Оммавий овқатланиш масканларида озиқ-овқат хавфсизлиги: талабчанлик, назорат ва ислоҳотлар

Замонавий ҳаёт шароитида одамлар кўпроқ вақти чеклангани сабабли кўча овқатлари, кафе, ресторан ёки умумий овқатланиш жойларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Бу эса бундай муассасаларда тақдим этилаётган овқатларнинг сифати ва хавфсизлигини энг муҳим масалага айлантирмоқда. Чунки бу жойларда бузилган санитар-гигиеник талаблар натижасида салбий ҳолатлар тўғридан-тўғри инсон саломатлигига хавф туғдиради.

Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги истеъмолчилар ҳуқуқларининг ажралмас қисмидир. Ҳар бир фуқаронинг тоза ва соғлом овқатланишга бўлган ҳаққи бор. Шу боис давлат томонидан ушбу соҳада қатъий назорат ва тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.  

Хусусан, республикамизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида фаолият юритиб келаётган Санэпидқўмита ушбу йўналишдаги асосий назорат органи саналади. 2024 йил давомида амалга оширилган 15 мингдан ортиқ текширувлар давомида 2 мингга яқин умумий овқатланиш масканларида турли хил қоидабузарликлар аниқланган. Улардан 100 дан ортиғи жиддий хавф туғдиргани сабабли вақтинча фаолияти тўхтатилган.  

Кўпчилик муассасаларда сақлаш муддати ўтган маҳсулотлардан фойдаланиш, озиқ-овқат занжири санитария талабларига жавоб бермаслиги, ходимлар тиббий кўрикдан ўтмаслиги каби ҳолатлар қайд этилган. Айниқса, кичик қадоқланмаган маҳсулотларнинг яроқлилик муддатини аниқлашда камчиликлар борлиги аниқланган.  

Ривожланган давлатлар тажрибасига таянсак, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда нафақат назорат, балки тизимнинг очиқлиги, жамоатчилик иштироки ва технологик ёндашувлар муҳим роль ўйнайди.  

Масалан, АҚШда Федерал озиқ-овқат ва дори-дармон хавфсизлиги хизмати (ФДА) томонидан қатъий тартибда назорат қилинади. Ҳар бир овқатланиш масканида санитария баллари очиқ эълон қилинади. Европа Иттифоқида эса озиқ-овқат маҳсулотларига “яшил” ёки “қизил” ёрлиқлар қўйилади, бу истеъмолчи учун очиқ ахборот манбаи ҳисобланади.  

Япония, Германия, Сингапур каби давлатларда ҳар бир ресторан ва ошхонанинг фаолияти устидан жамоатчилик ҳам кузатув олиб боради. Мобил иловалар орқали истеъмолчилар реал вақт режимида ўша жойнинг санитар ҳолати, ходимларнинг сертификацияси ва овқат таркиби ҳақидаги маълумотларни кўришлари мумкин.  

Мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тизимли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президент қарорига асосан Санэпидқўмита ваколатлари кенгайтирилди, замонавий лабораториялар ташкил этилди. Ҳозирда ҳар бир ҳудуддаги риск-гуруҳдаги муассасалар “Risk-ssv.uz”  электрон платформаси орқали баҳоланмоқда.  

Бироқ шунга қарамай, амалиётда айрим муассасалар назоратдан четда қолмоқда. Айрим жойларда текширувлар формалликка айланиб қолган. Шунингдек, таъминотчиларнинг (ёки етказиб берувчиларнинг) мувофиқлик сертификатлари, маҳсулот таркиби, келиб чиқиш манбаи тўғрисида етарли очиқлик йўқлиги ҳам мавжуд асосий муаммо ҳисобланади.  

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу йўналишда қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ:  

– Оммавий овқатланиш муассасаларининг санитария ҳолати очиқ рейтинг асосида эълон қилиниши;  

– “Риск-ссв.уз” базасига жамоатчилик ва истеъмолчилар учун кириш имкониятини яратиш;  

– Мобил илова орқали ҳар бир муассаса ҳақида реал вақт маълумот олиш имконияти;  

– Истеъмолчилар шикоятини тез ва самарали қабул қилиш тизимини жорий этиш;  

– Ходимларнинг тиббий малакаси, гигиена сертификатлари ва муассаса фаолиятининг очиқлигини кафолатлайдиган мажбурий талаблар киритиш.  

Таъкидлаш жоизки, озиқ-овқат хавфсизлиги фақатгина давлат назорати билан эмас, балки истеъмолчи, тадбиркор ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлиги орқали таъминланади. Ҳар бир фуқаро шаффофликни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Оммавий овқатланиш масканлари эса ўз навбатида сифатлилик ва хавфсизлик мезонларига жавоб бериши, ишончли муҳит яратиши шарт. Шундагина, соғлом авлод ва хавфсиз келажак барпо этилади.  

Мафтуна Саидова,  

Санэпидқўмита ахборот хизмати раҳбари. 

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech