Фан ва инсон ҳуқуқларига бағишланган учрашув
Бутунжаҳон фан куни ҳар йили 10 ноябрда ЮНЕСКО ташаббуси билан нишонланиб, фаннинг тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги муҳим ўрнини ёритишга хизмат қилади. Жорий йилда ушбу халқаро сана “Ишонч, трансформация ва эртага: 2050 йил учун бизга керак бўлган фан” мавзусига бағишланиб, дунё илм-фани олдида турган долзарб вазифаларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этди.
20 ноябрь кунги тадбир ҳам айнан Бутунжаҳон фан ҳафталиги доирасида ўтказилди. Унда Тошкент давлат юридик университетининг жиноий одил судлов йўналиши 2-босқич талабалари учун “Фан ва инсон ҳуқуқлари уйғунлиги: барқарор келажак сари” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Очиқ мулоқот фан ва инсон ҳуқуқларининг долзарб мавзуларга бағишланган илмий-маърифий муҳокама учун муҳим платформа сифатида ёш олимлар ва талабаларни бирлаштирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази таянч докторантлари ҳамда Университет фаол талабалари иштирок этган давра суҳбатида илм-фаннинг жамият ҳаётидаги ўрни, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши, ёш олимларнинг илмий салоҳияти ва инновацион изланишларнинг аҳамияти муҳокама қилинди.
Миллий марказ таянч докторанти Холмуҳаммад Абдурасулов “Инсон ҳуқуқлари таълими соҳасида давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида маъруза қилди. Бунда тингловчиларга инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ривожлантиришда давлат идоралари, таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлик механизмлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Шунингдек, Миллий марказ таянч докторанти Нафиса Осмонованинг “Аёллар ҳуқуқлари ва ижтимоий барқарорлик: фан ва инклюзив тараққиёт ўртасидаги боғлиқлик” мавзусидаги маърузасида гендер тенгликни таъминлашда фан ёндашувларининг ўрни, инклюзив тараққиётнинг аҳамияти ва ижтимоий барқарорликка таъсир этувчи омиллар ҳақида сўз юритилди.
Давра суҳбати давомида ёш тадқиқотчилар илмий фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари, халқаро илмий ҳамкорликнинг янги йўналишлари, ЮНЕСКОнинг 43-сессиясида илгари сурилган ташаббусларнинг миллий амалиётга татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари ва илм-фан тараққиёти масалалари борасидаги тадқиқот хулосалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой бўлди. Учрашув якунида ёш олимлар талабаларнинг мавзу юзасидан берилган қизиқарли саволларига батафсил жавоб қайтарди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Ўзбекча
English
Русский