Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

ЖУРНАЛНИНГ ЯНГИ СОНИ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИГА БАҒИШЛАНДИ

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журналининг навбатдаги сони нашрдан чиқди. Журналнинг ушбу сони Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланди.

Журналнинг дастлабки саҳифаларидан атоқли давлат ва жамоат арбоби, сиёсатшунос Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат Шавкати” номли ниҳоятда теран таҳлил билан ёзилган мақоласи ўрин олган. Мақолада Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-фалсафий ва маънавий-маданий мазмуни, ушбу ислоҳотлар ташаббускори ва Янги Ўзбекистон меъмори – Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва инсон қадрини юксалтириш йўлидаги эзгу фаолиятлари ёритилган. Муаллиф эътироф этганидек, “Бундан 6-7 аср илгари бу юртда кўтарилган муаззам байроқ ўз атрофида жаҳонни бирлаштирган, ўзига қаратган эди. Бу, шубҳасиз, буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур қурган қудратли давлатнинг байроғи эди. Орадан қарийб етти аср ўтиб, узоқ йиллар кўздан панада қолган ўша байроқ бугун яна ҳилпирай бошлади. Бу байроқ бугунги Янги Ўзбекистоннинг байроғидир”.

Муаллиф ўзига хос услуб – тарихий мисоллар, сиёсий таҳлил ва ҳаётий кузатувларни бирлаштирган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва истиқболига оид тарихий воқеликларни аҳолининг барча қатламлари учун бирдек тушунарли ва равон тилда баён қилган. Мутолаа жараёнида ўқувчи мамлакат тақдири шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг шахсий масъулияти билан чамбарчас боғлиқ эканини теран англайди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, сенатор Абдусаид Кўчимовнинг “Улуғ неъмат” номли мақоласида эса давлатимиз мустақиллигининг халқимиз учун тарихий аҳамияти, истиқлол берган имкониятлар, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” – деган ғоянинг мазмун-моҳияти, сўнгги ўн йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар самараси таҳлил қилинган. “Истиқлол бизга нима берди?” – деган саволга жавоб берар экан, муаллиф: “Сен – шу тупроқнинг эгасисан... Бу боғ-роғлар сеники... Бу кенгликлар – бу Ватан сеники. Ўз тилингда сўзлайсан, куйлайсан, ўйлайсан. Ота-боболаринг ким бўлганлигини олам аҳлига баралла айта оласан ва бундан фахрланишингга ҳеч ким монелик қила олмайди. Ўз туғинг, мадҳиянг бор... Бу оз нарсами?.. Ана шундай улуғ неъмат, бу Мустақиллик дегани!..” – дея ёзади. Ушбу мақола ўқувчини Ватанни севишга, эркин ҳаётни қадрлашга, ҳамжиҳатликда Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшишга ундайди.

Журналнинг ушбу сони Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишлангани боис айни мавзуга оид бир қатор мақолалар ҳам тақдим этилди. Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган юрист Татьяна Москалькова, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарининг Марказий Осиё бўйича вакили Маҳир Сафарли, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ижрочи директори Ҳади бин Али ал-Ямий, 2017 – 2021 йилларда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси бўлиб ишлаган халқаро эксперт Ҳелена Фрейзер, Қатар давлати Миллий инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси Марям бинт Абдуллоҳ ал-Атийя, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар бўлими бошлиғи Ўткирбек Очилов ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларни имплементация қилиш бўлими бошлиғи Камила Олимованинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 30 йиллиги” рукнида тақдим этган мақолалари ўқувчини беэътибор қолдирмаслигига аминмиз.

Хусусан, Омбудсман Феруза Эшматованинг “Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси йўлида самарали ҳамкорлик” номли мақоласида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасидаги ҳамкорлик натижалари ёритилган. Халқаро шартномаларни амалга ошириш жараёнида ҳар икки институтнинг ваколатлари, ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва халқаро платформалардаги иштироки таҳлил қилинган.

Юридик фанлар доктори Ўткирбек Очиловнинг “Инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотлар ва методология: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тажрибаси” номли мақоласи эса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг ривожланиши ва замонавий методологияси таҳлилига бағишланган. Мақолада Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий кадрлар тайёрлаш ва диссертация тадқиқотларини амалга ошириш ҳолати ёритилган. Миллий марказнинг 30 йиллик тажрибаси асосида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича илмий мактабни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинган.

Шу ўринда 1996 йилда ташкил этилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолияти ҳақида мухтасар тўхталиб ўтсак.

Мамлакатимизда 2016 йилдан бошлаб жамият ҳаётининг барча соҳаларида инсон қадри устуворлиги тамойили асосида амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтларнинг ваколатлари янада кенгайди. Хусусан, 2018 йил 10 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Миллий марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини, миллий маърузалар тайёрланишини, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминловчи давлат органи ҳисобланади. У ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Миллий марказ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади. Шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларнинг фаолиятига инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича кўмаклашади.

Миллий марказ таркибида бугунги кунда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таҳлил ва тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик, таълим ва маърифат, халқаро шартномаларни имплементация қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ноширлик, ахборот-ресурс мультимедиа каби йўналишларга ихтисослашган бўлимлар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Миллий марказда 12.00.13 – “Инсон ҳуқуқлари (юридик фанлар, социология фанлари)” ихтисослиги бўйича илмий кадрлар тайёрланмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида мазкур соҳада юридик фанлар доктори (DSc) ва юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) даражаларини берувчи Илмий кенгаш ташкил этилган.

Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 18 та шартномасидан 11 тасини ратификация қилган ва шундан 7 таси асосий, 4 таси факультатив протокол ҳисобланади. Миллий марказ ташкил топгандан буён БМТнинг тегишли устав ва шартномавий органларига ушбу халқаро шартномаларда белгиланган мажбуриятларнинг мамлакатимизда бажарилиши юзасидан жами 52 та миллий маъруза тақдим этган.

Миллий марказ БМТ тузилмалари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаб келмоқда. Биргина 2025 йилнинг ўзида Миллий марказда 30 та расмий делегация, халқаро ташкилот ва чет эл давлатларининг вакиллари қабул қилиниб, улар билан учрашувлар ташкил этилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Шу билан бир қаторда, Миллий марказ томонидан хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, энг яхши амалиёт ва ахборот, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар алмашиш мақсадида 2025 йилда Венгрия Асосий ҳуқуқлар бўйича вакили, БМТ Тараққиёт дастури, Тараққиёт ва одил судлов халқаро маркази билан ҳамкорлик меморандумлари, 2026 йилда Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси билан Халқаро гуманитар ҳуқуқни илгари суриш бўйича 2026-2027 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси имзоланган.

Миллий марказ мамлакатимиз қонунчилигини такомиллаштиришга ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Қонунларнинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан Конституциявий судга мурожаат йўллаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий экспертиза учун юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш Миллий марказ фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг мурожаатига асосан “Адвокатура тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддаси учинчи қисми бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29, 65 ва 141-моддаларига мувофиқлигини аниқлаш ҳақидаги масала 2026 йил 10 ва 12 июнь кунлари Конституциявий судда кўриб чиқилди.

Миллий марказ томонидан 2025 йилда жами 84 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, 44 та қонун, 14 та Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони, 5 та Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори, 17 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 2 та Вазирлар Маҳкамаси фармойиши, 2 та Олий суд пленуми қарори лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 43 таси юзасидан эътирозлар билан келишилган бўлиб, уларни такомиллаштириш бўйича жами 173 та таклиф билдирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят ижроия, Фуқаролик-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларини такомиллаштириш бўйича таклифлар берилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси Миллий марказ томонидан тайёрланган. Ҳозирда “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегияси лойиҳаси янада такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, Миллий марказ ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида белгиланган вазифалар самарали амалга оширилган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг инсон ҳуқуқлари бўйича билим ва амалий кўникмаларини ошириш мақсадида ҳар йили юртимизнинг барча ҳудудларида ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар ташкил этади. Масалан, 2026 йилнинг 15 июнидан 31 июлига қадар Тошкент шаҳри, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги ички ишлар органларининг барча ҳудудий бўлинмаларида профилактика инспекторлари учун “Халқаро стандартлар ва миллий қонунчилик” мавзусида семинар-тренинглар ўтказилди. Беш мингга яқин профилактика инспекторини қамраб олган ушбу семинар-тренинглар Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Болалар Омбудсмани билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

2024 йил 3 декабрда Миллий марказ таркибида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқлари уйи” Марказий Осиёда ягона инсон ҳуқуқлари соҳасига ихтисослашган ахборот-кутубхона маркази ҳисобланади. Унда соҳага оид минглаб адабиётлар жамланган, тизимлаштирилган ва ушбу манбалардан кенг жамоатчилик фойдаланиши учун барча шарт-шароит яратилган.

Шунингдек, Миллий марказ ҳуқуқий адабиётларни, шу жумладан халқаро шартномалар тўплами, мақолалар тўплами, монография, ўқув-услубий қўлланмаларни нашрга тайёрлаш, халқаро юридик ҳужжатларни ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Нашр этилган китоблар мамлакатимиздаги кутубхоналар, таълим муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотларга беғараз тақдим этилади. Хусусан, Миллий марказда нашр қилинган юридик адабиётлар асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда унинг мамлакатимиздаги барча вилоят, туман ва шаҳарлардаги ахборот-ресурс марказларида “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаклари ташкил этилган. “Конституция ва инсон ҳуқуқлари” бурчаклари Миллий марказда чоп этилган янги адабиётлар ва халқаро ҳамда миллий ташкилотларнинг ҳомийлик асосида етказган китоблари билан мунтазам равишда тўлдириб борилмоқда.

Миллий марказ муассис сифатида “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”, “Ижтимоий фикр. Инсон ҳуқуқлари” илмий журналлари фаолиятини ҳам қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳар икки журнал саҳифаларини ҳуқуқий мавзудаги долзарб илмий мақолалар билан бойитишда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро экспертлардан ушбу журналлар учун махсус илмий мақолалар олишда ва кўплаб ташкилий масалаларда Миллий марказнинг иштироки ҳамда ўрни ниҳоятда салмоқли.

2018 йилдан бери мамлакатимизда ҳар икки йилда бир маротаба анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумларининг асосий ташкилотчиси ҳам Миллий марказдир. Ушбу нуфузли халқаро форум 2018 йилда “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик”, 2020 йилда “Ёшлар – 2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари”, 2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим”, 2024 йилда “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусида ташкил этилган. 2026 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги ва Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларациянинг 40 йиллиги: инсон қадр-қиммати, тенглик ва барқарор ривожланиш йўлида глобал ҳамкорлик” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича V Самарқанд форумини ўтказиш режалаштирилган.

Мухтасар айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази кенг қамровли фаолияти билан мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатини шакллантиришга, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш орқали халқимизни рози қилиб, энг аввало, инсон қадри улуғ бўлган демократик ижтимоий қадриятларни юксалтиришга ўттиз йилдан бери салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда.

Шунингдек, “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг янги сонида “Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон тажрибаси” рукнида берилган таниқли ҳуқуқшунос олим, БМТнинг Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси аъзоси, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган фан арбоби Аслан Абашидзенинг рус тилидаги “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 60 йиллиги!” (“Международным пактам по правам человека – 60 лет!”) номли мақоласи ҳам долзарб мавзуга бағишлангани билан аҳамиятли. Мақолада таъкидланганидек, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт қабул қилинганининг олтмиш йиллиги уларнинг инсон ҳуқуқларини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш универсал тизимидаги ўрнини долзарб масалага айлантиради. Мақолада ушбу халқаро пактлар қабул қилинганидан кейин универсал ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими эволюциясининг айрим жиҳатлари, 1993 йилги Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастури БМТ тизимининг институционал тузилишига кўрсатган таъсир, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлар – Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмита ҳамда Инсон ҳуқуқлари қўмитаси фаолияти билан боғлиқ замонавий тенденциялар ёритилган. Муаллиф барча инсон ҳуқуқларининг бўлинмаслиги принципи ва уларни институционал ҳамда процессуал жиҳатдан “ажратиш” ҳолатлари мавжуд бўлган амалиёт ўртасидаги нисбат муаммосини тадқиқ этган.

Шунингдек, ушбу сонда Б. Юсупов, К. Султонов ҳамда А. Султонова (ҳаммуаллифликда), Қ. Абдураҳмонов ҳамда Х. Чинибаев (ҳаммуаллифликда), З. Арслоновнинг ўзбек тилидаги, Ш. Шарапов, М. Носирова, Т. Обидов, Н. Худайберганованинг инглиз тилидаги, М. Турғунов ҳамда Э. Курбанова (ҳаммуаллифликда), А. Исабаевнинг рус тилидаги мақолалари тақдим этилган.

Маълумот учун: “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” илмий-маърифий журнали Олий аттестация комиссиясининг сиёсий фанлар, ҳуқуқшунослик, фалсафа, тарих, исломшунослик ва социология фанлари бўйича диссертация асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган даврий нашрлар рўйхатига киритилган. 

 

Азизбек РАМАЗОНОВ,

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари

Nashr sanasi 25.09.2026 Ko'rishlar 20
Ulashish