19 май куни Термизда бошланадиган “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши арафасида «Каталист» консалтинг компанияси раҳбари Муҳаммад Сулаймон ибн Шоҳ ҳозирги шароитда мазкур халқаро форумнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.
Унинг сўзларига кўра, геосиёсий беқарорлик ва таъминот занжиридаги ноаниқлик таъсири тобора сезиларли бўлиб бораётган ҳозирги даврда мазкур тадбир ўзаро боғлиқлик бўйича мавҳум музокараларни аниқ стратегияга айлантириб, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида минтақавий мувофиқлашув учун ноёб майдон бўлиб хизмат қилади.
Шу нуқтаи назардан, Сулаймон ибн Шоҳ ишонч, ўзаро боғлиқлик ва ҳамкорлик минтақавий барқарорликнинг муҳим таркибий қисмлари эканини алоҳида қайд этди. Марказий ва Жанубий Осиё демографик, иқтисодий ва географик жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Мувофиқлаштирилган ҳамкорлик стратегик мустақилликни мустаҳкамлаб, ташқи таъсирлардан ҳимоялайди ва барқарор ўсишга ёрдам беради.
Шу боис, Евроосиё чорраҳасида жойлашган Термизда бўлиб ўтадиган ушбу мулоқот минтақалараро муносабатларни қайта кўриб чиқиш учун аниқ ечимлар ва янги қарашларни илгари суриш имконини беради.
Муҳаммад Сулаймон ибн Шоҳнинг сўзларига кўра, Марказий Осиёда кузатилаётган ижобий тенденциялар, шу жумладан минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро ишончнинг мустаҳкамланиши Жанубий Осиё билан янада яқин ҳамкорлик қилиш учун қулай шароитлар яратди.
— Марказий Осиёда рақобатдан ҳамкорликка ўтилгани Жанубий Осиё билан шерикликни чуқурлаштиришга туртки бермоқда. Бундай бирдамлик ўзаро ишончни мустаҳамлаб, ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлган минтақалараро лойиҳаларни амалга ошириш йўлидаги тўсиқларни камайтирмоқда, – дейди афғонистонлик мутахассис.
Унинг фикрича, Ўзбекистон бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Хусусан, бугунги кунда Тошкент концептуал ишланмаларни амалиётга татбиқ этиб, ушбу жараёнда дипломатик етакчилик ва минтақавий ривожланишга изчил интилаётганини намоён этмоқда.
Муҳаммад Сулаймон ибн Шоҳ Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқлик хусусида гапирар экан, “CASA-1000, “ТАПИ” ва Трансафғон йўлаги каби лойиҳалар инфратузилма объектлари бўлибгина қолмай, минтақадаги ишончни мустаҳкамлаш учун самарали майдон бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Эксперт минтақалараро алоқаларни кучайтиришда Афғонистоннинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди. “Бу мамлакат географик марказ бўлиб, минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича ҳеч бир лойиҳа унинг иштирокисиз муваффақиятли амалга оширила олмайди”, - деди эксперт.
Эслатиб ўтамиз, “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусидаги Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.
Ушду халқаро анжуман Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан 200 нафарга яқин иштирокчиларни бир жойга жамлайди. Улар орасида сиёсий-иқтисодий соҳа, ишбилармон доира вакиллари, молиявий институтлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг мутахассислари, жаҳон таҳлилий ва илмий-тадқиқот марказларининг етакчи экспертлари бор.
ЎзА
- Қўшилди: 19.05.2025
- Кўришлар: 549
- Чоп этиш