“ТОШКЕНТ ТАШАББУСИ”: пойтахтимизда бўлиб ўтган “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича 2026 йил форумининг якуний ҳужжати шундай номланди

14 май куни Тошкент шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича 2026 йил форуми бўлиб ўтди. Форум Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси (CFHRD) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.

Форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётни биргаликда илгари суриш” мавзусига бағишланади. Унда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлари, давлат идоралари намояндалари, илмий ва ишбилармон доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари – жами 100 нафар миллий ва хорижий иштирокчи қатнашди.

Форум аввалида қайд этилганидек, ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш бутун инсониятнинг умумий мақсадидир. Хитой ва Марказий Осиёнинг бешта давлати ривожланаётган мамлакатлар бўлиб, тараққиётга биргаликда кўмаклашиш ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида кенг муштарак қарашларга эга.

Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов, "Марказий Осиё - Хитой" формати котибияти бош котиби ўринбосари Самади Шохин, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Алуа Надиркулова ўзларининг кириш сўзларида Форум фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Сўзга чиққанлар, жумладан, “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форуми БМТнинг Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллиги ва Глобал ривожланиш ташаббусининг 5 йиллиги нишонланётган 2026 йилда ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эгалигига эътибор қаратдилар. Янада аҳамиятлиси, Тошкент Форуми айнан «Хитой — Марказий Осиё» ҳамкорлиги сифат жиҳатидан юксак ривожланиш босқичига кўтарилган муҳим даврга тўғри келгани алоҳида диққатга лойиқдир.

Форумнинг ялпи мажлисида инсон ҳуқуқлари соҳасида Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Мавзу юзасидан олти давлат етакчи экспертларининг маърузалари тингланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Халқаро ҳуқуқ институти директори Лю Хуавэнь, Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўлими мудири Виктор Тихонов, Қирғизистон Республикаси Омбудсман (Акиятчи) институтининг ёпиқ муассасаларга профилактик ташрифлар ўтказиш бўлими мудири Эмилбек Ажибеков, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Пекин политехника университети гуманитар ва ижтимоий фанлар бўйича илмий кенгаш раҳбари, Хитой фан ва технологиялар соҳасида инсон ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Ци Яньпин, Тожикистон Республикаси Президенти Ижро этувчи аппарати Инсон ҳуқуқлари кафолатлари бошқармаси бош мутахассиси Парвиз Олимзода, Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти катта илмий ходими Довлат Аманмирадов, Ухан университети юридик факультети декани, Хитой экологик ҳуқуқ илмий-тадқиқот институти директори Цинь Тяньбао сўзга чиқди.

Шундан сўнг муҳокамалар учта панел сессиясида давом эттирилди. Бунда ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, экологияни муҳофаза қилиш, яшил ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ривожига кўмаклашувчи рақамли интеллектуал технологияларни илгари суриш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар Форум мавзуси юзасидан атрофлича фикрлашар экан, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг асосий омиллари сифатида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, рақамли бошқарувни мустаҳкамлаш ва “яшил” тараққиётни жадаллаштириш каби йўналишларга  атрофлича тўхталдилар. Айни  соҳалардаги илғор ғоя ва амалий тажрибалар билан ўртоқлашдилар.

Муҳокамалар якунида "Хитой – Марказий Осиё" инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг Тошкент ташаббуси деб номланган якуний ҳужжати ишлаб чиқилди ва тақдимоти ўтказилди.

Форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми тасдиқланди. Меморандумни иккала ташкилот раҳбарлари Акмал Саидов ва Ли Хункуй имзоладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech