Аслида ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан кўра каттароқ қувонч ва бахт йўқ. Аммо фарзанд тарбияси мураккаб ва масъулиятли вазифа бўлиб, даврнинг энг катта муаммоларидан бири саналади.
Пойтахтимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармаси (UNICEF)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида болаларни зўравонликнинг барча турларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик, бу борада журналистларнинг салоҳиятини ошириш бўйича медиа - тренинг ўз ишини давом эттирмоқда. Тренинг давомида фарзанд тарбияси, унинг нозик нуқталари хусусида сўз борди.

Тренингда мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, дунёда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг атиги 31 фоизигина зўравонликсиз тарбияланмоқда. Бу кўрсаткич жуда паст бўлиб, аксарият болалар ҳанузгача зўравонлик элементлари бўлган тарбия усулларига дуч келяпти. Ўғил болалар асосан жисмоний, қизлар эса мажбурий турмуш ёки жинсий зўравонликдан азият чекади. Энг ёмони ҳар 7 дақиқада 1 бола қурбон бўлади. Шу сабабли ота-оналар ва педагогларни зўравонликсиз таълимни кенгайтиришга ундаш муҳим ҳисобланади.

Демак, ҳар бир оилада соғлом муҳитни қарор топтириш, фарзандлар тарбиясига юмшоқлик, яъни, меҳр-мурувват кўрсатган ҳолда эътибор қаратиш зўравонликнинг ҳар қандай кўринишлари олдини олишга замин ҳозирлайди.
Ўзбекистонда ўтказилган сўров натижаларига кўра, аёлларнинг 40,7 фоизи болаларни уриб тарбиялашни нормал деб ҳисоблайди. Бу кўрсаткич шаҳар аёллари орасида 37,9 фоиз, қишлоқ аёллари орасида эса 43,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Психологларнинг таъкидлашича, бу каби зўравонликлар оқибатида болалик даврида жисмоний жазога дучор бўлган шахслар катта ёшда тажовузкор ёки зўравон хатти-ҳаракатларга мойил бўлишади. 100 тадан 40 та болада руҳий муаммолар — депрессия, безовталик синдроми ва ўзига ишончсизлик ривожланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда қабул қилинган “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан зўравонликнинг барча шакллари тақиқланган.
Мазкур қонунда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга масъул давлат органлари ва ташкилотлар, уларнинг ваколатлари белгилаб берилган.
Медиа-тренингда “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши зўравонлик ҳолатларига муросасиз муносабатда бўлиш ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Тренинг давом этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
- Қўшилди: 30.04.2025
- Кўришлар: 71
- Чоп этиш