Ўзбекистон МДҲ ҳудудидаги ҳуқуқий мулоқотда иштирок этади

13 май куни Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 35 йиллигига бағишланган халқаро ҳуқуқий форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов видеомурожаат билан сўзга чиқди.

Тадбирда Ҳамдўстликка аъзо давлатларнинг давлат органлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, илмий ва эксперт доиралари вакиллари иштирок этди.

А. Саидов ўз нутқида МДҲ давлатлари ўртасида ўзаро англашув, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг муҳим механизми сифатида халқаро ҳуқуқий мулоқотнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлади. Ҳамдўстлик ҳудудида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш долзарб эканини қайд этди.

Тадбир иштирокчилари халқаро ҳуқуқнинг барқарор ривожланишни таъминлаш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва адолатнинг умумэътироф этилган тамойилларини илгари суришдаги ўрнига эътибор қаратдилар. Миллий ҳуқуқий тизимларни такомиллаштириш, ҳуқуқий маърифатни ёйиш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини институтционал жиҳатдан мустаҳкамлаш борасида тажриба алмашиш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Форум МДҲ доирасида кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш билан боғлиқ долзарб ҳуқуқий масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги замонавий муаммоларни ҳал этиш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech