Сенатда Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан учрашув бўлиб ўтди

2025 йил 29 июль куни Сенат Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили  Татьяна Москалькова билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини, хусусан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий давлатни ривожлантириш ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш соҳасида тажриба алмашишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

С.Сафоев меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини, бу борада парламент ва Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этди. У икки давлат ўртасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги, омбудсманлар институти доирасидаги алоқаларни ва парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш йўналишида амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech