“Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи аҳамияти муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, икки давлат алоқалари ривожида янги давр бошланди ва бу иқтисодий кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топмоқда. Ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард долларни ташкил этди ва яқин йилларда бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Қардош халқлар ҳамкорлиги Марказий Осиёда ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ҳаётни яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.

Шунингдек, йиғилишда “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига болаларни жинсий зўравонликлардан ҳимоялаш, болалар тасвирланган порнографик маҳсулотларни сақлаганлик учун жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш муддатларини аниқ белгиловчи ўзгартириш киритиш белгиланмоқда.
Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, лойиҳанинг муҳимлигини эътироф этдилар. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 29.04.2025
- Кўришлар: 81
- Чоп этиш