Фаластинликлар очликдан азият чекмоқда (+видео)

Исроил ҳарбийларининг айтишича, айрим ҳудудларда эълон қилинган 10 соатлик “тактик танаффус” Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам киришига имкон бераркан.

Ғазодаги фаластинликларнинг фикри эса аксинча. Улар якшанба куни Исроил ва бошқа давлатлар томонидан ҳаводан ташланган ёрдамлар, шунингдек, юк машиналарида олиб келинган озиқ-овқат 2 миллиондан ортиқ одамга умуман етарли эмаслигини айтмоқда.  

– Биз ердан, ҳаводан ёки бошқа жойдан ҳеч қандай ёрдам келганини кўрмадик, -дейди Рафоҳдан кўчиб келган Марям Яҳё. – Йўл бўйида ўтирибмиз, ҳеч нарса олганимиз йўқ, тиланчиларга ўхшаб кутиб кунимиз ўтяпти, бир сиқим ун бўлсаям майли эди. 

Ғазода очарчилик кучайиб кетганидан халқаро хавотирлар ортиб бошлади. Бу ҳақда айрим давлат раҳбарлари муаммони бартараф этиш юзасидан қатъий чоралар кўриш лозимлигини билдиришди. Шу боис Исроил ҳукумати Ғазонинг учта ҳудудида гуманитар ёрдам олиб кириш имконини бериш учун ҳар куни 10 соатлик “тактик танаффус” жорий қилди. Бироқ БМТ масъулларининг таъкидлашича, 10 соатлик танаффус вақтида ҳам етарли даражада гуманитар ёрдам етказишнинг иложи бўлмаяпти. Шунингдек, бу ҳудудда талончилик хавфи сақланиб қолаётганлиги қайд этилган.  

– Биз БМТ Фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлигидан ёрдам олардик. Гуманитар ёрдам бериш ишлари билан улар шуғулланишганида ҳеч қачон муаммо бўлмаган, - дейди Маръям Яҳё. 

– Ёрдам ҳаво орқали етказилмоқда. Баъзилар осмондан тушаётган қутилар болаларнинг устига тушишидан қўрқиб чодирларидан чиқишга қўрқишмоқда, - дейди Ғазо марказига кўчирилган Хон Юнуслик Аҳмад ал-Сумайрий. – Ҳатто ёрдам қутилари одамлар устига тушиб, ҳалок бўлганлар ҳам бор. Вазият ўзгаришсиз қолмоқда: қамал, отишма, озиқ-овқат ва сув йўқ. Улар буни “вақтинчалик оташкесим” деб аташади, лекин биз буни вақтинчалик оташкесим деб ҳисобламаймиз. Ҳамма жойда отишма ва портлашларни кўряпмиз.

Исроил Ғазога келиши мумкин бўлган ёрдам миқдорини чеклаб қўйганини айтмоқда, гўёки шундай қилмаса, шу берилаётган ёрдам эвазига ХАМАС ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаб олиши мумкин экан.  

Қизиқ жиҳати, БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Ғазони деярли уч ой давомида боқиш учун етарли озиқ-овқат борлигини айтмоқда. Шундай бўлишига қарамасдан, ҳудуд аҳолисининг учдан бир қисми бир неча кун давомида умуман овқат емаган ва юз минглаб одамлар очликдан азият чекмоқда.

К. Бекжонов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech