбудсман хизматининг доимий малакасини ошириш тизимига илмий-ташкилий асос яратди, унинг ташаббуси билан Инсон ҳуқуқлари бўйича илмий-таълим маркази ўз фаолиятини бошлади.
Татьяна Николаевнанинг шахсий ташаббуслари туфайли Евроосиё Омбудсманлар Иттифоқи изчил фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, МДҲ иштирокчи давлатлари уни яқинда ташкил этилган МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг биринчи раиси этиб сайлади. Комиссия таркибига МДҲнинг 7 мамлакатидан 2 нафардан вакил, жумладан, Ўзбекистондан – Омбудсман ва Инсон ҳуқуқлари миллий маркази вакиллари киради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2019 йилдан бошлаб Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум муваффақиятли амалга оширилмоқда. Меморандум доирасида томонлар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маълумот алмашиш, инсон ҳуқуқларига оид тадбирларни ўтказиш ва уларда иштирок этиш масалаларида фаол ҳамкорлик қилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида Россия вакилларининг иштироки яхши анъанага айланган. Пандемия даврида икки мамлакат инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларининг ўзаро ҳамкорлиги туфайли фуқароларни ватанига қайтариш ва уларнинг ҳужжатларини тиклашда ёрдам кўрсатилди. Муваффақиятли ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ, Татьяна Николаевна биринчилардан бўлиб Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги юксак мукофоти – Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган "Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун" кўкрак нишонига сазовор бўлди.
Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажриба, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар ва Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Ҳуқуқий коллоквиум якунида Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькова Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ўтган йил охирида очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти билан яқиндан танишди.
Т. Москалькова “Инсон ҳуқуқлари уйи”га ноёб картина совға қилди. Ўз навбатида, мўътабар меҳмонга инсон ҳуқуқлари бўйича янги нашр этилган китоблар тақдим этилди.
Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази масъул ходимлари, Миллий марказнинг Илмий-маслаҳат кенгаши ва Жамоатчилик кенгаши аъзолари, шунингдек, илмий-академик ҳамжамият ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.07.2025
- Кўришлар: 277
- Чоп этиш