Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда (+видео)

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий хизматлар сифатини тубдан ошириш ва илғор халқаро тажрибаларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида ташкил этилган эди.

Бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат. Буни амалга ошириш учун давлат томонидан аҳолини манзилли ҳимоя қилишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Албатта бугун ушбу тизим самарадорлиги ва манзиллилиги таъминланиб, ижтимоий ҳимоя маҳалла даражасида ташкил этилмоқда. Оғир аҳволга тушиб қолган кишиларга алоҳида ёндашув асосида ёрдам берилиб, уларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит ва шароит яратилмоқда. 

– Мен ижтимоий ходимни қутқарувчи сифатида биламан. Чунки ҳар қанақа вазиятда ҳам бошқа соҳа вакилларига қараганда оғир ижтимоий вазиятга тушган кишини ижтимоий ходим қутқариб чиқара олади, – дейди Зарафшон шаҳридаги “Янги Зарафшон” маҳалласининг комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходими Норсулув Маҳамматова. – Маҳалламизда турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар кўплиги боис оғирроқ маҳалла ҳисобланади. Ижтимоий ҳимояга тушиш хавфи юқори континентни аниқлашда асосан уйма-уй юриб аниқлаш энг самарали усул, деб ҳисоблайман. Тазйиқ ва зўравонликка учраган фуқарони менга келиб айтишидан кўра, патронаж ҳамширалар ёки бошқа йўналишда эртароқ аниқлаш мумкин. Тазйиқ ва зўравонликдан азият чеккан аёл оиласида мени энг кўп қийнайдигани унинг фарзандлари руҳияти, тушкун ҳолати, депрессияси, стресснинг ўша болаларга нисбатан кўпроқ таъсир қилишидир. “Инсон” марказларидаги психолог ва юристлар хизматининг борлиги уларни юзага келган вазиятлардан чиқариб олишда муҳим роль ўйнайди. Фаолиятим давомида психологлар билан ҳамкорликда болалар билан ишлашим ўзининг ижобий самарасини бермоқда. 

Ҳудудларда ижтимоий ходим иш фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлса-да, ижтимоий хизматлар маҳалла даражасигача туширилиши натижасида ўтган йили Навоий вилоятида соҳага оид 55 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида 23,4 минг нафардан ортиқ шахсга 103 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилди ҳамда уларнинг 6 мингдан ортиғига кейс (ижтимоий иш)лар очилди. Натижада ижтимоий ёрдам бўйича мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан 2 мингтага қисқарган. Бу эса аҳолининг асосий ижтимоий масалалари “Инсон” марказларида, қолаверса, ижтимоий ходимлар томонидан маҳаллаларда ҳал қилинмоқда.

– Бундан икки йил олдин олис Учқудуқ туманида турли соҳаларда фаолият юритганман. Интернет тармоғида янги очилган Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳақидаги маълумотларни кўрдим ва шу тизимда ишлашни ният қилгандим. Суҳбатлардан ўтганимдан кейин Навоий шаҳридаги Бинокор, Лочин ва Янгиобод маҳаллаларида комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходим сифатида фаолият бошладим, – дейди Ғиёсжон Собиров. – Ишимни дастлаб оилавий ётоқхоналар ва ижтимоий уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар билан танишишдан бошладим. Хатлов ўтказиб, аҳолининг муаммоларини ўргандим. Уларни бартараф этиш менинг ҳаёт тарзимга айланди. Фуқарога бир хизмат тури кўрсатилиши жараёнида иккинчи хизмат келиб чиқа бошлади. Фуқароларнинг муаммолари ҳал бўлганлигини кўргач фахр туйғусини ҳис қиламан. Бу бизга  янада куч-қувват беради.

Маҳаллада комплекс ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан 3,7 минг нафар уйида ётган муҳтож шахсларни аниқлаб, зарур ёрдамлар кўрсатилган. Хусусан, 1,4 минг нафар шахсларга ногиронлик гуруҳлари белгиланди, 1,7 минг нафари протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминланди, 498 нафар ногиронлиги бўлган болалар таълимга йўналтирилди, 165 нафари ёлғиз кексалар реестрига киритилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech