Ҳуқуқий муносабат
Маъмурий қамоқ – бу энг оғир жазолардан бири бўлиб, фуқаронинг шахсий эркинлигини вақтинча чеклаш чораси сифатида қўлланилади. Аммо бу чора барча ҳолатда, ҳамма шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас.
Хўш, қандай ҳолларда маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади?
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Жавоҳир Эшонқулов бу ҳақда қуйидагича тушунтириш берди.
–Маъмурий қамоқ муддати оддий ҳолатда 3 суткадан 15 суткагача, фавқулодда ҳолат тартибида, яъни, Ўзбекистон Республикасида расмий фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлса 30 суткагача қўлланилади. Маъмурий қамоқ оддий ҳолатларда жиноий ишларга оид туман (шаҳар) суди томонидан, фавқулодда ҳолатда ҳарбий комендант ёки ички ишлар органи бошлиғи томонидан қўлланилади.
Бу чора расмий ажрим билан, суд тартибида ёки фавқулодда шароитда ҳам ваколатли шахс томонидан белгиланади.
Маъмурий қамоқ ҳомиладор аёллар, 3 ёшгача фарзанди бор аёллар, 14 ёшгача болани ёлғиз тарбиялаётган шахслар, 18 ёшга тўлмаган шахслар, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бор фуқароларга татбиқ этилмайди. Қонун бу шахсларни шахсий ҳолатлари ва ижтимоий эҳтиёжлари боис жазо чоралари таъсиридан ҳимоя қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА
- Қўшилди: 31.07.2025
- Кўришлар: 226
- Чоп этиш