Қозоғистон делегацияси “Ғалаба боғи”  ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди

13 май куни “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми иштирокчилари – Қозоғистон Республикаси делегацияси вакиллари Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Жорий йил 14 май куни пойтахтимизда бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли халқаро анжуманда Хитой, Ўзбекистон, Қозоғистон билан бир қаторда Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари ҳам иштирок этади.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғоялари, халқимизнинг  бунёдкорлик  салоҳияти  негизида 2020 йили бунёд этилган. Ушбу  бетакрор  мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида халқимизнинг беаёв жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаб, камол топтириш мақсади ўз мужассамини топган.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тимсолида тинчликсеварлик ва инсонпарварликнинг ўзбекона фалсафаси амалда ёрқин намоён бўлган. Халқона тинчликпарвар сиёсатга бундай янгича, бунёдкорона ёндашув, таъбир жоиз бўлса, Янги Ўзбекистоннинг шиддатли ислоҳотларига хос муҳим хусусият ҳамдир.

Меҳмонлар мажмуа ҳудудида яратилган тарихий экспозициялар, мемориал объектлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўзбек халқининг жасорати ва фидойилигини акс эттирувчи лойиҳалар билан яқиндан танишдилар. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортидаги мардонавор меҳнати, уруш туфайли юртимизга эвакуация қилинган минглаб инсонларни бағрикенглик билан қабул қилгани ҳамда ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳам маълумот берилди.

Қозоғистон делегацияси вакиллари “Ғалаба боғи”да яратилган шароитлар, тарихий экспозицияларнинг мазмуни ва мажмуанинг замонавий ечимлар асосида ташкил этилганини юқори баҳолаб, бундай масканлар халқлар ўртасидаги дўстлик ва тарихий хотирани мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech