Айни кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалалардан бири – такси ҳайдовчиларининг фақат ўз лицензиясида кўрсатилган ҳудуд ёки унга туташ ҳудудда фаолият юритиши мумкинлиги ҳақидаги қарор бўлмоқда.
Бу масала жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб, ушбу чекловлар фуқароларнинг асосий конституциявий ҳуқуқларига зид эканлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида мамлакатимизда бўлиб турган ҳар бир шахсга мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи кафолатланган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелда қабул қилинган “Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 200-сон қарорида, ташувчиларга мижозларни излаш бўйича хизмат кўрсатувчи агрегаторлар фаолияти учун қўшимча талаб ва шартлар назарда тутилган. Хусусан, хизматларни фақат тегишли лицензия варақасига эга бўлган ташувчиларга кўрсатиш ва буюртмаларни ташувчининг лицензия варақасида кўрсатилган ҳамда унга туташ ҳудудларда қабул қилинишини таъминлаш белгиланган.
Аммо бу талаб Конституция ва бир қатор инсон ҳуқуқларига оид норматив ҳужжатларга мос келмайди. Мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ўзи исталган ҳудудда яшаш, эркин фаолият юритиши кафолатланган.
Муҳокама марказида бўлиб турган вазият “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутати сифатида мени ҳам хавотирга солмоқда.
Барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланиши, ҳудудий чекловлар орқали иқтисодий ва меҳнат фаолиятга тўсиқ қўйилмаслиги керак, деган фикрдаман.
Албатта, жамоат транспортини ривожлантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва шаҳарларда тирбандликларни камайтириш — бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Аммо ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида фақат чеклов чораларини қўллаш ҳар доим ҳам тўғри ёндашув эмас.
Бунда муаммони аниқлаб, уни жамоатчилик билан муҳокама этиш, муаммога самарали ечимларни таклиф қилиш, фуқароларнинг эҳтиёж ва манфаатларини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси барча соҳада бир хил имкониятга эга бўлиши ҳамда ҳудудий чекловлар ўрнатилиши олдини олишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Муҳаммаджон Валиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” социал-демократик партияси аъзоси.
ЎзА
- Қўшилди: 13.06.2025
- Кўришлар: 275
- Чоп этиш