Бугунги тезкор, ўзгарувчан дунёда, турфа низо ва глобал инқироз шароитида инсониятнинг умумий маданий меросини асраб-авайлаб, келгуси авлодларга етказиш масаласи ўта долзарб аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, глобаллашув туфайли маданий хилма-хилликка таҳдид кучайиб бораётган бир даврда ЮНЕСКО каби халқаро тузилмаларнинг роли ва масъулияти жуда ортган.
Маданий мулоқот, ўзаро англашувга асосланган халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида жорий йил 30 октябрь-13 ноябрь кунлари ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси илк бор Ўзбекистонда – маданиятлар чорраҳаси, цивилизациялар бешиги ҳисобланмиш Самарқанд шаҳрида ўтказилиши нафақат Ватанимиз, балки бутун минтақа учун муҳим геосиёсий ва маданий воқеликдир.
ЎзА мухбири “Дунёга назар” лойиҳаси учун мазкур нуфузли анжуман олдидан тузилма фаолияти, конференциянинг халқаро миқёсдаги аҳамияти ва тадбирдан кутилаётган натижалар хусусида экспертлар фикрини ёзиб олди.
Мухтор Назиров, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори:

– Минтақамиз минглаб йиллар давомида тарихий Ипак йўли бўйлаб Шарқ ва Ғарбни боғлаган кўприк вазифасини ўтаган ва бугун ҳам маданиятлараро тушуниш, билим алмашиш ва глобал ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Шу маънода Самарқанд ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси мезбони сифатида танланиши чуқур рамзий маънога эга.
Таъкидлаш керак, дунёда турли зиддиятлар юзага чиқаётган бир вақтда Марказий Осиё XXI асрнинг энг муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий маконларидан бирига айланди. Бу ҳудуд география, цивилизация, ресурс нуқтаи назаридан куч марказлари ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон сўнгги йилларда “юмшоқ куч”ни ўз ташқи сиёсатининг муҳим элементи сифатида самарали қўлламоқда. Бу дипломатия ўзаро ҳурмат, қадрият, санъат ва анъаналар алмашинувига асосланади.
2023-2025 йилларда республикамиз тарихий аҳамиятга эга келишувлар, саммитлар ташаббускори ва мезбони сифатида Марказий Осиё сиёсий манзарасини ўзгартиришда муҳим роль ўйнади. Хусусан, қўшни давлатлар ўртасида абадий дўстлик ҳақидаги “Хўжанд декларацияси” имзоланиши ва Самарқандда илк бор Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити ўтказилиши мамлакатнинг Шарқ ва Ғарб ўртасида конструктив воситачилик вазифасини кучайтирди.
Эътиборли жиҳати, мазкур анжуман Самарқандга Ислом дунёси маданий пойтахти мақоми берилган йилига тўғри келди. Бу кўҳна шаҳримизнинг асрлар давомида маданий ва тарихий марказ сифатидаги цивилизацион аҳамиятини янада ёрқинроқ кўрсатади.
ЮНЕСКО қуролли можаролар шароитида маданиятни муҳофаза қилиш ва маданий плюрализмни ривожлантириш стратегиясини такомиллаштирди. Ташкилот маданиятларнинг ўзаро боғлиқлигини, маданий хилма-хиллик инсоният учун куч ҳамда ўзгариш манбаи эканини эътироф этади.
Самарқанд конференцияси маданиятлараро мулоқот соҳасида тажриба алмашиш ва илғор усулларни кенг қўллаш учун ўзига хос имкониятдир. Биз фақат биргаликда ҳаракатланиш орқали инклюзив ва барқарор дунё қуриш йўлидаги умумий чақириқларга жавоб бера оламиз.
Тадбир маданий дипломатия турли дунёқарашлар ўртасида кўприк вазифасини бажара олиши, халқаро можароларни куч ишлатмасдан ҳал қилишда муқобил йўл таклиф этиши ва тинч ҳамда барқарор глобал тартиботни барпо этишга ҳисса қўшишини намоён этади, дейиш мумкин.
Умуман, сессия Самарқандда ўтиши Ўзбекистоннинг маданиятлараро мулоқотни илгари суриш, моддий ва номоддий меросни асраш ҳамда глобал барқарор ривожланиш кун тартибини ривожлантиришда ортиб бораётган ролининг халқаро эътирофидир.
Усмонжон Бўтаев, “Истиқбол” тадқиқот маркази” ННТ раҳбари, сиёсий фанлар доктори, профессор:

– Маълумки, 2023 йил 7-22 ноябрь кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 42-сессияси якунида Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясини 2025 йил Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббуси бир овоздан қўллаб-қувватлангани жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.
Қайд этиш жоиз, ушбу халқаро йиғин ташкилотнинг 80 йиллигига тўғри келмоқда.
Мамлакатимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги таҳлилига эътибор қаратсак, 2017-2023 йилларда миллий маданий меросимизнинг 14 ноёб намунаси тузилма рўйхатидан жой олди. Шунингдек, Бухоро шаҳри “Ижодкор шаҳарлар” тармоғига киритилди. 2023 йил сентябрь ойида ЮНЕСКО Бош қароргоҳида буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги кенг нишонланди.
Ўлкамиз Маданий бойликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро марказга аъзо бўлди. Самарқанддаги Ипак йўли университетида ЮНЕСКО кафедраси очилди. Қолаверса, ўтган йил таълим, маданият, рақамли ва инновацион технологиялар соҳаларида 7 янги лойиҳа амалга оширила бошланди. Турон чўли ва Зарафшон-Қорақум йўлаги, ипакчилик, кулолчилик, рубоб чалиш ва ифторлик анъанаси, “Бухоро амири девонхонаси архиви”, “Туркистон альбоми”, “Худойберган Девонов фотоальбоми” ЮНЕСКОнинг махсус рўйхатларига киритилди.
Шу ўринда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясидан нималар кутиляпти, деган савол туғилиши табиий.
Биринчидан, медиа ҳамда аудиовизуал асарлар яратилиши, маҳсулотлар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эфирга бериб борилиши, ижтимоий тармоққа жойлаштирилиши, хештег ва челленж каби усулларни қўллаш орқали кенг тарғиб қилиниши билан ажралиб туради. Бу жараён юртимизнинг бой маданий меросини тарғиб этиш, Ўзбекистон маданий дипломатиясини халқаро миқёсда янада танитишга хизмат қилади. Зеро, глобаллашув шароитида миллий маданиятни халқаро даражага олиб чиқиш муайян давлатнинг реал суверенитети асосий унсурларидан бири ҳисобланади.
Иккинчидан, 2024 йил 15 мартда “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президентимиз қарорида “Самарқанд – жаҳон тамаддунлари чорраҳасида” китоб-альбомини ўзбек, рус, инглиз ва француз тилларида чоп этиш, почта маркалари ва конвертлар туркумини яратиш, тақвим ва кўргазмали тарғибот воситалари, эсдалик тангалари, кумуш ва олтин тангалар муомалага чиқарилиши белгиланган. Бу бой тарихий меросимизни кенг тарғиб этиш орқали диёримизга сайёҳлик оқимини тезлаштиради.
Учинчидан, 43-сессия доирасидаги тадбирларда 194 давлатдан 5 000 га яқин иштирокчи келиши кутиляпти. Биргина ЮНЕСКО котибиятидан 400 ходим келиши режалаштирилган. Шунингдек, Самарқандда давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, вазирлар ва элчилар жам бўлади. Меҳмонлар учун “Silk Road Samarkand” мажмуасидаги 8 меҳмонхонада 1176, бошқа 130 меҳмонхонада 4178 хона ажратилиб, форум кунлари учун банд қилиб қўйилган. Қолаверса, хорижлик меҳмонлар юртимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан танишиш учун Тошкент, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзда маданий тадбир, экскурсия ва қабулларда қатнашади. Шу маънода сессия мамлакатимиз миллий манфаати учун жуда муҳим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, минтақамизда биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги форум халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этади.
Шоислом Акмалов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти:

– Мустақил ривожланиш йилларида Ўзбекистон чуқур маданий-маънавий ва беназир меросга эгалигини исботлади. Аждодларимиз турли минтақалар ўтмиши залворли бўлишига қўшган ҳисса исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланди, десак муболаға эмас.
Айни воқелик жонажон юртимиз кейинги йилларда глобал даражада прагматик ташқи сиёсат амалга ошираётганининг тасдиғи сифатида Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро майдондаги нуфузини ошириш, давлатлараро ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу билан бирга транспорт, энергетика, савдо ва гуманитар соҳаларда интеграция жараёнини чуқурлаштиришга қаратилган изчил сиёсатни намоён этади.
Қайд этиш жоиз, мазкур халқаро йиғин 1985 йилдан бери илк бор Париждаги ЮНЕСКО Бош қароргоҳидан ташқарида – ўлкамизда ўтказилмоқда. Тузилмага аъзо барча давлатлар ва кўплаб ташкилотлар вакиллари иштирок этиши реажалаштирилаётган анжуман ЮНЕСКОнинг стратегик устувор йўналишларини белгилашда муҳим роль ўйнайди.
Бу воқеа ҳар бир юртдошимизга фахр-ифтихор бағишлайди, албатта. Диёримизнинг халқаро майдондаги мақоми юқорилаб бораётгани, юртимиз бундай оламшумул тадбирлар барча мамлакатлар учун манфаатли бўлишини таъминлай олаётгани, нуфузли тадбирларни юқори савияда ташкил этиш борасидаги салоҳиятимиз, тажрибамиз тобора ортаётгани қувонарли.
Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг очиқ, тинчликпарвар ва ҳамкорликка тайёр давлат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлайди. Шундай нуфузли анжуманларни қабул қилиш орқали мамлакатимиз халқаро ҳамжамият олдидаги масъулиятини теран англаб, глобал муаммоларга ечим топишга салмоқли ҳисса қўшаётганини ҳам тасдиқлайди.
Ўткир Алимов тайёрлади, ЎзА
- Қўшилди: 18.09.2025
- Кўришлар: 45
- Чоп этиш