Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: йўқотилган қалбни излаб...

Германиялик сиёсий шарҳловчи, “Berliner Zeitung” нашри Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбати

Бундан бир муддат олдин Германиянинг нуфузли “Berliner Zeitung” нашри сиёсий шарҳловчиси, нашр Геосиёсат бўлими раҳбари Томас Фасбендернинг сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов билан суҳбатини эълон қилганди.

Мамлакатимизнинг яқин ўтмиши, бугуни, келажаги ва минтақадаги сиёсий эврилишлар тўғрисида мулоҳаза юритилган “Ўзбекистондан “Янги Ўзбекистон”гача: Йўқотилган қалбни излаб...” сарлавҳали ушбу мақола ўз вақтида ўзбек тилига ўгирилиб, эълон қилинганди. Мазмун-моҳияти, кўтарилган масалаларнинг долзарблиги, қолаверса, Президентимизнинг сиёсий иродаси, халқпарвар ва миллатпарвар сиёсати, шунингдек, минтақа миқёсидаги ташаббуслари ва ёрқин натижалари асосли фактлар, далиллар орқали равон тилда шарҳлангани учун ҳам айни суҳбат ҳеч маҳал ўз долзарблигини йўқотмайди деб ўйлаймиз.

Шу боис, бугун ўқувчиларимизга икки сиёсатшунос ўртасида кечган мусоҳабани улашишни лозим топдик.

— Жаноб Рафиқов, менда Ўзбекистон ҳақида нимадир ёзиш, бу юртда кечаётган жараёнларни теранроқ англаш иштиёқи туғилганига анча бўлган. Евроосиёда жой­лашган бу мамлакатни нафақат геосиёсий, балки цивилизацион нуқтаи назардан ҳам қитъанинг маркази дейишга асослар бор.

Менимча, олис ўтмишда ушбу замин­да пайдо бўлган икки буюк юксалиш — Ислом уйғониш даври ва Темурийлар ре­нессанси улашган маданият ва илм-фан нафақат Шарқ халқлари ёки ислом олами, балки инсоният тарихи учун ҳам ўта му­ҳим эди. Аммо қудратли империялар ва тамаддунларга бешик бўлган замин бир неча асрлар давомида ижтимоий-сиёсий парокандалик гирдобида қолди ва ҳатто мустамлакачилик азобларини ҳам тотиб кўрди...

Ҳозир сиздан сўрамоқчи бўлганим олис ўтмиш ҳақида эмас, балки бу ўлканинг бугуни, мамлакат ва жамиятнинг муста­қилликдан кейин ҳам ўзини ўнглаб олиши қийин кечгани, сиёсий элита зеҳнияти, айниқса, жамият тафаккурида совет дав­ридагидан-да хавотирли турғунлик ҳукм сургани ҳақида бўлади.

Хўш, нега шундай бўлди? Мамлакат эгаменликка эришгач ҳам қарийб чорак аср, то биз суҳбатлашиб ўтирган бугунги кунларгача эски мафкуравий тутумларга “содиқ” қолди.

Билишимча, жамият ҳам, сиёсий элита ҳам ўз “кимлиги”ни концептуал жиҳатдан англаб олиши, янгилаши учун ҳалигача иккиланишларга дуч келаётгандай. Бу­нинг сабаблари, қолаверса, мустақиллик туйғуси, умумий миллий кимлик, бу бора­да халқ билан давлат орасидаги муноса­батлар “озодлик тонги”дан кейин қандай кечгани ҳақида сўрамоқчиман.

Яна бир мулоҳаза, муайян мақоми ва барча сиёсий атрибутлари бор Ўзбекистон Республикаси ёнига нега мустақилликдан чорак асрдан кўп вақт ўтгач, “янги” си­фатловчиси қўшиб ишлатиладиган бўлди? Бунга қандай зарурат бор эди?

— Кўтарилган масалага бир оғиз сўз би­лан жавоб бериш қийин. Чунки мавзу му­раккаб: янги дунё олимларини энг кўп ўй­лантираётган, турли мунозараларга сабаб бўлаётган, характерига кўра ўта зиддиятли дискурс — метрополиялар ва мустамлакалар мавзуси.

Гарчи ёқимсиз бўлса-да, ҳақиқат шуки, Жануб билан Шимолни, Ғарб билан Шарқни боғловчи нуқтада жойлашган улкан минтақа узоқ йиллар “чет ўлка”, (таассуфки, бугун ҳам шундай ўйлайдиганлар бор) сифатида таснифланди. Аммо у бундай таърифга ло­йиқмиди? Албатта, бу алоҳида масала. Ҳозир саволингиздан чалғимайлик. Аниқ эсимда йўқ: кимдир “Инсоният тарихи урушлар та­рихидир”, деганди. Бу жумла мени нафақат чиройли қурилиши, балки мазмундор поэти­каси билан ҳам жуда мутаассир этади. Ундан келиб чиқадиган фикр эса тушунарли: гарчи урушлар, босқинлар тарихнинг бир бўлаги экан, демак, ҳукмронлар ва мазлумлар доим бўлади... Ҳали айтганимдек, жуда кўп олим­лар тарихнинг мана шу қисми борасида бош қотиришган, изланишлар қилишган. Шулар­дан бири постколониал тадқиқотлар асосчи­си ва назариётчиларидан бири, келиб чиқиши фаластинлик (араб христиани) бўлган амери­калик олим, Колумбия университети профес­сори Эдвард Вади Саид эди. У ўзининг энг машҳур асари “Ориентализм”га Маркснинг “Луи Бонапартнинг ўн саккизинчи брумери” асаридан иқтибос келтиради — “Улар ўзла­рини ифода этолмайдилар, уларни бошқалар танитиши керак”. Ориентализм талабларига кўра, Шарқ ўзи ҳақида ўзи гапира олмайди, ўзини ўзи танита олмайди, тақдим эта ол­майди, балки бошқаларнинг ўзи ҳақида гапи­ришларига, тақдимига, демак, Европа фани кўмагига муҳтож...

“Ориентализм Шарқни қайта талқин қилиб, Европага таништириш йўлида қўл­ланилган қўшиб олувчи, ўзлаштирувчи фан тармоғи экан, Шарқнинг ҳукмрон Европа то­монидан эгалланиб, ўзлаштирилиш жараёни дунё амалий сиёсатида унга ўхшаш бошқа бир тармоқ эди. Бу ўринда Шарқ Ғарбнинг мажозий маънодаги суҳбатдошига эмас, унинг ёнида чурқ этмай турувчи “ўзга”га ай­ланди”, дея тушунтиради Саид. Кенг маъно­да гап колониал ва постколониал давр ҳақида кетар экан, айни тадқиқот бизнинг жамия­тимиз, бугунгача бўлган ижтимоий-сиёсий кечмишимизни баҳоли қудрат ифода этишга арзийди, десак янглишмаган бўламиз.

Евроосиёнинг марказида жойлашган минтақамиз, гарчи Саид тилга олган глобал Ғарб ва Шарқ, айниқса, араб шарқидек мав­зунинг марказида бўлмаса-да, мазмун-эъти­борига кўра, хийла “ориенталлашган” эди. Чунки ўлкамиз бир ярим аср давомида икки бор мустамлакачиликни бошидан кечирди... Қолаверса, бугунгача бизнинг номимиздан ҳам гапирдилар, кимлардир бизни атрофга таништирди. Биз ҳам узоқ йиллар ҳукмрон кучлар олдида “чурқ этмай ўтирувчи” “ўзга”­га айландик...

Энди саволингизнинг биринчи қисмига тўхталсак. Нега бундай бўлди?

Бунинг ўзига яраша объектив ва субъектив сабаблари бор. Эҳтимолки, айни шу асослар­га кўра ҳам аксар тадқиқотчилар минтақамиз, хусусан, Ўзбекистонда ҳали-ҳамон миллий давлат ва миллат қуриш жараёнлари давом этаётганини уқтиришади ва бу фикрнинг ке­лишса бўладиган жиҳатлари ҳам йўқ эмас.

Моҳиятан ўтган асрнинг биринчи ярмида шакллантирилган сиёсий ўзбек миллати кеч­миш даврда тарихи, маданияти, тили ва ўз­ликни белгиловчи бошқа кодларга эга миллат сифатида жаҳонга тақдим этилган бўлса-да, колониал чегараларини синдиролмади ва бу полисемантик мазмунга эга эди: жумладан, совет мафкураси миллий республикалардаги “ўзлик”нинг барча сифатларини “умум ово­зи”га бўйсундиришга ҳаракат қилди. Собиқ иттифоқнинг энг гуллаган 70-80-йилларида ҳадди аълосига етган “совет кишиси” кон­цепцияси Марказий Осиёда пайдо бўлган миллий жамиятларни совет космополитиз­мининг гибрид-дурагай ўзанига чуқурроқ киритди.

Сиз тўғри англаганингиздек, биз мус­тақилликдан кейинги деярли йигирма беш йилда ҳам ушбу концепция таъсиридан чи­қиб кета олмадик. Нега? Чунки совет замо­нининг сўнггида юз берган “қайта қуриш” ва мустақилликнинг 90-йилларида ҳам давом этган ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни дав­лат жиддий хавф, дея қабул қилди (ҳолбуки, ўша йилларда пайдо бўлган ижтимоий муҳит сиёсий ва этник мансубликларни қайта идрок этишга ундаган эди) ва миллий, диний ҳамда сиёсий кайфиятларнинг барча кўринишини сиқувга олди. Давлат ижтимоий-мафкуравий секторда худди иттифоқ замонларидагидек қаттиққўл ва ягона ўйинчига айланди. Битта фарқи, у мафкурасиз эди, холос. Айнан ўша 90-йилларнинг бошида воз кечилган комму­нистик мафкура диктати ўрнини ҳар қандай янги ғоя ва фикр фобияси эгаллаб олди.

Жамиятда дин, миллий ўзлик ва энг асосийси, тарихга бўлган янгича, очиқроқ айтганда, ҳадиксираб қараш совет консер­ватизми концепциясидан-да дурагайроқ ту­шунчани шакллантирди. Унинг энг қўпол шакли жамиятнинг на туркий, на исломий мансубликка алоқадор эканини ўжарларча чеклашда кўринди.

Аҳолисининг деярли 90 фоизини этник туркий қавм — ўзбеклар ва ислом эътиқо­дига амал қилувчи мусулмонлар ташкил қи­ладиган минтақанинг энг катта мамлакатида КИМлик турли ғоялар (масалан, Ўзбекистон — келажаги буюк давлат)ни амалга оширув­чи ватандошлар сиймосини яратишда акс эта бошлади.

Аммо бу ғоялар коммунистик утопияларга мослиги, ҳаётдан узоқлиги ва ҳам этник, ҳам мафкуравий нуқтаи назардан ноҳаётийлиги учун жамиятга сингиб кетмади. Одамларда ушбу ижтимоий-сиёсий ҳаракатга шубҳа ва ишончсизлик билан қараш кайфиятини уй­ғотди.

Мустақилликдан кейинги миллий давлат ва миллий жамият барпо этишнинг бундай ўзига хос муҳофазакор йўли нафақат ички сиёсий мувозанат, балки ташқи, хусусан, минтақавий сиёсат траекториясида ҳам терс бурилишга, ўз қобиғига ўралашиб қолишга олиб келди. Биз бир давлат ва миллий жа­мият ўлароқ, ён қўшниларимиздан ажралиб қолдик. Иқтисодиёт ва ижтимоий сиёсатдаги протекционизм ва ҳаммага бирдай ётсираб қараш фалсафаси бизни жисмонан яккалаб қўйди, муайян маънода заифлаштирди ҳам. Яқин тарихимиздаги қўшниларимизга қар­ши юритган сиёсатимиз бизда миллий дав­лат ва миллат қуриш жараёнларини ортга суриб юборди. Чунки бир тирик организм ҳисобланмиш минтақа ҳаёти ўзгараётган бир паллада янгиланишлардан ўзни четга олиш давлатнинг колониализм мафкурасига мо­йиллигини кўрсатиб берди.

Хуллас, мустақилликнинг ўтган 25 йиллик даврида миллий давлат ва миллат қуриш иш­ларига жиддий қаралмади. Айни шу сабаб­ларга кўра, аксар таҳлилчилар Ўзбекистонда ўтиш даври амалга ошган 2016 йиллар сўнг­гида “...Мирзиёевга оғир сиёсий ва иқтисо­дий мерос қолди”, деган фикрга келганлари­да мутлақо ҳақ эдилар...

Энг афсусланарлиси, сиз айтгандек, гео­сиёсий нуқтаи назардан муҳим нуқта — Ев­роосиёнинг марказида жойлашган минта­қанинг энг йирик ва барча жиҳатдан таъсир кучига эга мамлакати муайян маънода ёпиқ ва дунёдан узилган давлатга айланиб қолди.

Миллий давлат ва миллат қурилишининг советча концепциясида қолиб кетишга ун­даган ортодоксал майл нафақат ички, балки минтақавий якдилликка ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, бу минтақада этник миллатчиликни “илҳомлантириб”, янги таш­кил топган республикаларни бир-биридан бе­гоналаштиришга хизмат қилди...

— Сиз ҳозир мустақилликдан кейин минтақа давлатлари ўртасида яқинла­шишдан кўра, парадоксал бир ҳолат — бир-биридан бегоналашиш бошланди, деяпсиз, мен тўғри тушундимми?

— Ҳа, тақрибан шундай. Ўтган аср боши­да бўлиб ташланган яхлит бир минтақа — Туркистон халқлари озодликка эришгач, турли тушунмовчиликларга дуч келишди. Баъзан хафагарчилик ва норозиликлар қонли можароларга ҳам айланиб кетди.

Ўзаро низоларга олиб келган бу омиллар чегаралар, сув, этник салмоқ талашувлари ту­файли юз берди. Булардан ҳам ёмони қўшни давлатлар миллий мафкура деб ҳисоблаётган нарсаларнинг сиёсийлаштирилганида кўзга ташланди. Унга кўра, тарих ҳам, минтақа­нинг маданий мероси ҳам мутлақо монопол­лаштирилди. Кимдир истеҳзо аралаш айтга­нидай, минтақанинг тарихи, маданий мероси ўзаро нафрат тилига айланиб қолди...

Афсусланарлиси, бугун минтақадаги беш давлатда тарих фанининг беш хил, баъзи ўринларда бир-бирига мутлақо тескари вер­сиялари ўқитилмоқда. Ҳолбуки, уларнинг ўтмиши бир эди. Айтмоқчиманки, узоқ вақт минтақа жамиятларида миллий давлат ва миллат қурилиши жараёнлари айнан совет усулига мос — бир-бирини инкор этиш, ўча­кишиш йўлида кечди...

Мавзудан чалғиб кетдик, назаримда. Биз кимликлар, мафкура ва миллий тафаккур ҳақида гаплашаётган эдик. Тушунишимча, кимлик (идентитет)нинг асосини тил, мада­ният, тарих, тарихий хотира ташкил қилади. Табиийки, дин ҳам бу борада муҳим ўрин тутади. Умумий маънода қараганда, мафку­равий вакуум жамият учун ҳам, давлат учун ҳам хатарлидир. Мустақилликнинг илк йил­лари бизда индивидуализм аломатлари пай­до бўла бошлаган эди. Яъни давлат билан жамият ўртасидаги ижтимоий муносабатда узилиш кузатилгандай бўлди. Яшаш ва кун кўриш ташвиши кўпроқ индивиднинг зим­масига туша бошлади. Кундалик турмуш­даги маиший догмалар ўз тусини йўқотиб, давлат асосий “боқувчи”лик мақомидан узоқлашди.

Шундай бир пайтда одамга эриш туюла­диган советча “тенглик концепти” барҳам топиб, тирикчилик ҳар кимнинг қобилиятига боғлиқ бўлиб қолди. Анъаналарга эътибор ку­чайди. Тил, ўзлик, тарих, миллий қадриятлар ҳақида кўп гапирила бошланди. Аслида, шу­ларнинг ўзи ҳам қайсидир маънода мафкура эди. Яъни социумнинг ўзи ўзи учун яратган мафкураси. Таассуфлар бўлсинки, жамиятдан чиққан ушбу ташаббус — иқтисодий либера­лизм ҳам, индивидуализм ва традиционализм ҳам илиқ кутиб олинмади ёки қайта ишлан­мади, инкор этилди; ҳали айтганимдай, ўша пайтдаги сиёсий элита бундан чўчиди.

Масалан, ўша йиллари давлат “совет граждани” эканидан ғашланиб ёки шубҳала­ниб, аслини, ўзлигини қидираётган жамият йўлини очиқчасига тўсди. Миллий ўзлик туйғуси, тарих ва анъаналарга қараш миллий хавф сифатида қабул қилинди. Улар ўрнига эски тузумдан қолган гуманистик тўқима ёки совет “макони”дан кўчириб ўтилган қадрият­лар — “халқлар дўстлиги”, “байналмилал­лик”, “кўп миллатли халқ” деган тушунча­ларга зўр берилди.

Албатта, бу ўйланган ва чуқур мантиққа асосланган тадбир эди. Яъни қулаб тушган мафкура харобаларида ўзини излаётган жа­миятни ретрадиционализация — оила қад­риятлари, ўз уруғи, этноси сингари тарихий сарчашмаларга қайтишдан, давлат “радикал миллатчилик” деб ҳисоблаётган хавфдан иҳо­талаб туриш керак эди. Биз тилга олаётган шу қўрқув, афсуски, давлат сиёсатига нафақат муқим ўрнашиб қолди, балки унинг “фазила­ти”га айланиб кетди.

Жамиятга ғалати бир ғоя сингдирила бош­ланди. Унга кўра, биз коммунистик мафку­рани инкор этамиз, кимлигимизни кўрсатиб берувчи этногенез тушунчаси, маданият ва қадриятлар силсиласи ҳам шарт эмас. Тўлиқ консерватор ҳам, либерал ҳам эмасмиз. Би­роқ мавжудмиз, мустақилмиз. Эгаменлиги­мизни кўрсатувчи туғромиз, байроғимиз ва яна нималаримиздир бор...

Яхлит бир жамиятда шундай ғалати, бир-бирини инкор қилувчи симбиоз бўлиши мумкинми? Фавқулодда пайдо бўлган бун­дай дихотомик назарияни тушуниш қийин эди: биз либерал жамият қурмоқчимизми ёки консерватив? Ёки бўлмаса, постсовет давлат сифатида энди совет ўтмиши хоти­ралари билан яшаймизми ё миллийлик сари юзланамизми, ҳозир қайси босқичдамиз, биз ўзи киммиз, минтақада, дунёда тутган мақо­мимиз қандай, атрофдагилар бизни ким деб атагани муҳим? Миллий давлат шакллан­тирамизми, миллат қуриш масаласи нима бўлади?..

Бу жавоби йўқ саволлар жамиятда ҳам, давлат сиёсатида ҳам ўша сиз айтган тушу­никсиз манзара ҳукмрон эканини англатар­ди. Ушбу кўринишлар — иқтисодиётдаги, ички ва ташқи сиёсат, маънавий-мафкуравий ҳаёт ва одамлар турмушидаги мавҳумиятни салбий маънодаги давлат протекционизми “озиқлантириб” турарди.

Ўз қобиғига ўралиб қолиш, мамлакатни барча “таъсирлар”дан ёпиш ёки шундай деб ўйлаш, бугунги глобаллашган дунёда аб­сурд, албатта. Бироқ санаб ўтилган омиллар қуруқ назария ёки элитар “қарич” бўлмай, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётини, унинг табиатини узоқ вақт белгилаб келгани ҳам бор гап. Сиз ишора қилаётган деколониал контексдаги кимлик, анъаналар силсиласи, ўтмиш, этник мансублик ёки миллат, мил­лий давлат тушунчаси ва ҳатто тарихий шахсларга нисбатан қарашларимизни ҳам ҳукмрон режим белгилаб берди. Қанчалик ғалати эшитилмасин, айнан шу қарашлари билан у ўзи инкор этаётган социал мафку­ранинг “йўнилган” муқобилига айланди. Қизиқ парадокс: расман бизда мафкура йўқ, бироқ умуммуҳитнинг ҳар бурчида у қол­дирган изларни кўриш мумкин эди... Шу ва ҳозир ҳисобга олиш назардан кўтарилган бошқа жиҳатлар одамларимиз тафаккури­даги фикрий турғунликнинг асл сабаблари сифатида бир-бирига ўрин бўшатмай келди.

Бизда ҳозир миллат, миллий давлат, мил­лият ҳақида гапираётганларнинг кўпчилиги романтик фикрлайдиган кишилар. Энг қал­тис томони, гапираётган мавзуларимиз биз­да ҳали тузук-қуруқ илмий жиҳатдан тадқиқ ҳам қилинмаган.

Масалан, глобаллашув нуқтаи назаридан, бугунги замонавий дунёда биз миллат деган­да нимани тушунишимиз керак, миллий дав­лат бир этносга тегишли бўлиши керакми ёки турли этнослар йиғиндиси бўлган ватандош­ларнинг қандайдир уюшмасими? Мафкура, давлат расмий мафкураси ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Бизда бу борада аниқ қарашнинг ўзи бўл­маган. Бунинг сабаби эса мустақилликда кечган чорак асрлик даврда ҳам сиёсий мада­ниятнинг шаклланмаганига, тўғрироғи, унга йўл берилмаганига бориб тақалади.

— Айтинг-чи, сиз ҳозиргина алоҳида урғу берган 2016 йилдан кейин мамлакатда, қо­лаверса, минтақада нима ўзгарди? Ўзингиз тилга олган Саиднинг иқтибосидаги “му­те”ликдан чиқиш юз бердими? Кейин сиз аввалги саволимнинг иккинчи қисмини эс­дан чиқаргандек бўлдингиз. Яъни жамият­да ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда ажабтовур эпитет — “Янги Ўзбекистон” калимасининг пайдо бўлишига сабаб нима?

— Дарҳақиқат, бунга ҳам маънавий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан эҳтиёж бор эди. Чунки одамлар ҳам, давлат ҳам энди бу йў­син яшаб бўлмаслигини теран англаётганди. Янги Ўзбекистон сифатловчиси эса шу йўл­да сафарбарлик ёки истиқболдаги янгила­нишларга даъват — ишорадек кун тартибига чиқди.

Бу борадаги мулоҳазаларимни Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида иш бошлаган даврдаги вазият билан давом эт­тирсам тўғри бўлади деб ўйлайман. Чунки асл ҳолат моҳиятни теранроқ очиб беради.

Хўш, ўша пайтдаги аҳвол қандай эди?

Очиқ айтаман, ҳавас қиларлик эмасди. Шавкат Мирзиёевнинг иқтидорга келиши ҳам глобал, ҳам минтақавий ва маҳаллий инқирозлар замонига тўғри келди. Хусусан, АҚШ ҳарбий контингентининг Афғонистон­дан олиб чиқилиши, пандемия, ҳали бата­мом тугамаган жаҳон иқтисодий инқирози, минтақамиздаги ички ва чегараолди миллий низолар, жамиятимизда узоқ йиллар йиғилиб қолган ижтимоий-иқтисодий муаммолар...

Буларнинг барчаси худди атай кутиб тур­гандай, Шавкат Мирзиёев Президент сифа­тида фаолият бошлаган паллага тўғри келди. Масалан, бундан атиги 7-8 йил олдин мин­тақадаги қўшнилар орасидаги муносабатлар қандай бўлганини сиз ҳам яхши биласиз. Шундай бир вақтда Афғонистондаги охири номаълум бўлган воқеалар, албатта, етарли хавотир ва ташвиш уйғотди. Бундан ташқари, минтақанинг лаҳтакларга бўлиниб кетгани Марказий Осиё даражасида якдил фикрлашни қийинлаштирди. Ўша пайтда интеграция ҳа­қида ўйлашдан кўра, қўшнилар ўртасида хоҳ­лаган пайтда чиқиши мумкин бўлган жанжал­ни тусмоллаш ҳақиқатга яқиндек кўринар эди.

Албатта, муносабатлардаги бундай бе­қарорлик атрофдаги ўйинчи катта куч мар­казлари манфаатига мос эди. Яъни ўзаро тотувликнинг йўқлиги минтақани ночорлик ботқоғида тутиб турарди...

— Шу ерда гапингизни бўлсам. Сабаби, сиз айтаётган айни дискурс-мулоҳазани тинглаётиб, хаёлимда бир фикр уйғонди. Халқаро сиёсий адабиётларда “Евроосиё Болқони” деган атама тез-тез учрайди. Бу ерда гап айнан сиз яшаётган минтақа ҳа­қида кетаётганини билсангиз керак?!

— Ҳа, адашмасам, ушбу атамани илк бор З.Бжезинский қўллаган эди. У маш­ҳур асари — “Буюк шахмат тахтаси”да бу ҳақда атрофлича гапирган. Гарчи ушбу те­зис ўз характерига кўра сиёсий писандадек туюлса-да, иддао асоссиз эмас эди. Биздаги вазият ҳам худди Европа Болқонидагидек сиёсий ва этник можаролар, бир-биридан хафагарчилигу турли зиддиятларга тўла эди. Ўзбекистоннинг ён қўшниси Тожикис­тон ёки Қирғизистон билан ўша даврдаги муносабатларини бир эсга олинг: тожик лидери Эмомали Раҳмон деярли йигирма йил Тошкентга қадам босмаганди. Тез-тез сиёсий ўзгаришлар амалга ошиб турадиган яна бир қўшнимиз Қирғизистон билан ало­қаларимиз ҳам бундан пеш эмасди.

Ҳамма билган нарсани яшириб нима қил­дик? Биринчи маъмурият даврида Қирғи­зистоннинг аввалги барча раҳбарлари билан муносабатлар ҳеч қачон самимий бўлмаган. Худди шундай, қозоқ қардошлар билан ҳам кўздан пана зиддиятларимиз йўқ эмасди. Бу кўпроқ минтақа лидерлигига даъво қилиш — “сен зўрми”, “мен зўр” қабилидаги мутлақо зарарли “тортишув” мисолида кўриниб қолар­ди. Шундай кайфият ҳукмронлик қилдики, гўё бирлашиш ҳақида умид қилиш ҳам фойдасиз­дек кўринарди. Шавкат Мирзиёев ана шундай ижтимоий-сиёсий тушкунлик, ишончсизлик даврида Ўзбекистон раҳбари этиб сайланди.

Хўш, шундай пайтда нима қилиш керак эди?

Албатта, вазиятни тўғри баҳолаш, ке­рак бўлса, “отдан тушиш” талаб этиларди. Шавкат Мирзиёев шундай қилди. Қўшнилар ўртасидаги музларни эритиш, улар билан самимий муносабатларни қайта тиклашга киришди. Шу ҳаракатлар самараси ўлароқ, 2018 йилга келиб, Марказий Осиё давлат раҳ­барларининг Маслаҳат кенгаши иш бошлади. Гарчи тузилма ярим институционал бўлса-да, узоқ йиллик танаффус ва ўзаро тушунмов­чиликлардан кейинги бир-бирини англаш, фикрни бир жойга жамлаб олиш учун ўта му­ҳим супа — платформа вазифасини бажарди. Давлатларимиз ўртасида маданий-гуманитар, иқтисодий-сиёсий алоқалар тикланди. Энг муҳими, минтақа ижтимоий-сиёсий ҳаётида юзага келган ижобий муҳит унинг яхлит бир халқаро субъект сифатида барқарор шаклла­нишини таъминлаб берди.

Шу ўринда мен жаноб Бзежинскийнинг башоратлари оқланмади деб бемалол айта оламан. Яна айтишга ҳақлиманки, Шавкат Мирзиёев унинг тушунчасини муайян маъ­нода “таҳрирлади”. Бугун Марказий Осиёда рақобатдан кўра ҳамкорлик, гина кудурату адоватдан кўра дўстлик ва қардошлик кай­фияти ҳукмрон.

Даъвоим асоссиз бўлмаслиги учун оддий бир мисол келтираман. 2024 йил Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини ҳам­мамиз кўрдик. Унда мамлакатимиз атлетлари юксак ғалабаларни қўлга киритди. Қизиқ ва ўз ўрнида одамни хурсанд қиладиган жиҳат шунда эдики, шоҳсупага кўтарилган спорт­чиларимизни қўшни давлатдаги қардошла­римиз ҳам худди биздек олқишлашди. Иж­тимоий тармоқлар “Яшасин қардошларимиз, Марказий Осиё — Туркистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас, биз буюк халқмиз”, де­ган ёзишмаю қутловларга тўлиб кетди.

Албатта, бу минтақа тарихи, бугунги ҳаёти билан қизиқадиган одамлар, мутахас­сислар эътиборидан четда қолмади. Маса­лан, ўша кунлари айни ҳодисага россиялик йирик олим, Марказий Осиё мамлакатлари ижтимоий антропологи ва тадқиқотчиси Сергей Aбашин бундай муносабат билдир­ди: “2024 йилги Олимпиада фавқулодда муҳим воқеага айланди. Гендер ва санъат мавзулари муҳокамаси билан эмас, балки, энг аввало, Марказий Осиё мамлакатлари ва айниқса, 8 та олтин медални қўлга ки­ритиб, 13-ўринни эгаллаган Ўзбекистон спортчиларининг кўрсатган ажойиб на­тижалари билан эсда қоладиган бўлди (эс­латиб ўтмоқчиман, Олимпиада ютуқлари билан бир қаторда, ўзбек шахматчилари ҳам сўнгги йилларда жаҳон рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келяпти). Спорт тилида айтганда, биз Марказий Осиё дав­латлари умумбашарий миқёсда танилаёт­ган ва тан олинаётган муҳим ўйинчиларга айланиб бораётганига ва ўз субъектлигини англаб етаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу дунёда ва собиқ постсовет ҳудудда ҳа­қиқий тарихий силжиш бўлиб, ҳали узоқ давом этадиган ва шубҳасиз, табиий жа­раёндир”.

Сизга маълумот учун яна бир мисолни келтирмоқчиман. Бу қирғизистонлик мута­хассислар ўтказган тадқиқот билан боғлиқ. Унга кўра, Қирғизистонда 2016 йили, яъни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбарлигига келгунига қадар бўлган даврда ўтказилган ижтимоий сўровда иштирокчи-респондент­лар Ўзбекистонни энг нодўст давлатлардан бири деб ҳисоблаган бўлса, орадан атиги бир йил ўтиб, 2017 йилги сўровларда энг яқин дўст мамлакатлардан бири сифатида қайд этишган.

Яна бир статистика: агар 2016 йил охири­да Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасида­ги ўзаро савдо ҳажми 200 миллион доллардан ошмаган бўлса, 2022 йилга келиб, бир неча баробарга ўсди — қўшнилар билан 1 мил­лиард 300 миллион долларлик ташқи савдо амалга оширилди.

Хабарингиз бўлса керак, ўзбек ва қирғиз фуқаролари ўртасида мустақилликдан кейин бир неча бор қонли можаролар юз берди. Улар асосан, сув, чегара ва этник келишмов­чиликлар фонида кечганини яхши эслаймиз. Албатта, бу ўринда мен манфаатдор кучлар ва марказларнинг ҳам таъсирини истисно қилмайман. Кези келганда, бир муҳим фактга тўхталмоқчиман. Ўтган йили Қирғиз Респуб­ликаси раҳбари “Озодлик” радиосига берган интервьюсида бевосита тарихимизнинг ўша қора кунларига ишора қилгандай бўлди. Мана, қаранг, у нималар деганди:

“...Энди энг асосий масалага тўхталсам. Ўзбек томони шундоқ ҳам Ўзбекистонга оқаётган сувни қай усулда олишининг бизга фарқи борми? Қувур орқалими, ариқ ёки ҳаво­данми — аҳамияти йўқ. Муҳими, ҳар бир ҳа­ракат ўзаро келишиб олиниши керак. Бундан буён қирғиз-ўзбек дўстлиги мустаҳкам бўлади. Дўстлик ришталаримизни Худодан бошқа ҳеч ким уза олмайди. Шу боис, Яратган Эгамдан ҳамиша тинч яшашимизни сўрашимиз керак”.

Минтақа давлатлари сиёсий элиталари, қолаверса, оддий одамлар ўртасидаги бундай самимият, қатъий сиёсий ирода қаёқдан пай­до бўлди деб ўйлайсиз?!

Фикримча, шу мухтасар мисоллар ҳам 2016 йилдан кейин минтақада нималар бўл­ганини кўрсатишга етади. Қолаверса, бугун Ўзбекистоннинг бирорта қўшниси билан че­гара бўйича муаммоси йўқ. Ўзбекистон қўш­нилари билан икки томонлама ва турли ту­зилмалар доирасида дўстона муносабатларни йўлга қўйган.

— Аммо бу ташкилотларнинг кўпи анъанавий — масалан, ШҲТ, МДҲ, КХШТга ўхшаш узоқ йиллик ўтмишга эга институтлар эканини ҳам ҳисобга олиш керак. Ўзбекистон бу доираларда бегона эмас эди...

— Сизни тушундим. Агар эътибор бер­сангиз, Ўзбекистон ўтган даврда қатъий фао­лият юритган сиёсий-иқтисодий тузилмалар оталиғи, гарчи ошкор айтилмаса-да, асосан, атрофимиздаги куч марказлари қўлида эди. Уларнинг таъсир пишанглари ҳам, мафкура­вий муддаолари ҳам деярли аниқ сезилиб ту­рарди. Янги даврга келиб эса Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат векторлари ранг-баранглашди. Ҳали сиз билан гаплашганимиз, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат уч­рашувлари, “5+1” деб аталувчи форматдаги платформалар пайдо бўлиши бевосита Ўзбе­кистондаги сиёсатнинг ўзгаргани ҳисобига юз берди, десам ҳақ гапни айтган бўламан. Мин­тақа ташқи сиёсатидаги айни янгиланишлар Марказий Осиё даражасида умумий фикрлаш тажрибаси пайдо бўлишига олиб келди.

Бугун сиёсатчилар ва ҳатто давлатлари­миз раҳбарлари нутқларида тез-тез учраётган минтақавий “ким”лик (идентитет) тушунча­сининг кун тартибига келиши, ўйлайманки, тарихий ҳодисадир. Моҳиятан, бу концепт ўтган асрнинг 20-йилларида жадид бобола­римиз иродаси билан дунёга келган, аммо тез залолатга учраган Туркистон ғоясининг мажозий инъикосидир...

Бундан ташқари, 2019 йили Ўзбекистон­нинг Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо бўлиши ҳам минтақа, қолаверса, таш­килот кун тартибини ўзгартирди, мақомини юксалтирди. Жойи келди, шу ўринда айтишим керак, Ўзбекистон бир асрлик тарихида илк бор ўзининг туркий этносга мансублигини расман эълон қилди. Бу мисол ҳам сиз айтган ўша давлатнинг, жамиятнинг “ким”сизлиги ҳақидаги саволингизга жавоб бўлиши мум­кин.

— Тўғри, минтақанинг векторлар ма­саласидаги сиз санаб ўтган деярли барча қадамлар қўшни давлатлар ўртасидаги илиқликни таъминлашга, қолаверса, ин­теграцион кайфиятни қатъийлаштириш­га хизмат қилади. Аммо бу ерда истисноли ҳолатлар ҳам бор. Масалан, сиз минтақа­вий ёки туркистонча “ким”ликка илҳом­лантирувчи деб атаётган ТДТда Марказий Осиёдаги бешинчи бир давлат — форсий тилли Тожикистон иштирок этмайди...

— Жуда ўринли масалани кўтардингиз.

Дарҳақиқат, бугунгача шундай. Бунга нима сабаблигини ҳам биламиз. Албатта, умумий тарих, маданият бу йўналишда му­ҳим пойдевор эканидан кўз юмиб бўлмайди. Лекин аъзолар яхши англашяптики, бугунги глобал дунёда фаолият истиқболини этник асослар ёки жўн бир миллатчилик атрофи­га қуриб бўлмайди. Энди туркий интегра­циянинг харитадаги жойлашувига назар солсак, туркий дунё ва туркий мамлакатлар Евроосиёнинг ўрта зонасида жойлашганини кўрамиз. Аждодларимиз бутун тарих мобай­нида халқлар ва мамлакатларни бир-бири билан боғлашдек миссияни бажариб келган. Буюк ипак йўли минтақа орқали ўтган, бу ерда пайдо бўлган давлатлар, империялар Ғарбий Европа билан Хитойни, Шимол би­лан Жанубни ўзаро бирлаштириб турган. Ҳеч шубҳасиз, ушбу меросга Тожикистон ҳам бевосита дахлдордир. Тожикистон тил жиҳатдан форсий бўлгани билан умумий та­рих ва маданият нуқтаи назаридан минтақа халқларининг ажралмас бўлагидир. Қола­верса, улар нафақат тарих, балки маданий- маърифий мозаика, қадриятлар силсиласи жиҳатдан ҳам (жумладан, диний мотивлар нуқтаи назаридан) форс тилли Эронга эмас, бизга яқин. Яна агар аъзолик фақат тилга асосланадиган бўлса, бугун ташкилотнинг фаол кузатувчиси венгерлар тили ҳам тур­кий эмас, фин-угор тиллари оиласига ман­сублигини ҳисобга олиш керак бўлади. Хул­лас, менда қандайдир собит ишонч борки, Тожикистон ушбу ташкилотга (ҳеч бўлма­ганда, кузатувчи мақомида) таклиф этилса, айни контекстдаги якдиллик масаласи бус- бутун бўларди. Албатта, бу шахсий фикрим.

— Шундоққина жанубий биқинларин­гиздаги Афғонистон-чи, у ҳам жуғрофий жойлашувига, этник ва маданий компо­нентларига кўра бунга ҳақли эмасми?

— Тўғри, бугунги геосиёсий ўлчамларга кўра, Афғонистон минтақанинг бир қисми. Жуғрофий мансубликдан бўлак, бу ерда катта нуфусли туркий халқлар ҳам яшай­ди. Қолаверса, ушбу мамлакатнинг муайян қисми (бугунги Афғонистоннинг шимо­ли) тарихда Жанубий Туркистон деб ҳам аталган. Шу нуқтаи назардан ва қолаверса, минтақанинг кўп векторли ташқи сиёсати­ни белгилаш учун ҳам жанубдаги бу қўшни давлат жуда муҳим деб ўйлайман. Негаки, ушбу давлат ҳудудини кесиб ўтадиган йўл бизни глобал денгиз бандаргоҳларига олиб чиқади.

Назаримда, минтақа масаласида керагича гапирдим. Энди рухсат берсангиз, бевоси­та мамлакатимиз — Ўзбекистоннинг ижти­моий-сиёсий, маданий-мафкуравий ҳаётида юз берган эврилишларга тўхталсак. Зотан, айни ўзгаришлар сиз менга қайта-қайта эсла­таётган “янги” сифатловчисининг моҳиятини янада теранроқ очиб беради.

Аввало, таъкидлаш керакки, 2016 йилдан кейин Ўзбекистоннинг сиёсий лисони — тили ўзгарди. Бу суҳбат бошида айтганим — ўзлик­ни таниш, кенг маънодаги идентитет-кимлик­ни “қидириш”дан бошланди, назаримда. Бир ўйлаб кўринг, давлатнинг расмий тарзда ўзини ифода этадиган, эгаменлигини тасдиқлайдиган барча рамзлари — байроқ, герб, мадҳия, пул, армия, чегаралари бор, аммо уларга қўшим­ча яна қандайдир нотугаллик ҳам бордай эди. Тасаввур қилинг, ҳамма нарса бор, лекин булар ҳеч нарсани ўзгартирмагандай таассурот уй­ғонади... Бизда худди шундай эди. Бу тушкун кайфият, моҳиятига кўра, бизни Саид назария­си (ориентализм)га яқинлаштириб турарди. Ҳа, англаётганингиздай, Ўзбекистоннинг давлат сифатида миллий “ким”лигидан бўлак ҳамма нарсаси бор эди. Унинг қалби — ўзлиги йўқ эди. У бир асрдан ортиқ вақт нари “суғуриб” олинган қалбини қидираётган, унингсиз ўзи­ни нотугал ва норасо сезаётган эди. Мен гўзал шоиримиз, улуғ жадид, Сталин қатағони қур­бони Абдурауф Фитратнинг бир замонлар “Эй, улуғ Турон, арслонлар ўлкаси, сенга не бўл­ди?..” дея ўтли нидо берганини бугун яхши ту­шунаман: у қалбсиз қолган ватанининг, милла­тининг пойида ҳаммасини тушуниб, юракдан англаб фарёд қилган экан... Ўзлиги, кимлиги, кенг маънода айтганда, қалби суғуриб олинган миллат қарам ёки хослар даврасидаги “ўзга” бўладими, йўқми?! Мен сўзим аввалида Саид ва унинг назарияси — “ориентализм” ҳақида шунинг учун гапирган эдим.

Шахсий қарашларимга кўра, Шавкат Мирзиёев буни аввалдан теран англаган. Не­гаки, у раҳбарликка келибоқ мустақиллик­нинг деярли 26 йили давомида гапирилмаган, ҳатто баъзан тақиқланган мавзуларни ўртага олиб чиқди.

Туркий халқлар бобокалони Билга Хоқон битикларидан сиёсий матнларга иқтибос­лар олинди, минбарлардан гапирилди. Энг ҳайратланарлиси, мафкуравий байрамимиз бўлмиш мустақиллик тантаналарида ёзилга­нидан буён табу урилган “Гўзал Туркистон” шеъри қўшиқ қилиб айтилди. Фитрат жуда кўп тилга олинди. Мустабидлик даврида қа­тағон қилинган юзлаб миллат ойдинлари, жумладан, шу пайтгача бизга “босмачи” деб ўргатиб келинган миллий ҳаракат аъзола­ри Олий суд томонидан оқланди. Тошкент­да жадидлар илмий меросига бағишланган халқаро конференция ташкиллаштирилди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихида илк бор БМТ минбаридан туриб ўзбек тилида нутқ қилди... Мамлакатда ди­ний, сиёсий ва сўз эркинлигига йўл берилди. “Қора рўйхат”лар, энг асосийси, Ўзбекистон­ни дунёга мустақилликдан кейин ҳам эски замонлардагидек кўрсатиб турадиган пахта яккаҳокимлиги, мажбурий, айниқса, болалар меҳнатидан воз кечилди. Бутун дунёга овоза бўлган, сиёсий ва диний маҳбуслар сақлана­диган Қорақалпоғистоннинг “Борса келмас­”идаги “Жаслиқ” ҳибсхонаси ёпилди...

Бу санаганларим ҳақли маънода бугун­ги Ўзбекистонни кечагисидан фарқлашга хизмат қилди. Қолаверса, академик нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, жуда сокин ва ортиқча шов-шувларсиз амалга оширилган айни ҳаракатларни давлат ва жамиятнинг миллий ўзликка интилиши, колониал ва нео­колониал босимлардан қочиш деб шарҳласак, тўғри бўлади.

Мен Шавкат Мирзиёев даврида жамиятни янгилаш, совет тутумларидан воз кечиш жа­раёнларини жадаллаштириш борасида кенг кўламли ишлар қилинди, дея оламан. Келинг, сизга ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган яна бир мисолни келтираман.

Совет замонида барча иттифоқдош рес­публикалар пойтахтлари қатори Тошкент марказида ҳам “бош майдон” бор эди. Ленин майдони деб аталмиш ушбу гўшада қизил до­ҳийнинг муҳташам супага ўрнатилган баланд ҳайкали қад ростлаб турарди. Мустақиллик­дан кейин пролетариат отасининг бронзадан қуйилган сиймоси “йиқитилди”. Майдон эса деярли шундай қолди. Фақат Ленин жой бў­шатган ўша супада энди ер шарининг макети пайдо бўлди. Глобус марказига билинар-би­линмас тортилган ҳошия ичига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилди ва жой номидан Ленин оли­ниб, мустақиллик сўзи қўшиб қўйилди. Шун­дай қилиб, бу жой Мустақиллик майдонига айланди. Англашилишича, озодлигимизнинг мазмуни шу эди, холос...

Янги Ўзбекистонда ушбу масалага жид­дийроқ ёндашилди. Яъни айни гўша инкор қилинмаган ҳолда пойтахт биқинида “Янги Ўзбекистон” боғи бунёд этилди. Ўрни келганда айтай, баъзилар “бизда Мустақиллик майдони бор эди, яна битта шундай мажмуа бўладими?” деган чалкаш тасаввурга борди. Аммо бу хато фикр эди. Айниқса, ғоявий нуқтаи назардан. Мустақиллик майдони, ҳали айтганимдай, со­биқ Ленин майдони ўрнида пайдо бўлганди.

Ҳатто унинг бадиий ландшафтида — ифо­да услубида ҳам кескин миллийлаштирилган ва марказлашган тугал мафкура йўқ эди. Қо­лаверса, у мундарижа нуқтаи назаридан ни­ҳоятда чегараланганди. Аввалига ўша эски супа марказига Ўзбекистон сўзи ёзилган ер шарининг нусхаси ўрнатилди. Бу моҳиятан дунёда шундай бир янги давлат пайдо бўлга­нини англатарди. Қолаверса, камтарона ва се­зиларли ҳадик аралаш бизнинг озодлигимизни англатишга йўналтирилгандек эди, назаримда. Лекин минглаб йиллик тарихга эга буюк мил­латимиз фақат қарамликда яшаган эмас, балки унинг юқорида айтганимиздек, дунё халқлари ҳавас қиладиган шонли ўтмиши, ўлмас қаҳра­монлари, улар кўрсатган мислсиз жасоратлар, буюк ва бетимсол маданияти бор.

Шавкат Мирзиёев мазкур боғни барпо этишни ўйлар экан, айни шу мотивни назарда тутганди. Бугун дунёнинг турли бурчидан келган меҳмонлар, сайёҳлар, сиёсатчию дав­лат раҳбарлари бориб кўрадиган бош майдо­нимизда акс эттирилган тарих нафақат мам­лакатимиз, балки минтақамизнинг умумий ўтмиши, маданиятини ҳам қамрайди, десам адашмаган бўламан.

Аслини олганда, минтақада умумий ким­лик-идентитетни аниқлаш, ушбу мамлакат­ларда яшаётган одамлар ўзига қандай таъриф бераётгани ва кимлигини нималарга асосла­ниб айтаётгани жуда муҳим.

Шу маънода айтганда, бугун нафақат иқ­тисодий-сиёсий, балки маданий-гуманитар соҳаларда кечаётган яқинлашув минг йил­лардан буён қўшни яшаб келаётган халқлар­нинг бир-бирини тушуниши, баҳамжиҳат, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишида муҳим роль ўйнайди. Айниқса, “Янги Ўзбе­кистон” боғи каби глобал лойиҳалар ўз са­мимияти ва ҳаққонийлиги, минтақа халқла­ри эътиборини бир нуқтага жамлаши билан ниҳоятда аҳамиятли бўлиши мумкин. Бун­дай йирик ғоялар биз учун бугун ниҳоятда зарур.

Ўйлайманки, саволларингизнинг ҳеч бири кўздан панада қолмади.

— Раҳмат! Яна бир саволим бор. Ҳам­ма кўриб турибдики, бугун Марказий Осиё атрофидаги геосиёсий вазият ўзгармоқда. Бу минтақада янги акторлар пайдо бўлаёт­ганини ҳам англатади. Табиийки, бу ҳолат икки локомотив давлат — Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ички ҳамда ташқи сиёса­тида муайян ўнғайсизликларни келтириб чиқариши мумкин. Масалан, қайсидир куч иқтисодий манфаатини кўзлаб босим қилса, бошқа бири мафкуравий-сиёсий нуқтаи назардан бу давлатларни геосиёсий объект мақомида ушлаб туришга уринади. Айтинг-чи, Ўзбекистонга шундай босим­лар бўлса, амалдаги ҳукумат — Президент Мирзиёев қайси глобал куч томонида бўли­ши мумкин?

— Жуда қизиқ, Президентимиз худди шу йўсинда саволлар бўлишини билгандек, жой­лардаги маърузаларида бу ҳақда аниқ ва лўн­да тўхталган. Масалан, 2023 йил 22 декабрда Республика Маънавият ва маърифат кенга­шининг йиғилишида Шавкат Миромонович бундай деган эди:

“Бугун жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари мисли кўрилмаган даража­да шиддатли тус олмоқда. Айни вақтда азалий қадриятлар, ижтимоий-сиёсий қа­рашлар тизимида чуқур трансформация жараёнлари юз бермоқда. Илгари ўз мақ­сад ва манфаатларини асосан дипломатия ва сиёсат билан ҳимоя қилиб келган дунё­даги қудратли марказлар энди очиқчаси­га босим ўтказиш, қарама-қаршилик ва тўқнашувлар йўлига ўтганига ҳаммамиз гувоҳмиз”.

Худди ўша йили Сурхондарё вилоятидаги учрашувда сўзлаган нутқида эса сиз сўраган саволнинг айнан ўзига жавоб берган экан. Мана, давлатимиз раҳбари бу ҳақда нималар деган:

“Ҳозир катта-катта давлатлар:

“Ўзбекистон, сен ким тарафда? Бўл­ди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин”, дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб, шунга даъват қиляпти. “Ўрта Осиёда Ўз­бекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бў­лади, ким тарафсан?” деяпти. Қаранг, шун­дай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бера­ман”.

Сиз берган саволга бундан ҳам аниқ ва лўнда жавоб бериш мумкинми?!

— Раҳмат. Тўғриси, суҳбатимиздан катта завқ олдим. Мен қизиққан мамла­кат ҳақида, унинг кечаги ва бугунги ҳаёти ҳамда тарихи ҳақида кўп нарсаларни би­либ олдим. Айниқса, менга “Йўқотилган қалб” ҳақидаги изоҳингиз жуда ёқди. Дар­ҳақиқат, қалбнинг йўқолиши маънавий қа­рамлик, қулликнинг айнан ўзи эканини ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман. Эшитганларим­дан хулоса чиқардимки, бугун Ўзбекистон ўз идентиклигини, ўз “мен”ини ёки сизнинг сўзингиз билан айтганда, ўз “қалб”ини топган. Ўйлайманки, сизнинг фикрларин­гизни тўғри тушундим.

— Ҳа, мутлақо тўғри! Сизга яна бир бор катта раҳмат!

 

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech