Гепатит ҳар 30 сонияда бир кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гепатитни бартараф этиш ва асоратларини камайтиришга доир баёнот билан чиқди.

Ҳар 30 сонияда сайёрамиз бўйича бир бемор оғир жигар хасталиги ёки вирусли гепатит туфайли келиб чиқадиган саратондан вафот этади. Шунга қарамай, бизда бу эпидемияни тўхтатиш учун барча восита ҳамда имкониятлар мавжуд", — дейди ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус.

Қайд этилишича, вирусли гепатитнинг А, В, С, D ва Е турлари — ўткир жигар инфекцияларининг асосий омиллари. Улардан фақат В, С ва D турлари жигар етишмовчилиги ва циррози, жигар саратони хавфини сезиларли даражада оширадиган сурункали касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Бироқ вирусни юқтирган инсонларнинг аксарияти ўз хасталигидан бехабар. Таҳлилларга кўра, ҳозир дунёда гепатитнинг В, С ва D турларига чалинган 300 миллион нафардан ортиқ бемор бор. Ҳар йили улардан 1,3 миллион нафардан зиёди хасталик оқибатида вафот этмоқда.

Шунга қарамай, гепатит бўйича миллий ҳаракат режасига эга мамлакатлар сони 2025 йилда 59 тадан 123 тага кўпайгани ижобий ҳол. Қолаверса, жорий йилда 129 та давлат ҳомиладор аёлларда гепатит B ни текшириш сиёсатини ишлаб чиқди. Бу 2024 йилга солиштирганда 23 та кўп кўрсаткичдир.

Ўз навбатида, 147 давлат (икки йил аввал 138 та эди) янги туғилган чақалоқлар учун гепатит B га қарши эмлашни жорий қилди.

Лекин ҳали муаммолар кўп. Масалан, 2024 йилда гепатитнинг B тури билан оғриган ҳар саккиз одамдан фақат бир нафарига, C тури билан касалланганларнинг эса учдан бир қисмидан сал кўпроғига ташхис қўйилган.

Муолажалар қамрови борасида аҳвол бундан ҳам ёмонроқ: гепатит B га чалинганларнинг атиги 3 фоизи ва гепатит С ни юқтирганларнинг бор-йўғи 20 фоизи зарур даволаниш курсларини олган, холос.

Табиийки, бу рақамлар ЖССТнинг 2025 йилга мўлжалланган глобал мақсадларида кўзда тутилган кўрсаткичлардан анча кам. Яъни диагностика бўйича 60 фоиз, муолажа борасида 50 фоизлик натижа марра сифатида белгиланган.

Ваҳоланки, бу глобал мақсадлар рўёби 2030 йилгача 2,8 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолишга, 9,8 миллион касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2022 йил 16 майдаги тегишли қарорига мувофиқ, шу йил 1 июлга қадар юртимизда 1 миллион 595 минг нафардан зиёд аҳоли гепатитнинг В ва С турларини эрта аниқлашга қаратилган текширувлардан ўтказилиб, касалликнинг С тури тасдиқланган беморларга “Даклатасвир” ва “Софосбувир” дори воситалари бепул берилмоқда.

 

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech