Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Европада фарзанд кўриш қанчага тушади?

Бола туғилиши қувончли воқеа. Фақат фарзанднинг биринчи йили оила бюджети учун сезиларли харажат ҳам олиб келади. Янги тадқиқотга кўра, Европанинг 38 мамлакатида чақалоқ учун зарур буюмларга сарфланадиган маблағ йилига ўртача 4 727 еврони ташкил этади. Испанияда бу кўрсаткич 6 294 евро.

“Remitly” ҳисоб-китобида 2026 йил июль ойи нархи асосида чақалоқ ҳаётининг биринчи йили учун зарур 14 турдаги маҳсулот ўрганилган. Энг кўп харажат кийим-кечакка тўғри келган – ўртача 1 465 евро. Бола озуқаси 1 187, таглик 1 152 евро. Биринчи йил умумий харажат Нидерландияда 6 140, Финляндияда 6 066, Швецияда 6 025 ва Швейцарияда 6 018 еврони ташкил этган. Энг кам харажат Буюк Британияда қайд этилган – 2 813 евро.

Табиийки, маҳсулот нархининг ўзи мамлакатда бола тарбиялаш нечоғли оғирлигини тўкис кўрсата олмайди. Ўртача иш ҳақига нисбатан чақалоқ учун зарур буюмлар кўҳна қитъа бўйича йиллик даромаднинг ўртача 20,9 фоизини ташкил этган. Бу улуш Молдовада 88.8, Бельгияда атиги 5,4 фоизни ташкил қилган. Албания, Туркия, Черногория, Сербия, Босния ва Герцеговина, Португалия ҳамда Венгрияда ота-она ўртача йиллик иш ҳақининг камида учдан бирини чақалоқ учун зарур маҳсулотга сарфлайди.

Дарвоқе, мазкур таҳлилда боғча ёки ясли харажати қамраб олинмаган. Айрим мамлакатларда мактабгача тарбия оила бюджетига янада оғирроқ юк туширади.

Мусулмон Зиё, ЎзА

Nashr sanasi 21.09.2026 Ko'rishlar 39
Ulashish