Экологик маданият: автотранспортдан чиқинди улоқтиришга жавобгарлик кучайтирилади (+видео)

Шарҳ

Бугунги кунда Ер сайёрасида турли кўринишдаги экологик инқирозлар бутун инсониятни ташвишга солмоқда. Чунки, бир-бирига занжир сингари боғлиқ бўлган экологик муаммолар инсониятнинг саломатлиги ва ҳаётига, иқтисодиёт тармоқларига, озиқ-овқат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, экологик таҳдидлар оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тақозо этади. Яна энг муҳими, бу инсониятнинг экологик маданиятини юксалтириш билан чамбарчас боғлиқдир.

Бу борада Ўзбекистонда ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу йил 15 май куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор табиатни муҳофаза қилиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришда муҳим тарихий ҳужжат бўлди. Қарор билан 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш Концепцияси тасдиқланиб, унда бир қатор муҳим мақсад-вазифалар ўрин олди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Азизбек Акбаров мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини батафсил шарҳлаб берди: 

— “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарорида аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича қатор устувор вазифалар белгилаб берилди. Унда мактабгача таълим соҳасидан бошлаб давлат идоралари вакиллари, аҳолининг барча қатламларининг экологик маданиятини ошириш кўзда тутилмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қарор ижросини таъминлаш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш соҳасида мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, биз экологик маданиятимизни юксалтирмасдан туриб, давлат томонидан экология соҳасида қўйилган марраларга эриша олмаймиз. Япония, Германия каби давлатларда аҳолининг экологик маданияти юксак баҳоланади. Эндиликда бизда ҳам ушбу қарор асосида экологик маданиятни юксалтириш бўйича дастлабки қадамлар ташланмоқда. 

Қарорда давлат идоралари олдида велотураргоҳлар ташкил қилиш, велосипедларда ишга келиб-кетишни рағбатлантириш масаласи ҳам кўзда тутилган. Бу ҳам инсонларнинг экологик маданияти билан боғлиқ бўлган ҳолат. Чунки, транспорт воситасида эмас, табиатга безарар бўлган велосипедда қатнаш маданиятини юксалтириш атроф-муҳит ва атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдори камайишига хизмат қилади.    

Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларда таҳсил олаётган ватандош талабалар ва олимларни бирлаштирувчи “Эколог олимлар ҳамжамияти”ни таъсис этиш белгиланган. Бунда олимлар томонидан оилада, ташкилотларда экологик маданиятни ошириш бўйича илмий изланишлар олиб бориш, бундай олимларни рағбатлантириш ва уларнинг тажрибаларини аҳоли ўртасида оммалаштириш масалалари кўзда тутилмоқда. 

Бундан ташқари, қарорда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам бир қатор вазифалар қўйилган. Яъни, қатор қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга автотранспорт воситаларидан чиқиндиларни улоқтириб кетиш ҳолатлари учун жавобгарликни кучайтириш бўйича ўзгартириш киритиш масаласи алоҳида бандда кўрсатилган. Йўлда чиқиндиларни ирғитиб кетиш жуда хунук ҳолат ва маданиятсизликка киради, албатта.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига фуқароларимизнинг атроф-муҳит ҳақида ишончли маълумотга эга бўлиши учун ягона портал ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди. Бунда масалан, ҳар бир дарахтнинг экилган жойи, вақти ёки ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш бўйича берилган аризалар, кесиш мумкин бўлган дарахтларнинг қаерда жойлашганлиги ёки вазирлик томонидан бирор ҳудуддаги дарахтни кесиш бўйича ариза рад қилингани каби маълумотлар жойлаб борилади. Ёхуд қум-шағал қазиб олишда мораторий шартларини бузган фуқароларни онлайн кўриб туриш имконияти яратилади ва бу каби маълумотлар жамоатчиликка очиқланиб борилади.  

Бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга бўлган мазкур қарор ижросини таъминлаш энг муҳим масала. Иқлим ўзгариши, яқинда пойтахтимизда бўлгани каби чанг бўрони, сув танқислиги ва бошқа-бошқа муаммоларни юмшатишда, албатта, экологик маданият ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шундай экан, ҳужжатда кўзда тутилган мақсад-вазифалар ижросига ҳар биримиз масъулият билан ёндашишимиз, оиладан бошлаб экологик маданиятни шакллантиришимиз лозим.  

Муҳтарама Комилова, Анвар Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech