Сенат: болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш зарур

Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.

Мазкур тадбир Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Ўрганиш ишлари масъул вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан олиб борилди. 

Маълумотларга кўра, 2024 йил давомида Тошкент шаҳрида болаларга нисбатан бир неча маротаба жиноят содир этилиши ҳолатлари қайд этилган. Мазкур жиноятлар орасида қасддан одам ўлдириш, баданга шикаст етказиш, болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш ва безорилик каби жиноят турлари ҳам мавжуд.

Ўрганишлар натижасида болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича мутасадди ташкилотлар ўртасида узвий ҳамкорлик тўлиқ йўлга қўйилмагани, бу борада юритиладиган маълумотлар ўзаро интеграция қилинмагани аниқланди. Бу эса, ўз навбатида, соҳага доир маълумотларни юритишда айрим номувофиқликларни ҳам келтириб чиқарган. 

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида мактаб ёшидаги болалар учун таълим олиш имконияти яратиб берилмагани маълум бўлди.

Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳридаги 22-сонли Меҳрибонлик уйида болалар учун яратилган шароитлар ҳамда болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолияти ўрганилди. Мутасадди ташкилотларнинг болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлари ва лойиҳалари билан танишилди.

Аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли  идораларга кўрсатмалар берилди. Ушбу йўналишдаги ишлар Сенат томонидан назоратга олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech