11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Ҳар йили 11 ноябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланади. Бу сана меҳнаткашлар манфаатини ҳимоя қилувчи, жамиятда адолат ва ҳамжиҳатлик ғояларини мустаҳкамловчи муҳим ижтимоий институт – касаба уюшмалари фаолиятини эътироф этиш куни сифатида алоҳида аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Бу ғоя фақат сиёсий шиор эмас, балки ҳар бир фуқаронинг меҳнати, ҳуқуқи ва ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган умумхалқ ҳаракати сифатида шаклланмоқда. Айнан шу йўналишда касаба уюшмалари фаолияти муҳим ўрин тутади. Улар меҳнат жамоалари, иш берувчилар ва давлат ўртасида ижтимоий шериклик тамойилига асосланган муносабатларни шакллантириб, ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилади.

Касаба уюшмалари бугунги ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини марказга қўйган сиёсатнинг бевосита ижрочисига айланмоқда. Бу ташкилотлар ҳар бир ходимнинг шахсий муаммоси жамият муаммосига айланиши мумкинлигини чуқур англаб, ижтимоий адолат тамойилини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу боис, 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни нафақат бир соҳа вакилларининг байрами, балки меҳнатга, инсон шаъни ва ижтимоий бирдамликка ҳурмат байрамидир!

Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech