Қонунчилик палатасининг мажлисида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан муҳокама қилинди.
Лойиҳа ҳақида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев батафсил маълумот берди:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган этиб белгиланган. Мазкур қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда хотин-қизларни реабилитация қилиш марказларига тушиб қолган аёллар ва фарзандлари ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини йўқотганлари учун маъмурий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланмоқда. 2023 йилда 24, 2024 йилда эса 28 нафар шахсга шундай хизматлар кўрсатилган. Реабилитация марказларига келган аксарият фуқароларимиз кам таъминланган оила вакиллари бўлиб, тўловларни амалга оширишда муаммолар юзага келмоқда. Шу боис ҳомийларни жалб этган ҳолда уларнинг паспортларини тиклаб бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг йўқотилган банк пластик картасини тиклаш учун тижорат банкларига мурожаат қилиш юзасидан нотариал тасдиқланган ишончномаларга тенглаштирилган ишончномани тасдиқлаш ҳуқуқи “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига берилиши таклиф этилмоқда.
Яна бир янгилик: лойиҳада аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳудудий марказларига жойлаштирилган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталари), никоҳни қайд этганлик ва туғилганлик тўғрисида такрорий гувоҳномалар берилганда давлат божи ундирилмаслиги белгиланяпти.
Бундан ташқари, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар таркибига тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳам киритилиб, уларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиладиган ишлар белгиланмоқда.

Мунозаралар давомида депутатлар айрим нормалар бўйича ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларининг самарали ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда долзарб экани таъкидланиб, уни иккинчи ўқишда маромига етказиш зарурлиги айтилди. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 23.04.2025
- Кўришлар: 199
- Чоп этиш