Энг кўп кутубхона – Фарғона вилоятида
Маълумки, юртимизда миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш ҳамда китобхон ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўз ўрнида, китобхонлар учун қулай шароитларни яратиш мақсадида республикамиз бўйлаб минглаб кутубхоналар қурилиб, капитал таъмирдан чиқарилмоқда.
Хусусан, Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 14 минг 999 та кутубхона фаолият юритмоқда. Уларда 85 миллиондан ортиқ нусхада китоб, журналлар ва турли хил қўлланмалар мавжуд.
Ҳозирга қадар фойдаланувчилар сони эса 12,8 миллион нафар кишини ташкил этмоқда. Уларнинг 31,6 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар, 45,9 фоизини 15-24 ёшдаги ўсмирлар ва 22,6 фоизини 25 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқаролар ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп кутубхона Фарғона вилоятида жойлашган.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида 934 та, Андижонда 1 минг 65 та, Бухорода 764 та, Жиззахда 868 та, Қашқадарёда 1 минг 476 та, Навоийда 489 та, Наманганда 891 та, Самарқандда 1 минг 863 та, Сурхондарёда 1 минг 159 та, Сирдарёда 526 та, Тошкентда 1 минг 467 та, Хоразм вилоятида 688 та ҳамда Тошкент шаҳрида 701 та кутубхона мавжуд.
Кутубхоналар сонига мамлакат ҳудудидаги барча таълим муассасалари кутубхоналари, маҳаллий ҳокимият органларига қарашли ахборот-ресурс марказлари, шунингдек, вазирлик, идора ва улар тасарруфидаги ташкилотларга қарашли барча ахборот-кутубхона марказлари киритилган.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Ўзбекча
English
Русский