Францияда 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Бу ҳақда мамлакат президенти Эммануэль Макрон “France 2” телеканалининг жонли эфирида айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, агар Европа Иттифоқи бу борада умумий қарор қабул қилмаса, яқин ойларда Францияда ушбу тақиқ жорий этилади.

Бундан ташқари, Макрон интернет дўконлар орқали пичоқ сотиб олинаётганда мижозларнинг ёшини текшириш тизими жорий этилишини маълум қилди. Қайд этилишича, бу жараён порнографик сайтлар учун мавжуд бўлган текширув тизимига ўхшаш бўлади. 

Шунингдек, давлат раҳбари ижтимоий тармоқлар ёшларнинг руҳий саломатлиги ва хавфсизлигига, айниқса, улар босим ва зўравонлик мазмунига кўпроқ мойил бўлган ёшдагилар учун хавф туғдиришини таъкидлади.

– Биз 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлашимиз керак, - деди Франция етакчиси. – Ўсмирлар энди интернет орқали пичоқ сотиб ололмайди. Биз бунга амал қилмаганларга жиддий жазо қўллаймиз.

Хабарда ёзилишича, Франция президенти Ножан-сюр-Мар шаҳрида бир ўқувчининг мактаб ходимасига пичоқ билан қилган ҳужуми туфайли ушбу баёнотни берган. Ўшанда ўқувчи мактаб ходимасига пичоқ билан ташланган ва уни яралаган эди. Сўнг аёл олган жароҳатлари туфайли вафот этганди. 

Ў.Алимов, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech