Болалар омбудсмани: йўлларда тротуарлар мавжуд эмаслиги болалар ўлимини кўпайтиряпти

Бугунги кунда масъуллар томонидан йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кучайтирилган бўлсада, улар ҳали етарлича эмас.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ва ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти ўртасида болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш йўлидаги истиқболдаги вазифалари юзасидан амалий учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида ЙҲХХ раҳбари Шерзод Ибрагимов томонидан мамлакатимизда «Йўлларда хавфсиз болалик» тамойили асосида соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилиб, бугунги кунда болаларнинг йўлларда хавфсизлигини таъминлаш долзарб масалалари ўзаро муҳокама қилинди.

Болалар омбудсмани таъкидлашича, бугунги кунда масъуллар томонидан йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кучайтирилган бўлсада, улар ҳали етарлича эмас. Бу масала комплекс равишда ҳал этилиши муҳим.

Шу билан бирга, ҳозирда болалар билан содир бўлаётган ЙТҲнинг катта қисми турар-жой ҳудудларида кичик ёшдаги болаларнинг қаровсиз қолдирилаётганлиги ҳамда ота-она назорати бўлмай ўсмир болалар автомашина ҳайдашига йўл қўйилиши оқибатида юз бераётганлиги туфайли маҳаллаларда тарғибот тадбирларини фаоллаштириш, бундай нохуш ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ота-оналар масъулиятини кучайтириш талаб этилади.

Шу ўринда, йўлларда тротуарлар мавжуд эмаслиги ҳам болалар ЙТҲ қурбони бўлаётганлигининг жиддий омили эканлигига эътибор қаратилиб, бунинг олдини олиш учун зарурий чораларини кўриш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш – умумий мақсад эканлигига урғу берилиб, бу йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун: Бугунги кунда «Хавфсиз болалик» доирасида республика ҳудудларидаги мактаблар олдида 425 та светофорлар, 865 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари, 1599 та сунъий нотекисликлар ва 7598 та темир панжаралар ўрнатилди.

Шунингдек, 5150 та мактабда Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш махсус синфхоналари ташкил қилинди ҳамда ўқувчилар учун 42 355 та «хавфсиз йўналиш харитаси» ишлаб чиқилди.

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech