Сенат: бандлиги таъминлангани қайд этилган қарийб 2 минг нафар хотин-қиздан 740 нафари амалда ишламаётгани маълум бўлди

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.

2025 йилнинг биринчи чорагида камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларига иш сўраб мурожаат қилганлар вилоятда 6 минг 625 нафар бўлган. Шундан 3 минг 841 нафарини хотин-қизлар ташкил этган. Ушбу хотин-қизларнинг 1 минг 915 нафари ишга жойлаштирилган, 1 минг 265 нафари касбга ўқитишга юборилган, 15 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланган.

Вилоят бўйича 44 бўш иш ўрни ярмаркалари ўтказилган бўлиб, уларда 505 корхона ва ташкилот қатнашган. Ярмаркаларга 2 минг нафардан зиёд фуқаро жалб этилган. Шундан 656 нафари хотин-қизларни ташкил этган. Бу хотин-қизларнинг 143 нафари ишга жойлаштирилган, 191 нафари касбга ўқитишга юборилган, 249 нафарига маслаҳат берилган.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида тижорат банклари томонидан 203,3 минг нафар хотин-қизга 3 триллион 128 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилган.

Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалардан бўлган 139 нафар талаба қизга 1 миллиард 150 миллион сўм контракт тўловлари давлат бюджетидан қоплаб берилган. 

Вилоят бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож 90 нафар хотин-қиз уй билан таъминланган. Шунингдек, 4 минг 861 оилага болалар нафақаси ва 286 оилага моддий ёрдам тайинланган.

Ўрганишлар давомида вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳамда ишга солинмаган имкониятлар мавжудлиги аниқланган.

Бандлиги таъминлангани қайд этилган қарийб 2 минг нафар хотин-қиздан 740 нафари (38,6 фоизи) солиқ органлари маълумотлари базасида тасдиғини топмаган. Яъни, амалда улар ишламаётгани маълум бўлган. Шундан 117 нафари ижтимоий дафтарлар (“Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”)га киритилган хотин-қизларни ташкил этади.

2024-2025 ўқув йилида вилоятдаги олий таълим муассасаларини битирган 1 минг 809 нафар хотин-қиздан 781 нафарининг (43,1 фоиз) бандлиги таъминланмаган.

Вилоят бўйича квотадан фойдаланиш даражаси 24,2 фоиз бўлса-да, Янгиер шаҳрида бу кўрсаткич атиги 2 фоизни ташкил қилган.

Ногиронлиги бўлган шахслар учун 283 иш ўрни банд қилинган бўлиб, Боёвут, Гулистон туманлари ва Янгиер шаҳрида ушбу иш ўринларидан фойдаланилмаган.

Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан ўқитилганларнинг кейинчалик бандлигини таъминлаш бўйича мониторинг олиб борилмаган.

Хотин-қизларни касб-ҳунар, тадбиркорлик ва томорқа хўжалигини юритишга ўқитиш жараёнини ташкил этиш тартибига асосан ўқув дастурларининг ўқув соатлари ўргатиладиган соҳанинг йўналишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши лозим. Бироқ 30 дан зиёд ўқув йўналишларининг барчаси бир хил – 36 соат ҳажмда олиб борилмоқда.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар масъуллари, экспертлар, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари вакиллари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг юқоридаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган қарори қабул қилинди. 

Н.Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech